Олимлар носвой таркибида нималарни аниқлашди?

Олимлар носвой таркибида нималарни аниқлашди?

Швециялик олимлар дунёда биринчи бўлиб носвойнинг таркибини аниқлади, дея хабар беради Tengrinews.kz. Қозоғистонда азалдан қўлбола шароитларда тайёрланувчи чайналадиган тамаки – носвой чекилади. Узоқ вақт давомида унинг таркиби ноаниқ бўлиб қолаётганди, тадқиқотлар эса деярли ўтказилмаганди.

Қозоғистон олимлари буни тўғирлашга қарор қилиб, мазкур тамакини тўлиқ таҳлил қилиш ташаббуси билан чиқди. Бироқ Қозоғистонда бундай экспертизани ўтказишга қодир лаборатория топилмади. Шу боис Қарағанда бозорида сотиб олинган носвой намунаси ЖССТ томонидан аккредитация қилинган Стокгольмдаги лабораторияга юборилди.

Тадқиқот натижалари илмий ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотди. Швециялик мутахассислар қозоқ носвойида хром, никель, кадмий, қўрғошин ва маргимуш борлигини аниқлашди. Ушбу моддаларнинг носвойдаги миқдори рухсат этилган меъёрдан ортиқ экани маълум бўлди. Масалан, никель 5,1 баравар, хром 17 баравар, қўрғошин 38 баравар кўп бўлиб чиқди, маргимуш эса чайналадиган тамакида умуман бўлмаслиги керак эди.

Шунингдек, намуналар патоген микробларнинг уруғига тўла экани кузатилган, бу эса санитария меъёрлари ва стерилликка амал қилмаган ҳолда ишлаб чиқарилганидан далолат беради.

«Мен ўзим таҳлилда қатнашдим ва унинг натижаларини катта қизиқиш билан кутдим. Биз тамаки ва тамаки маҳсулотларининг кўп-гуруҳли таҳлил методи бўйича тадқиқот ўтказдик, у намуналарда қолдиқ миқдордаги пестицидларни аниқламади. Бу борадаги иш носвойни тамаки ва бошқа моддаларга ажратишни кўзда тутарди. Агар тамаки ҳақида гапирадиган бўлсак, унда нитрозаминлар, яъни онкологик касалликларни келтириб чиқариши мумкин бўлган канцероген моддалар намуналаримизда белгиланган меъёрдан тўрт баравар ошишини кўрсатди”, – дея изоҳ беради тадқиқотлар ташаббусчиси, доктор Phd Мейрам Раганин. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон носвойида кўп миқдорда яна бир канцероген модда – бензопирен топилган”.

Тадқиқ қилинган намуналардаги нитрит-ионлар миқдори эса меъёрдан 91 баравар кўплиги аниқланди. Шу ўринда нитрит-ионлар нафақат тамакида, балки барча ўсимликларда мавжуд, лекин улар айнан бактериялар билан биргаликда канцероген моддалар ҳосил бўлишига ёрдам беради”, – дейди Раганин. Бундай натижаларни олган тадқиқотчилар Қозоғистонда, бошқа мамлакатлардаги каби, носвойни тақиқлаш мақсадга мувофиқ бўлади, деган фикрга келишди.

Эслатиб ўтамиз, 2014 йил июнида Қозоғистон ички ишлар вазирлиги носвой савдосини тақиқламаслигини билдирган эди. Идоранинг маълумотига кўра, бу носвой гиёҳванд модда деб тан олинмагани билан боғлиқ. “Унда муайян қўшимчалар бўлса-да, у тамаки маҳсулоти ҳисобланади”, – дея изоҳ беради полициячилар.  Бундан олдин Қозоғистондаги тиббий уюшмалар республика ҳудудида носвой ва чайналадиган тамаки сотилишини тақиқлаш тарафдори бўлиб чиққанди. Май ойида улар тегишли сўровнома билан Мажлисга ҳам мурожаат қилишди. Статистика маълумотларига кўра, чекилмайдиган тамаки маҳсулотларини Қозоғистонда аҳолининг 10 фоиздан кўпроғи истеъмол қилади.

Ўзбекистонда ҳам носвой аҳолининг муайян қатлами орасида оммабоп. Шунингдек энди уни россияликлар ҳам чекмоқда.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.