Ягона ижтимоий тўловнинг пасайтирилиши қонуний иш ўринларининг кўпайишига хизмат қилади
Микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов миқдорининг камайтирилиши Ўзбекистонда иш ўринларини қонунийлаштиришга ёрдам беради.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланган ҳужжатга кўра, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўлов миқдори 25% дан 15% гача камайтирилади.
Ўзбекистон Республикаси меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлигининг фикрича, ушбу қадам иш ўринларини қонунийлаштириш ва ишчиларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш томон босилган муҳим қадамдир.
Айрим соҳаларда ташкилотда бир неча ўн киши ишлаётган, бироқ ҳужжатлар бўйича бор-йўғи 3-4 киши меҳнат қилаётган вазиятларни кузатиш мумкин. Бунда қонуний тарзда расмийлаштирилмаган ишчилар ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган бўлади. Улар иш берувчи томонидан исталган пайтда ишдан бўшатилиши ва ўз меҳнат ҳақини ололмаслиги мумкин. Шунингдек, иш берувчи улар учун ижтимоий тўловлар ва пенсия жамғармасига тўловларни амалга оширмайди. Натижада, ишчи пенсияга чиқаётганида стажи етмайди ва улар энг кам пенсия миқдорини олишга мажбур бўлади.
Ягона ижтимоий тўловнинг камайтирилиши эса иш ўринларини солиқ юкини пасайтириш ҳисобидан легаллаштиришга кўмаклашади.
Шарҳлар