Қизини қутқараман деб, эрини ўлдирди
Рустам билан Муборак бир пайтлар гўзал орзулар оғушида оила қуриб, яхши мақсадлар ила бир ёстиққа бош қўйишганди. Албатта, «олахуржин» бўйнига тушгач, баъзилар бу масъулиятни ўз зиммасига олишга қийналади. Рустам ҳам оила бошлиғи бўлди, аммо бирор касбнинг бошини тутмади. Оила эса йил сайин кенгайиб, олдинига бир ўғил ва кейин икки қиз фарзанд дунёга келди.
Умр оқар дарё, дейишади. Вақт кутиб ўтирмайди. Ҳаш-паш дегунча болалари вояга етиб, қуда-андали бўлиш ёшига етишди. Лекин, бу пайтда ҳам Рустам тайинли ишламас, бир амаллаб топган пулини эса ичкиликка сарфлаб юбораверарди.
Бу орада оиладан файз-барака учиб бўлганди. Кўпинча Рустам маст ҳолда келиб, хотинини урар, болаларини ҳақоратларга кўмиб ташларди. Бундай жанжаллардан безиб қолган ўғли Ўткир ишлаш учун Тошкентга кетиб қолди. Оиладаги носоғлом муҳит ўзгармади.
Ўтган йилнинг ёзида Рустам ишлаш учун Қозоғистонга йўл олди. Пайтдан фойдаланган Муборак қизлари билан Зарбдор туманидаги икки қаватли бинонинг хонадонларидан бирига кўчиб келди. Кўп ўтмай ортга қайтган Рустам оиласини топиб, бирга яшай бошлади. Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас экан, у яна ичкиликка муккасидан кетди. Оилада ҳар куни жанжал тўхтамасди. У ичиб келиб, тинчгина ухламас, хотини ва қизларини оғзига келган сўзни қайтармай ҳақоратларга кўмиб ташларди.
Кузнинг охирги кунларидан бирида Рустамнинг туғилган куни бўлди. Улар бозорга бориб келишди. Рустам уйга қайтган заҳоти кўчага чиқиб, дўкондан «томоғини ҳўллаб» қайтди. Яхши кайфиятда юрган хотини ва қизларини ҳақоратлай бошлади. Яна жанжал бошланганидан жаҳли чиқиб кетган қизи Севара «участка нозирига хабар бераман», деб чиқиб кетди. Унинг ортидан Муборак ва кичкина қизи ҳам излаб чиқишди. Тополмагач, телефон қилиб чақиришди. Уйга кирмоқчи бўлишганди, эшик қулф экан. Учаласи уйга киролмай, ташқарида бир-икки соат кутиб ўтиришди. Бу орада Севара акаси Ўткирга телефон қилиб, уйдаги бўлаётган вазиятни айтиб берди.
— Бугун қўшниникига ўтиб туринглар, эртага ўзим етиб бораман, — деди Ўткир.
Муборак ташқарига чиқиб, қўшни йигитларнинг биридан эшикни очишга ёрдам сўради. Очиқ турган балкон деразасидан ичкарига кирган йигит эшикни очиб берди.
Бу пайтда вақт тун ярмига яқинлашганди. Уйғониб кетган Рустам уларни яна бўлмағур сўзлар билан ҳақоратлай бошлади.
— Дада, кўп жанжал қилавермай, дам олинг, ҳозир ичгансиз, — деди Севара.
— Нима, сен менга гап қайтараяпсанми? — Рустам шундай дея қизининг сочига ёпишди. Йиқитиб, бўға бошлади. Қизини қутқаришга ошиққан Муборак эрига ёпишди. Унинг кийимидан, елкасидан, қўлидан тортди, лекин қизини ажратиб ололмади.
Шу пайт унинг хаёлига мудҳиш ўй келди. Ошхонага ўтиб, пичоқни олди ва қизини бўғаётган Рустамнинг елкасига кетма-кет уч марта пичоқ санчди. Охирги бор санчилган пичоқ синиб кетди. Бундан кўнгли тўлмаган Муборак жароҳатланган эрини бўғиб турди. Шу билан бир йўла Рустамдан қутулиб қўя қолди. Тобора ҳолсизланиб бораётган Рустам қизига қараб «онанг мени ўлдириб қўйди», дея жон берди.
Севара кўз олдида содир бўлган воқеани шу заҳоти акаси Ўткирга қўнғироқ қилиб, айтиб берди. Шу лаҳзаларда эрининг ҳаётига зомин бўлган Муборак унинг жонсиз танасидан қандай қутулишни ўйларди.
Эртасига етиб келган Ўткир ваннада ётган оқ чойшабга ўралган дадасининг мурдасини кўриб, қотиб қолди. Бироқ, юзини очиб кўришга юраги дов бермади. Онаси бензин топиб келишни буюрди. Ўткир кўчага чиқиб, ўн литрча бензин олиб келди. Муборак ўғли ва қизининг ёрдами билан эрининг жасадини палосга ўраб, ип билан чандиб боғлади. Тун ярмидан оққанда, яқин атрофдаги зовурга олиб бориб ташлашди. Болаларини кетказиб юборган Муборак жасадга бензин қуйиб, гугурт чақди…
Уйга қайтишгач, фарзандларига дадасини ким сўраса, Россияга кетган эди, деб айтишни уқтирди. Шу билан икки кун уйида сақланган жасаддан қутулганига ишонди.
Аммо тез орада миш-мишлар болалаб кетди. Бу гаплар Рустамнинг яқинларининг қулоғига ҳам етиб борди. Опаси Буванбар ука-сингилларини йиғиб, Рустамнинг уйига келди. Жияни Севарадан ҳамма гапни эшитгач, укасининг жасадини топиб, экпертизага олиб боришди. Сўнг қабрга қўйишди.
Инсон зоти эртага нима бўлишини билмайди. Рустам ҳам майхўрлиг-у уруш-жанжалларнинг охири нима билан тугашини ҳеч хаёлига келтирганмикан?! Унинг қачонлардир ўзининг туғилган кунида, жуфти ҳалолининг қўлида ўлим топишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз?!
Жиноят жазосиз қолмайди. Муборак Норбоева қилмиши учун 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Унга берилган жазо муддати амнистия актига биноан тўртдан бир қисмга қисқартирилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг “Huquq” газетаси материаллари асосида.
Шарҳлар