Президент Ислом Каримов Ўзбекистоннинг Афғонистондаги мураккаб вазият бўйича позициясини яна тилга олди
Президент Ислом Каримов Термиз шаҳрига Амир Темур орденини топширишга бағишланган тантанали маросимдаги нутқида ватанимизнинг ушбу ҳудуди билан чегарадош бўлган Афғонистондаги мураккаб вазиятга ҳам тўхталиб, Ўзбекистоннинг бу борадаги позициясини яна бир бор эслатиб ўтди.
“Бу борадаги бизнинг ёндашувимиз, сиёсатимиз аниқ ва равшан: биз ён қўшнимиз бўлган Афғонистон давлатининг ички ишларига аралашмаслик, афғон халқи ишонч билдириб сайлаган ҳукумат билан ўзаро ҳурмат ва ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, тинч-тотув бўлиб яшашни ўзимизга маъқул деб биламиз”, – дея таъкидлади Ислом Каримов.
“Биз бугун қандай мураккаб ва таҳликали замонда яшаётганимизни, дунёда нотинчлик ва қарама-қаршиликлар тобора кучайиб бораётганини ҳаммангиз яхши биласиз. Айниқса, бизнинг ҳудудимизда, Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва барқарорликка энг катта хавф-хатар – бу Афғонистонда 35 йилдан буён давом этаётган уруш экани ҳеч кимга сир эмас.
Биз Афғонистон халқи билан неча-неча асрлардан буён ёнма-ён қўшни бўлиб, аҳил ва иноқ яшаганмиз. Қиз бериб, қиз олиб, қуда-андачилик қилиб келганмиз. Амударёнинг икки томонида туриб бир-биримизнинг ҳолимиздан доимо хабардор бўлиб турганмиз. Шунинг учун ҳам, афғон фожиасини бошқалардан ҳам кўра унга яқин бўлган бизнинг халқимиз хаёлидан, юрагидан мутлақо бошқача ўтказади. “Қўшнинг тинч – сен тинч” деган нақл албатта бежиз айтилмаган.
Мен ўзимнинг жуда кўп чиқишларимда, жумладан, нуфузли халқаро минбарлардан туриб, жаҳон ҳамжамияти вакилларига мурожаат қилиб, афғон можаросини ҳарбий йўл билан ҳал этишнинг имкони йўқ, деб очиқ айтганимни, ўйлайманки, сизлар яхши биласиз.
Агар афғон халқининг ўзига қўйиб берса, шак-шубҳасиз, бу уруш ҳеч қачон бунча узоқ давом этмасди. Афғон халқи – кўпни кўрган халқ. Бу халқ ҳам биз каби доимо тинчлик ва омонликни, оиласини тинч меҳнат билан боқишни, болаларининг бахтини кўришни хоҳлайди.
Шундай экан, нима учун шунча вақтдан буён бу ерда уруш бормоқда? Бунга сабаб албатта кўп, лекин энг асосий сабаб – бу Афғонистонда урушни давом эттириш кимгадир керак. Бу урушни давом эттиришга уринаётганлар, биринчи навбатда, афғон халқининг манфаатини эмас, балки ўз манфаатини кўзлайди. Минг афсуски, дунёда мана шундай сиёсий ўйинлар тўхтамаяпти.
Афғон заминида урушни давом эттириш тарафдори бўлган кучлар “Йиқилган курашга тўймас” деган мақолни ҳеч қачон эсидан чиқармаслигини истардим. Жафокаш афғон юртига турли кучлар келади-кетади, афғон халқи эса абадий қолади. Бу халқни зўравонлик билан бўйсундириб бўлмаслигини XIX асрдан бошлаб бугунги кунгача баъзи йирик давлатларнинг бу ерга қурол билан келиб, охир-оқибатда енгилиб кетгани ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Таассуфки, бугунги кунда фақат ҳарбий кучга таяниб сиёсат олиб бораётганлар бу ҳақиқатни тушунмаяпти.
Мана, яқинда Афғонистонда Президент сайлови бўлиб ўтди. Бу давлатнинг янги раҳбарлари иш бошлади. Лекин мамлакатдаги вазият эртага қайси томонга ўзгаради, деган савол, афсуски, ҳамон очиқлигича, мавҳумлигича қолмоқда.
Ўз-ўзидан аёнки, “АЙСАФ” деб ном олган халқаро тинчликпарвар кучларнинг бу жафокаш заминда давом этаётган тўқнашувларни бартараф этишни охирига етказмасдан туриб ва қарама-қарши кучларни муросага келтирмасдан туриб, Афғонистондан олиб чиқиб кетилиши бу минтақада тинчлик ва осойишталик ўрнатишга олиб келиши гумон, деб ўйлайман.
Мана шундай мураккаб бир вазиятда Ўзбекистоннинг бу масала бўйича позициясини яна бир бор эслатиб ўтишни зарур, деб ҳисоблайман”, дея қайд этди давлат раҳбари.
Шарҳлар