Ўзбекистонликлар депутат қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги саволга жавоб берди
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов кампанияси шу йилнинг 15 сентябрида бошлангани ва сайлов 21 декабрда ўтказилиши муносабати билан «Сайлов – 2014» ижтимоий сўровини ўтказди.
Унда аҳолининг турли ижтимоий гуруҳлари вакиллари – эркаклар ва аёллар, ёшлар, пенсионерлар, шаҳар ва қишлоқ аҳолиси иштирок этди.
Сўров давомида аҳоли Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайлов тўғрисида етарлича хабардор экани маълум бўлди.
Хусусан, сўров иштирокчиларининг қарийб 90 фоизи сайлов 2014 йил декабрда ўтказилишини билади. 86,7 фоизи сайловчилар ҳуқуқларидан яхши хабардор. Аксарият иштирокчилар янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги қонун билан танишиб чиққан.
«Сайлов пайтида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига депутатликка номзодларнинг қайси жиҳатлари сиз учун муҳим?» деган саволга жавоб берар экан, номзодларнинг маънавий-маърифий хусусиятлари, одоб-ахлоқи, демократик қадриятлар ва миллий анъаналарни ҳурмат қилиши, профессионаллиги ва чет тилларни билишини алоҳида ажратиб кўрсатди.
Сўров иштирокчилари депутатликка номзодлар жамиятимизда, маҳаллаларда обрў-эътибор қозонган ва ҳаётий тажрибага эга бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Фуқаролар учун номзодларнинг оиладаги мақоми ҳам муҳим аҳамиятга эга. Сўровда фуқаролар ўз номзодини сайлашда унинг ижтимоий аҳволи, қайси сиёсий партияга мансублигини эътиборга олади.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, фуқароларнинг аксарият қисми (90 фоизга яқин) мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти, сайловолди кампаниясининг қандай кечаётгани, сиёсий партиялар фаолияти тўғрисида оммавий ахборот воситалари тезкор ва сифатли ахборот тақдим этаётганидан қаноат ҳосил қилмоқда.
Ижтимоий сўров фуқароларимизнинг ижтимоий кайфияти баландлиги, шу йил декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловда фаол иштирок этишга тайёр эканидан далолат беради, дея хулоса қилади ЎзА.
Шарҳлар