Тошкентда «Лўли маҳалла» аҳолисини ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда
Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида халқ орасида «Лўли маҳалла» номи билан танилган мавзе аҳолисини ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда, дея хабар беради Kun.uz “Подробно”га таянган ҳолда.
Бу мавзеда асосан лўлилар истиқомат қилади ва улар тиланчилик, майда ўғрилик ва бошқа фаолият билан кун кўради.
Бектемир тумани ҳокими Сарвар Маҳаметовнинг маълум қилишича, бу маҳалладаги лўлиларни ижтимоий ҳаётга мослаштириш бўйича ишлар бир неча йилдан бери давом этмоқда.
Туман маъмурияти вакиллари лўли болаларнинг таълим муассасаларини қатнашини назорат қилиб туришибди, катта ёшли лўлиларни эса паспортлар билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда ва уларнинг қонуний ишга жойлашишларига кўмак берилмоқда.
Қайд этилишича, маҳалланинг меҳнатга яроқли аҳолисини иш билан таъминлаш мақсадида туманда шиша цехи ишга туширилган бўлиб, у ерда асосан «Лўли маҳалла» аҳолиси меҳнат қилмоқда.
Туман ҳокимининг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда маҳалланинг барча болалари мактаб, лицей ва коллежларга қатнамоқда, маҳалланинг беш нафар вакили Давлат консерваториясида таълим олмоқда.
Сўнгги йилларда олиб борилган ишлар самараси ўлароқ туманда жиноятчилик даражаси ҳам пасайган.
Шарҳлар