Мухбир қиёфасидаги товламачилар
Шу йилнинг 11 июни. Савлат билан эшикдан кириб келган кимса атрофга разм солар экан, «Дуруст, демак, Когон маиший хизмат касб-ҳунар коллежи…» деди овозини чиқариб. У билан келган ҳамроҳи бу изоҳга тушунмагани учун индамади. Меҳмонларга коллеж директори пешвоз чиқди.
— «Media plyus» газетасининг вилоят мухбирлари бўйича бош координатори Улуғбек Аҳроровман, — ўзини таништирди меҳмон. — Бу киши эса газетамиз мухбири. Бош муҳаррирнинг топшириғи билан «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг жойлардаги ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни газетамиз саҳифаларида ёритиш учун хизмат сафари билан келгандик.
Директор ҳушёр тортди.
— Коллежни бир айланиб, ишларингиз билан танишсак, — деди координатор гап оҳангига расмий тус бериб. — Кутубхона қаерда?
Коллеж кутубхонасига кирган У.Аҳроров китобларни бирма-бир кўздан кечирди.
— Бу нима аҳвол? Китобларга чизилган, Давлат дастури ижросига муносабатларингиз шундайми?
Директор саросимага тушди. Уларни ўз хизмат хонасига таклиф қилиб, бафуржа гаплашмоқчи бўлди.
— Сиз машинага бориб, кутиб туринг, — буюрди ҳамкасбига У.Аҳроров ва директорга эргашиб, унинг хонасига кираркан, баланддан келди. — Кутубхонангиздаги китобларнинг аҳволига қараб бўлмайди. Дастур ижроси қониқарсиз. Буни тегишли идораларга маълум қиламиз, газетада ҳам ёритамиз. Коллежингизнинг обрўсига путур етиши тайин.
Директорнинг «пайтавасига қурт тушди». Ўзинингми ёхуд коллежнинг обрўси тушишидан қўрқибми, ҳар тугул меҳмонни муросага келтиришга уринди.
— Ака, газетага ёзиб ўтирманг, камчиликларимизни икки кунга қолмай тўғрилаймиз. Ҳозирги болаларни биласиз, жуда шўх, қанча назорат қилмайлик битта-яримтаси китобга ҳурматсизлик қилиб чизишибди-да…
Меҳмон бироз юмшаб, гапни усталик билан пулга тақади.
— Қанча бера оласиз?
Директор чўнтагини кавлаб, борини стол устига чиқарди. 50 АҚШ доллари-ю 100 минг сўм. Аҳроров пулларни олиб, чўнтагига солганча ўрнидан қўзғалди.
— У ёқ-бу ёққа қаранг, камчиликларни тузатинг. Яна биров текширишга келса, ортиқча гап-сўзга қолиб юрманг, — дея насиҳат қилган бўлди.
Унинг кейинги мўлжали Когон мактабгача таълим ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи бўлди.
— Коллежимиз раҳбари иш билан чиқувдилар, — деди касбий таълим бўйича директор ўринбосари.
У.Аҳроров ташрифининг мақсади Давлат дастури ижросини ўрганиш эканлигини айтиб, билим юртларининг «нозик томони»ни топгандек, бу ерда ҳам «текширишни» кутубхонадан бошлади. Саҳифаларига чизилган уч-тўртта китобни суратга тушириб, дағдаға қилишга ўтди. Шу пайт коллежнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосари кириб келди.
— Хизмат хонамга ўтайлик, коллежимизда анча ижобий ишлар қилинган, уларни ҳам кўздан кечиринг, — деди ўринбосар.
У.Аҳроров ҳамроҳини машинага жўнатиб, ўзи ўринбосар билан унинг хонасига кирди.
— Бу вазифага тайинланганимга бир ойларча бўлди. Хато-камчиликларимизни, албатта, таҳлил қилиб, тузатамиз.
— Ўзингизни оқлашга уринманг, биргина кутубхонада кўрганларим каттагина материал қилишга арзийди. Коллеж шаънига бефарқ бўлмасангиз, келишиб олишимиз мумкин.
Ўринбосар унинг шамасини тушунди.
— Қанча берсак бўлади?
Ўринбосар қармоғига илинганидан қувонган У.Аҳроров нафсини каттароқ қўйди.
— Юз кўкидан ёки 300 минг сўм.
— Лекин ёнимда бунча маблағ йўқ эди.
У.Аҳроров лабини бурганча, кинояли қараб тураверди. Ўринбосар «меҳмоннинг иззатини жойига қўймаса», қутулмаслигини ўйлаб, рози бўлди.
— Сиз шу ерда ўтириб туринг, мен тез қайтаман.
Орадан қирқ дақиқаларча вақт ўтиб, ўринбосар айтилган маблағни топиб келиб, У.Аҳроровнинг қўлига тутқазди.
Коллеж эшигидан чиққан «меҳмон»ни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ашёвий далил билан қўлга олдилар.
Тергов жараёнида У.Аҳроров пулларни гўё газета обунаси учун олганини айтиб, хатти-ҳаракатини изоҳлашга уринди. Аммо муқаддам ҳам товламачилик учун тегишли жазога тортилган ва жазони тўлиқ ўтаган У.Аҳроровнинг важлари тош босмади. У беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Huquq” газетаси материаллари бўйича.
Шарҳлар