Ўзбекистон хайр-саховат бўйича дунё рейтингида 28-ўринни эгаллади

Ўзбекистон хайр-саховат бўйича дунё рейтингида 28-ўринни эгаллади

Ўзбекистон ва Туркманистон Дунё хайр-саховат рейтинги (World Giving Index)нинг биринчи ўттизталигига кирди, деб ёзади “Даракчи” «Газета.uz» нашрининг хабарига таянган ҳолда. Рейтинг 18 ноябрь, сешанба куни “CАF” (Charities Aid Foundation) хайрия жамғармаси томонидан тақдим этилган.

Хайр-саховат бўйича 2014 йилги дунё рейтинги “Gallup” компанияси томонидан 2013 йил давомида 135 та мамлакатда ўтказилган сўров маълумотлари бўйича тузилган. Мамлакатнинг рейтингдаги ўрни хайрия ташкилотларига маблағ ўтказиш, кўнгилли сифатида ишлаш, нотаниш муҳтож кишига ёрдам бериш каби учта йўналиш бўйича ўртача кўрсаткичдан келиб чиқиб белгиланади.

Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон (28-ўрин) ва Туркманистон (23-ўрин) бошқаларга тўғридан-тўғри ёрдам берадиган кишилар сонининг юқори кўрсаткичлари (тегишли равишда 46% ва 53%) ҳисобига рейтингда етакчилар қаторига чиқиб олди. МДҲ мамлакатларидан Тожикистон 34-ўрин, Қирғизистон 83-ўрин, Қозоғистон 101-ўрин, Россия 126-ўринларни эгаллади.

АҚШ ва Мьянма рейтинг етакчиларига айланди, учинчи поғонани Канада, тўрт ва бешинчи поғоналарни эса Ирландия ва Янги Зеландия банд этди. Юқори ўнталикдан, шунингдек Австралия, Малайзия ва Буюк Британия (еттинчи ўринни бўлиб олишди), Шри-Ланка, Тринидад ва Тобаго ўрин олди. Рейтингдаги энг паст кўрсаткич эса Яманга тегишли бўлди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.