2013 йилда Ўзбекистон нефть ва газ захираларини олдинги даражада сақлаб қолди
2013 йил якунлари бўйича Ўзбекистондаги тасдиқланган нефть захиралари 100 млн тоннани (0,6 млрд баррель), табиий газ захиралари – 1,1 трлн кубометрни ташкил этди, бу 2012 йилги даражага тўғри келади, дейилади British Petroleum (BP) компаниясининг жаҳон энергетикаси бўйича ҳисоботида.
BP экспертларининг фикрича, 2013 йилда Ўзбекистон нефть қазиб чиқариш ишларини 7,1 фоизга – 2,9 млн тоннагача камайтирган. Компания Ўзбекистон суткасига ўртача 63 минг баррел нефть қазиб чиқарганини қайд этади (бу 2012 йил билан солиштирганда 7,1 фоизга кам). Ўтган йили республикадаги нефть истеъмоли ҳажми 2012 йил билан солиштирганда 2,1 фоизга – 3,3 млн тоннагача ошган, 2013 йили мамлакат ичидаги ўртача суткалик нефть истеъмоли 70 минг баррелни ташкил этган.
BP компаниясининг ҳисоб-китобларига кўра, 2013 йилда Ўзбекистон 55,2 млрд кубометр табиий газ қазиб чиқарган, бу 2012 йилдагига қараганда 2,8 фоизга кам. 2013 йилда газ истеъмоли 3,3 фоизга – 45,2 млрд кубометргача камайган.
Ўзбекистонда углеводородларни қазиб чиқариш ва қайта ишлаш бўйича миллий оператор ҳисобланган “Ўзбекнефтгаз” МХКнинг қуввати йилига қарийб 70 млрд кубометр ҳажмда табиий газ ва 8 млн тонна ҳажмида суюқ углеводородларни қазиб чиқариш имконини беради, деб ёзади Oilru.com.
Холдинг берган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда разведка қилинган ва қазиб чиқарилаётган углеводород захиралари 2,52 млрд тоннадан зиёд шартли ёнилғини ташкил этади, улардан қарийб 65 фоизи газ захираларига тўғри келади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда нефть, газ конденсати ва табиий газ қазиб чиқариш бўйича расмий статистика маълумотлари нашр этилмаяпти.
Шарҳлар