Тугмами ёки танга?
Божхона кўриги давомида назорат-техник воситаларидан унумли фойдаланган cурхондарёлик божхоначилар 42 дона ноёб ва қадимги тангаларнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олди.
“Айритом” божхона комплекси орқали юртимизга кириб келаётган Афғонистон Ислом Республикаси фуқароси Садриддин (қоидабузарнинг исм-шарифи ўзгартирилган) йўловчи божхона декларациясини тўлдирар экан, божхона инспекторига ёнида ҳеч қандай тақиқланган ва яширилган буюмлар йўқлигини маълум қилади. Аммо, унга тегишли қўл юклари назорат-рентген аппаратидан ўтказилганда, юклар орасида кийим-кечакларнинг тугмалари одатдаги тугмалар тасвиридан фарқли равишда, экранда шубҳали тарзда намоён бўлади.
Шундан, сўнг кийим-кечакларнинг тугмалари холислар иштирокида кўздан кечирилганда, улар гўёки тугма сифатида қадаб қўйилган, аслида божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш мақсадида қора бўёққа бўялган тарихий кумуш ва мис тангалар бўлиб чиқди. Божхоначилар Садриддиннинг эгнидаги пальто ва шимини ҳам кўздан қочиришмади. Қаранг-ки, бу кийимларга ҳам тугмалар эмас, яширинча олиб ўтиш кўзланган тангалар “кўрк” бағишлаб турган экан.
Суриштирув чоғида сири фош бўлган қоидабузар ушбу қадимий тангаларни ўзи истиқомат қилаётган уйи харобалари орасидан топиб олганлигини маълум қилган. Ўз қилмишини тангалардан кийимларига безак сифатида фойдаландим дея хаспўшлашга уринган Садриддин багаж илгакларига илинган тангаларни қандай изоҳлашни билмай, ер чизиб қолди, дея қайд этади Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг Ахборот хизмати.
Сурхондарё вилояти бадиий экспертиза бўлимининг ўрганиш хулосасига кўра, мазкур 42 дона қадимги тангаларнинг баъзилари миллоддан авалги II-III асрларга таалуқли бўлиб, Юнон-Бақтрия давлатида муомалада бўлган, баъзилари эса IX-X асрлардаги Сомонийлар давлатига тегишли эканлиги аникланди ва уларнинг қиймати салкам 16,5 млн. сўмга баҳоланди. Эндиликда қадимий танга ишқибозлари мазкур тангаларни Сурхондарё вилояти археология музейининг нумизматика бўлимида томоша қилишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22721-моддаси 2-қисми талабларига зид хатти-ҳаракатларни амалга оширганлиги, яъни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган қадимий тангаларни божхона назоратидан яшириб, хуфёна ва тангаларни топишни қийинлаштирадиган бошқа усуллардан фойдаланганлиги сабабли қонунбузар маъмурий жавобгарликка тортилди ва тегишли миқдорда жарима жазоси белгиланди.
Сурхондарё вилояти божхона бошқармасининг Ахборот хизмати Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 23 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши масалаларини тартибга солиш тўғрисида”ги 131-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ хорижий фуқаролар (шу жумладан хорижий дипломатик ва консуллик ваколатхоналари бошлиқлари) ва бошқа шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига вақтинча олиб кириладиган маданий бойликлар тегишли божхона ҳужжатларида кўрсатилиши кераклигини эслатиб ўтади.
Шарҳлар