Чироққа “чеклов” – одамга ўйлов
7 ноябрь эрталабки иш куни Чилонзор туманидаги кўпгина офислар ва муассасаларда кўнгилсизликдан бошланди – 8:30 да электр энергияси ўчирилди. Anhor.uz таҳририятининг туман электр тармоқлари авария хизматига қўнғироқ қилиб тушишга бўлган уринишлари ҳам муваффақиятсизликка учради – иккала рақам доимий равишда банд эди.
Чилонзор туман ҳокимлигида таҳриятга бугун жадвал бўйича туманда “чеклов” борлигини, яъни электр энергияси тушлик соат 13:00 гача бўлмаслигини маълум қилишди. “Ўзи нима истайсиз, ҳатто туман ички ишлар бошқармасида ҳам чироқ йўқ”, – деди ҳокимият ходимаси. Шу тариқа, таҳририят ўз иш кунининг ярмини йўқотди.
Электр энергияси ўчирилиши натижасида чорраҳаларда светофорлар ишламаяпти, бу эса авария ҳолатлари юзага келишига сабабчи бўлмоқда.
Экспертларнинг сўзларига кўра, тармоқ хўжалигидаги ускуналар эскирган, кабеллар ва трансформатор киоскалари катта юклама билан ишламоқда. Демак, аҳоли сони ошиши, шаҳар инфратузилмаси ривожланиши, яъни янги қаҳвахоналар, сартарошхоналар ва бошқа хизмат кўрсатиш тузилмалари пайдо бўлиши билан шаҳардаги муҳандислик тармоқлари худди шундай ҳажм ва қувватдаги қўшимчани олмаган.
Янги объектлар мавжуд трансформатор киоскаларига, ичимлик суви ва канализация ҳамда ёритиш тармоқларига уланмоқда. Бунинг устига аҳолида электр ускуналари – кондиционерлар, электр чойнаклар, кир ювиш машиналари ва ҳоказолар сони ҳам кўпайган. Қиш даврида электр тармоғига тушадиган юклама иситиш тизимининг қониқарсиз сифати боис янада ошади – одамлар иситиш жиҳозларини ишлатади, хонадонларини “илиқ пол” тизими билан жиҳозлайди.
Тошкент ИЭСини (Яккасарой тумани) модернизация қилишга уринишлар бир неча йилдан бери амалга ошириляпти, бу вақт ичида бор-йўғи битта газ-турбина қурилмаси ўрнатилди, Тошкент ИЭС (ТошГРЭС)ни модернизация қилиш ҳақида ҳам бир неча йилдан буён гап-сўзлар юрибди, бироқ унинг қачон якунланиши номаълум.
Энергетикларнинг ўзи тан олишича, ҳозирча кўп нарсалар собиқ мамлакатдан қолган меросда ишламоқда.
Эски ток ва ёритиш тармоқларини модернизация қилиш пайти аллақачон етиб келган – ўқувчиларимиз пойтахтнинг фақат марказий кўчалари ва шоҳ кўчалари ёритилишини, бироз четга чиққан ҳайдовчи ёки пиёда қоронғи зимистонда қолишини яхши билади.
Пойтахтнинг энергетика қувватини, унинг магистраль иссиқлик трассалари ва канализациялари ишини жиддий тафтиш қилиш лозим. Бошланган ёмғирлар мавсуми ҳам жала ёмғирлари қуйиладиган канализация йўқлигини кўрсатди. Бу албатта пойтахт учун номуносиб аҳвол.
Аҳоли сони бўйича энг катта ҳисобланган Тошкент шаҳридаги муҳандислик иншоотлари ва тармоқларини истеъмол учун етарли ва ундан ошадиган даражага етказиш зарурати келгани яққол кўзга ташланмоқда.
Акс ҳолда чироқ ўчиши, газ босимининг тушиб кетиши, ёзда совуқ сув босимининг камайиши, қишда эса иссиқликнинг бўлмаслиги каби муаммолар фақат чуқурлашиб бораверади холос.
Буни эса истамасдик, албатта…
Лола Исламова
Шарҳлар