Аждаҳони ўлдириш билан унга айланиб қолмаслик қийин иш: 70 йил олдин уйда зўравонликни бошидан ўтказган фарғоналик зўравон аёл бутун оиласини қўрқувда сақлаб турибди
Ўзбекистонда кўплаб аёллар уйдаги қийноқлар тўғрисида очиқ гапиришмайди. Улар полицияга мурожаат қилиш ёки ёрдам сўрашга қўрқишади. Айримлар учун оилавий зўравонлик ҳаётининг оддий бир қисмига айланган, улар ягона чора – бу сабр, деб ҳисоблашади.
Ўзбекистон оиладаги зўравонликни жиноятга тенглаштирган Марказий Осиёнинг биринчи давлатига айланди. 2023 йилнинг апрелида қонун қабул қилинди ва Жиноят кодекси бундай жиноят учун жиноий жавобгарликни кўзда тутадиган 126-1 модда билан тўлдирилди.
Бироқ, қонунчиликдаги ўзгаришларга қарамай, кўплаб қурбонлар оилавий зўравонликка дучор бўлмоқда.
Ҳикоямиз қаҳрамони – Мафтуна, Фарғона водийсидаги кичик шаҳарчанинг 45 ёшли яшовчиси. 26 йилдан бери болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлайди. Оилада тўққизинчи туғилган фарзанд бўлиб, унинг 6 нафар опаси ва 2 нафар акаси бор.
Аёлнинг айтишича, у 17 йиллик эрли ҳаёти давомида оилавий зўравонликка рўпара келди. Одатда оилада эркаклар тажовузкорлиги урф бўлган ҳолатдан фарқли ўлароқ, Мафтуна мисолида тажовуз унинг қайнонаси ҳаракатларида намоён бўлади. Бу манипуляция, руҳий босим ва камситиш.
Мафтунанинг ҳикоясига кўра, қайнонаси оила аъзоларининг барчаси, шу жумладан, эри ва икки фарзандининг доимий қўрқувининг манбаи бўлиб келган. «Камситиш сўз кўринишида бўлади, яъни мени қашшоқ оиладан, ота-онамни камбағал деб камситади. Кўплаб хўрликларни кўтараман, аммо ҳар сафар «ойижон» (қайнона) марҳум ота-онамни муносиб сеп билан узатмаганлиги, масалан, уйимизда совуткич ва телевизор бўлмаганлиги учун камсита бошлаганида бундай ҳақоратларни кўтаришим қийин бўлади».
«У кўпинча онам «итга ўхшаб» 9 болани дунёга келтиргани ва бизлардан ҳеч ким олий маълумот олмаганини кесатади. Болани чўчқа ҳам туғиши мумкин, дея такрорлашдан чарчамайди. Шунингдек, жанжал чиққан пайтда онамни тентак дейди. Отамни камроқ ҳақоратлайди, балки уни тирик кўрмагани учундир. Илгарилари ота-онам тарафини олишга уринардим, аммо кейин бу билан қайнонамдаги «олов»ни янада кўпроқ авж олдиришимни тушуниб етдим. Чунки бундай ҳолда у мени ва ота-онамни бир неча соат тинимсиз сўкарди», – ҳикоя қилади Мафтуна.
Мафтунанинг қайнонаси – маънодор юзли, 75 ёшга кирган кампир. Унинг нигоҳларида бой ҳаётий тажриба, вақт изини ва тиниқ тери билан қопланган табиий чиройни уқиш мумкин. Мафтуна ўзи билан қайнонаси ўртасидаги ўхшашликни қайд этади – иккаласи ҳам табиий хушрўй қизил юзли, маънодор кўзли, узун сочларини боши орқасига чамбараксимон йиғиштириб, рўмол ўраб олишади. Одамлар билан мулоқотда қайнона бошқаларга очиқлик ва мулойимлик кўрсатишга мойил бўлганидан уни биров золим деб аташга шубҳа қилади. Мафтунанинг ҳикоя қилишича, қайнонаси ирис ва арчалар тўла ҳовлиси дарвозаси олди саришта бўлишини истайди, уйи ичкариси ҳам ўта тоза ва тартибли бўлиши унинг доимий талаби.
Қайнона ва келин деярли йигирма йилдан бери бир том остида бирга яшайди. Мафтуна қайнонасига ҳадеб дуч келавермаслик ва жанжаллашиб қолавермаслик учун уй ишлари ва томорқа юмушлари шуғулланишга ҳаракат қилади.
Аёлга ғамгинликдан чалғишга мевали дарахтлар экилган катта боғ ҳам кўмак беради, Мафтуна қайнотаси ўлганидан бери боғ парвариши билан машғул. Бу ерга картошка, кўкат экади, товуқ боқади.
«Биласизми, қайнонам товуқ – бу Аллоҳ томонидан инсонга ато этилган етти ҳазинанинг бири, деб кўп гапиради. Мен паррандаларга қараганимда кўнглим анча таскин топади. Марҳум онам ҳам жўжа кўпайтиришни жуда яхши кўрарди», – эслайди Мафтуна.
«Сокинлик вақтида ёки қайнонам кайфияти яхши бўлиб турган пайтда буни бахтга йўямиз, бундай сокинликдан қувонамиз, бир вақтнинг ўзида қайнонамнинг кайфияти яна ўзгариб қолмаслиги учун нимадир ёқмайдиган ишга қўл уришдан қўрқамиз», – дейди аёл.
Мафтунанинг айтишича, бундай «қарғашлар» дан қайнона бир неча соат ёки кунлардан кейин ўзига келади. Жанжаллардан кейин қайнонанинг ўз ўғли, Мафтунанинг эри ва ва невараларига муносабати ўзгаради, ҳар қандай хатоси учун, масалан, набираси бирор нарсани полга тушириб юборса ёки олмани овоз чиқариб тишласа уларни сўкишни бошлайди. Бундай кезларда қайнона уларга онаси (Мафтуна) эси паст болаларни туққан тентак аёл деб жаврайди».
«Мен бундай ҳолларга ўрганиб қолганман, дейиш мумкин. Шунчаки ўзимга ўзим айтаман, қайнонам кекса ва касал аёл деб», – дейди Мафтуна.
Мафтуна иш кунлари эрталаб соат 5 да туради, уйларни йиғиштиради, ҳайвонларга ем беради, нонушта тайёрлайди ва болалар боғчасига ишга боради. Ишдан кейин кеч қолмаслик ва қайнонасининг қаҳрига дучор бўлмаслик учун уйига шошади. Уйига келиши биланоқ Мафтуна тезда кийимини алмаштиради, чунки ҳар қандай кечикиш қайнонасининг қаҳрига сабаб бўлади. Мафтуна ушбу кун тартибига тўйидан бери риоя қилиб келади.
Мафтуна ўз вақтининг катта қисмини «озодлик ороли» деб атайдиган ошхонада ўтказади. Овқат тайёрлайди, уй йиғиштиради ва руҳий босимни енгиш мақсадида намоз ўқийди. Унинг кун тартиби йил мавсумига боғлиқ: қишда уйқуга эрта ётади, ёзда боғни суғориш заруриятидан кеч ухлайди.
Мафтуна уйи бўлган чоғда қайнонасини деб телефонда гаплашишдан тийилади, ишдан кейин уни овозсиз режимга ўтказади. Қўнғироқлар, у хоҳ ҳамкасблар бўлсин, хоҳ болалар ота-оналари бўлсин, қайнонани асабийлаштиради, кўпинча ҳақоратларга сабаб бўлади. Мафтунанинг қариндошлари қўнғироқ қилмай қўйишган, уиникига ҳеч ким меҳмонга боришмайди. Мафтуна ёш келинчалигида уникига қариндошлари ва сингиллари келиб туришган, аммо уларнинг ташрифидан кейин қайнона норозилигини билдириб келган.
«Баъзида мен бу уйни фақат қочиб қутулиш мумкин бўлган турма деб ҳис қиламан, аммо болаларим шу ерда ва бу уй улар учун қадрдон», – дейди Мафтуна. Мафтунанинг ҳикоя қилишича, йилдан йилга қайнонанинг дийдиёлари тобора кўпайиб бормоқда. Аёл бундай вазиятлардан чиқишнинг ягона йўли сабрда деб билади.
Мафтунанинг фикрича, оилавий зўравонлик аёллар учун эркинликнинг йўқлигини англатади. Уйида иккита телевизори ҳам бор, улардан бирини эри билан кредитга олган, аммо қайнонаси ягона томошабин ҳисобланади. «Ойижон» уйда бўлган пайтда болалар телевизор кўролмайди, чунки «кераксиз фильмлар»ни кўрганликлари учун уларни уришади. Болалар телевизорни бувилари йўқлигида кўришга одатланишган.
Мафтуна бир неча марта аччиқ устида ўзини ўлдиришга уринганини гапириб берди. Охирги марта у ошхона сиркаси солинган идишни олиб ичишга уринган, бироқ қайнонаси уни қўлидан юлиб олишга уриниб, Мафтунанинг юзига тарсаки туширган. Шундан кейин Мафтуна руҳий тушкунликда қолди, туманда қолган каби на ўзини, на атрофидаги болаларини кўрди, гўёки ичидаги куч чиқиб кетгандай бўлди, нима қиларини билмай қолди.
Мафтуна ўзини ўлдиришга қарор қилган жанжал сабабини эслай олмайди. Унинг айтишича, қандайдир лаҳзада бу ҳаётга чидашга бўлган кучи шунчаки адо бўлган. Бу у ҳаётдан кетишга уринган иккинчи ҳодиса бўлган, аммо биринчи ҳодиса ҳақида сўрамасликни илтимос қилди.
Унинг сўзларига кўра, қайнона томонидан қўл кўтариш одати кўп юз берадиган ҳодиса эмас, аммо у келинининг юзига уриши ёки болаларига қўл кўтариши мумкин. Бир куни қайнона ғазаб отига минганда Мафтунанини бўғиб қўйишга уринган. Аёлнинг қайд этишича, руҳий азоблардан кўра, жисмоний босимни кўтариш осонроқ.
Мафтуна яшайдиган, яхши қаралган катта уйнинг 75 ёшли бекаси астма ва оёқлар оғриғи каби соғлиғидаги муаммолар, эҳтимол, унинг кайфиятига таъсир қилар.
Мафтунанинг сўзларига кўра, қайнонаси нафақат унга, балки ўз болаларига ҳам зўравонларча муносабатда бўлади. Қария кўпинча ўз ўғлига нарса улоқтиради ёки юзига тарсаки туширади, у эса онасидан қочишга мажбур бўлади. Ўғли билан жанжаллар маиший масалалардан келиб чиқади, ҳатто қўшниларнинг унинг пичингларига реакцияси ўғлини қуюшқондан чиқариб юбориши мумкин.
Ўз навбатида, Мафтунанинг айтишича, қайнонаси ҳақоратларга қарамай, болалари ва набираларига ғамҳўр, уларга молиявий томондан ҳам ёрдам бериб туради.
Ўзбек оилаларида ўғиллар ота-оналарини ёлғиз қолдирмайди
Мафтунанинг ҳикоясида эр юмшоқ ва деярли қатъиятсиз киши сифатида тасвирланади. У оилавий жанжаллар пайтида вазиятни кескинлаштирмаслик учун хонасига кириб кетишни афзал кўради. Эр-хотинлар алоҳида уй олиб чиқиб кетиш имкониятини муҳокама этишган, бироқ ўзбек оилаларида ўғиллар ота-оналарини қолдириб кетмасликни тушунадилар.
Ўзбекистон оилаларидаги аъаналарга кўра, ёш келинлар турмуш ўртоғининг ота-оналаридан алоқа узмайдилар ва биргаликда яшашни ихтиёр қилишади. Ушбу амалиёт катта авлодга ҳурмат ва оилавий ришталарни дастаклашга асосланган. Уй-жой, одатда, бир неча авлодлар учун умумий ҳисобланади, бу эса қариндошлар ўртасидаги мустаҳкам муносабатларга хизмат қилади. Ёш оилалар ота-оналари томонидан дастак ва кўмак, шунингдек, маслаҳат ва ҳаётий тажриба оладилар.
Мафтунанинг айтишича, қайнонасининг ўзи ўғли учун келин танлаган.
«Мен жуда кеч, 29 ёшимда турмушга чиқдим. Бўлғуси эримнинг ёши ўша пайтларда деярли 32 да эди. «Ойижон» нинг айтишича, у менгача бир неча ўнлаб қизларни кўрган, аммо мени танлаган. Олдинлари қайнонам эрли бўлганим учун ундан миннатдор бўлишим борасида таъна дашном берарди, акс ҳолда ҳамон қари қиз бўлиб, оиласиз ва фарзандларсиз ўтирарканман. У яна қашшоқликдан тўғри «олтин жом»га тушиб қолганимни менга эслатиб туради».
Мафтунанинг гапириб беришича, қайнонасининг феъли йиллар ўтиши билан ёмонлашиб боряпти, у бунга кўникиб ҳам бўлган, фақат сабр ундан чиқиш йўли эканлигини тушунади. Қайнонасида назорат қилиб бўлмас жазава ва жиззакилик бошланса, бақир чақир қилса, қўлларини қилич қилса, уни ҳақоратласа, Мафтуна ичида дуолар ўқийди, бу унга вазиятдан чиқиб кетишга ёрдам беради.
«Қайнонанинг норозилигига нима сабаб бўлганини топиш қийин, – дейди Мафтуна. Масалан, бу кеча мен дўкондан олиб келган, аммо мазаси онажонга ёқмаган пишлоқ бўлиши мумкин. У авваллари озиқ-овқат танлашни билмайсан дея сўкарди, кейин менинг оиламда сифатли маҳсулотлар истеъмол қилмаганлигимизни, шунинг учун ҳеч бир тузук нарса харид қила олмаслигимни юзимга соларди. Шундан кейин ота-онам, синглларим ва акаларимни ҳақорат қилишга тушади. Одатда, шундай пайтларда эрим кириб қолса, унга ҳам барчасини қайта гапирирар, мен ва менинг яқинларимни ҳақорат ва қарғашда давом этарди. Бундай лаҳзаларда қўрқувдан қаерга қочишни билмай қоламан. Ҳар сафар бозор ёки дўконга бориш мен учун азоб, қандайдир маҳсулот ойижонга ёқмай қолишидан қўрқаман. Яна ҳам даҳшатлиси, маҳсулотларни уйга олиб кирган чоғимда «ойижон»нинг ошхонада бўлиб қолиши, улар пакетларни бўшатаётган лаҳзаларда ерга кўмилиб олишга ҳам тайёр бўламан».
Оилавий бюджет Мафтуна ва унинг турмуш ўртоғи маошидан шаклланади. Қайнонаси ўзининг пенсиясини йиғиб боради, аммо баъзида уни еб ичишга сарфлайди.
Руҳий қувватлов
Мафтуна психолог ёрдами тўғрисида ўйлаганми, деган саволга табассум билан жавоб қайтаради: «Менинг ўзим психолог бўлиб қолдим. Ишхонада кўпинча ёш келинлар қайнонасидан шикоят қилиб қолишади, мен уларга ўз қайнонам ҳақида гапириб берганимдан кейин жимиб қолишади, кейин маслаҳат сўрашади. Мен уларга қўлимдан келганча ёрдам бераман».
Ўзбекистонда оилавий зўравонлик қурбонлари учун қатор ишонч телефонлари ва кўмак марказлари мавжуд. Масалан, Немолчи.уз лойиҳаси зўравонлик қурбонлари учун бепул руҳий ва юридик ёрдам тақдим этади. Зўравонлик тарихини яширинча Телеграм ботларига жўнатиш имконияти ҳам бор. Бундан ташқари, «Nihol» ноҳукумат-нотижорат ташкилоти, Фуқаровий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш маркази, шунингдек, мамлакатнинг турли вилоятларида оилани ижтимоий қилиш марказларининг ишонч телефонлари мавжуд. Зўравонликни бошдан кечирган аёллар учун Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ҳамда зўравонлик қурбонларини реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ишонч телефонлари ҳам йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси бутун мамлакат ҳудуди учун 1146 бепул телефон линиясини ташкил этган. Ишонч телефони мутахассислари зўравонлик қурбони бўлган аёл ва қизларга қийин вазиятдан чиқишга, руҳий, ҳуқуқий, тиббий ёрдам олишга кўмаклашадилар. Шу билан бирга қўнғироқларнинг махфийлиги таъминланади. Бироқ булар етарлими? Бу тузилмаларнинг барчаси бугун оилавий зўравонликларни ечишга ёрдам берадими?
Тошкентдан амалиётчи-психолог Бобоёр Тўраев аёллар қайноналарининг зулмига учраган оилаларга кўп ёрдам қилганини қайд этади.
Унинг таъкидлашича, ёрдам марказлари мисолида бўлгани каби аёлларга оддий маслаҳат ва кўрсатмалар тақдим этилиши самарасиз. Бунинг ўрнига, профессионал психологик ёрдам бирмунча амалий ёндошув ҳисобланади.
Психологнинг айтишича, аёллар кўпинча оилавий зўравонлик қурбонларига кўмак кўрсатиши мумкин бўлган ёрдам марказлари ва ишонч телефонлари мавжудлиги ҳақида ҳеч нарса билишмайди. Бироқ, унинг фикрича, бундай марказларда ҳар доим ҳам маслаҳатни тўғри олиб борадиган, инсонни эмоционал жизғанаклик ва жароҳатдан олиб чиқиш йўлини биладиган малакали мутахассислар ишлайвермайди. Нотўғри ёрдам аёлларни янада кўпроқ жароҳатлаши мумкин.
Зўравонлик ва тажовузкорлик муаммоларини ечиш учун, психолог Тўраев фикрича, психолог кўмаги вақтинчалик чора саналади. Муаммони узоқ муддатли ечими учун таҳлилий тафаккур ва ўз жонига қасд қилиш ҳолатларига барҳам берадиган қўшимча кўникмалар зарур. У шунингдек, болаларга илк ёшлариданоқ психологик ҳуқуқни ўргатишни таклиф этади, бу эса зўравонликни жиловлай олишларига ва психологик ғўрлик олдини олишларига имкон беради, зўравонликнинг такрорий ҳодисаларига тушиб қолишлари олдини олади.
“Биз қизларда уларга нисбатан потенциал зўравонлик кўрсатиши мумкин бўлган қайнона, эркаклар ва атрофдаги одамлар билан самарали мулоқот олиб бориш кўникмаларини тарбиялашимиз керак ”,- дея хулоса қилади Тўраев.
Реалликка айланган орзу
Мақола эълон қилиниши арафасида Мафтуна қувончли янгиликни хабар қилди – у педагогика олий ўқув юртининг сиртқи бўлимига ўқишга кирди. «Биласизми, менинг 30 йиллик орзуим ушалди. Мен ҳар доим олий ўқув юртида таҳсил олишни истаганман, аммо оиламизнинг моддий аҳволи бунга имкон бермаган. Мен ўзимни кучли ҳис қиламан. Ўқишни бошлаётганимга ҳануз ишонгим келмайди», – дейди кўз ёшлари ортидан Мафтуна.
У ишлаётган болалар боғчаси мудираси энг тажрибали ходималарга олий таълим даргоҳига махсус квоталар бўйича ўқишга кириш учун ҳужжат ва тест имтиҳонларини топширишни таклиф этган. Мафтуна 100 балли тизимда 80 балл тўплаб талабага айланди. Бир вақтнинг ўзида унинг катта ўғли 9-синфни тамомлаб, Академик лицейга кирганидан аёлнинг қувончи икки ҳиссага ошди.
Мафтунанинг гапириб беришича, ўқиш учун тўлов қисман ўз маблағлари ва у ишлаётган муассаса ҳисобидан қопланади.
Аввалига Мафтунанинг қайнонаси келинининг олий таълим олиш ғоясига ишончсизлик билан қараган, буни ёш пайтида ёки мактабни тугатган заҳоти амалга ошириш кераклигинига ишора қилган. Аммо унинг ўқишга киргани ҳақидаги янгилик у томонидан қувонч билан қарши олинган. Мафтунанинг айтишича, қайнонаси оилавий сабабларга кўра ўқиш имкониятига эга бўлмаган, бироқ ҳар доим ўз болалари ва набираларининг билим олиш интилишини қўллаб-қувватлаган.
Икки йил олдин Ўзбекистон ҳукумати қарорни тасдиқлади, унга кўра, мутахассислиги бўйича камида 5 йиллик меҳнат стажига эга бўлган аёллар Оила ва аёллар ишлари бўйича Қўмита тавсиясига кўра, давлат олий таълим муассасаларига тўлов-шартнома асосида киришлари мумкин (имтиҳонсиз, фақат кичик тест асосида).
Аждаҳони ўлдириш…
Мафтунанинг ҳикоя қилишича, ишхонада болалар билан шарқ эртаклари асосидаги қандайдир эски мультфильмни кўришган, унда болакай бутун қишлоқни даҳшатга солган аждаҳони ўлдиради. Бироқ аждаҳони маҳв этиш имконсиз эди, чунки аждаҳони ўлдирган ҳар қандай киши унга айланиб қоларди, фақат юраги тоза одамгина уни йўқ қилиб, инсон бўлиб қолавериши мумкин эди.
Аёлнинг айтишича, мультфильм унда катта катта тассурот қолдирган. Агар вазиятга қарши турса, қайнонасини бостиришга уринса, у ҳолда унинг ўзи золимга айланиб қолишини тушуниб етган.
«Мен унга ёмонлик тилашдан тўхтадим. Бу исломда таъқиқланган. Ибодатларимда Аллоҳдан ўзимнинг бўлғуси келинларимга қайнонам каби бўлмасликни ўтиниб сўрайман. Ўз болаларим ва яқинларим ҳаётини заҳарлашни истамайман», – дейди Мафтуна.
Психолог Тўраевнинг қайд этишича, ўз фаолиятида кўпинча одамларнинг барча нарсани ўз назоратида ушлаб туриш истагига дуч келган. Ота-оналар болалари ва оиланинг бошқа аъзолари устидан қаттиқ назорат олиб боришлари мумкин, бу ҳимоя механизми саналади, унинг ортида эса ёлғизлик ва ҳимоясизлик қаршисидаги ички қўрқувлар яширинган.
Психологнинг сўзларига кўра, яқинларига нисбатан золимлик қиладиган аёлларнинг 90 фоизи бахтсиз ва касал одамлардир.
Мафтана қайнонасининг айтишича, 6 ёшида унинг онаси қазо қилган, кичкина укаси билан аёлидан кейин икки марта уйланган ота қўлида қолган, орадан бир йил ўтиб уни ва укасини бу никоҳдан уч нафар бола туққан ўгай онаси тарбиялай бошлаган. Қайнонасининг эсдаликларига кўра, уларнинг ўгай онаси ҳар йили туққан ва қариндошлариникига бир неча ойга кетиб, болаларини уларга ташлаб кетган. Аёл укаси билан бирга гўдак болаларга қандай ғамхўрлик қилганликларини, отаси ва ўгай онаси урушиб қолгнанларида қариндошлариникига бот-бот кўчиб ўтганларини, деярли ҳар ой мактабни алмаштирганликларини яхши эслайди.
Мафтунанинг қайнонаси болалигида укаси билан бирга ўгай онасидан болаларга эътиборсиз қараган деган баҳона билан еган калтакларига сабр қилганларини тез-тез унга гапириб беради.
Қайнона яна унинг укаси 13 ёшида ўғирликка ўрганганини, бозордан ўғирланган қовун олиб келганини ва ўгай она бунинг учун уни мақтаганини ҳам эсдан чиқармаган. Натижада унинг ҳаёти фожиа билан тугаган. Аёл ўзининг ўғли (Мафтуна эри) шу йўлдан кетишидан қўрққан ва шунинг учун болалигидан уни қаттиқ назорат қилганини тан олган.
Зўравонлик ҳукмрон бўлган оилаларда вояга етган болалар катталардаги феъл-атворнинг ушбу моделини такрорлашга мойил бўладилар. Бу авлоддан авлодга ўтишдек хавфли даврни юзага келтиради, уларнинг ҳар бирида янги зўравонлик туғилади.
Оилавий зўравонлик ва тажовуз муаммосига қарши курашиш учун давлат қатор чораларни кўриши зарур. Биринчи навбатда, оилавий зўравонлик қурбонлари учун мавжуд бўлган ёрдам марказлари ва ишонч телефонлари ҳақида информацион компанияни кучайтириш керак. Аёллар зўравонлик юз берган тақдирда қаерга мурожаат қилишни билишлари учун бу ресурсларнинг имконлилиги ва кўринувчанлигини таъминлаш лозим.
Бундан ташқари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, шунингдек, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мамлакат муассасаларидаги таълим дастурларига зўравонлик белгилари ҳақидаги хабардорликни ошириш ва унинг олдини олишга қаратилган тренинг ва семинарларни киритиш керак.
Мафтуна билан боғлиқ ҳодиса шуни кўрсатмоқдаки, аёллар бундай вазиятда ҳар доим ҳам зўравонликдан ҳимоя қидирмайди ва ишонч телефонларига қўнғироқ қилмайди. Оилавий зўравонликнинг бундай қурбонларига психологик ёрдам керак, дарвоқе, узоқ муддатли асосда, нафақат унга, балки бутун оила аъзоларига, жумладан, зўравоннинг ўзига.
Масалан, аксарият ривожланган давлатларда, психологик зўравонликни оилавий зўравонлик шакли сифатида белгиланадиган қонунлар мавжуд. Мисол учун, Европа Кенгашининг аёлларга нисбатан зўравонлик ва оилавий зўравонликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш тўғрисидаги Конвенцияда зўравонлик нима, жумладан, оила даврасида юз бераётган жисмоний, жинсий, психологик ва иқтисодий зўравонлик нима, деган масалалар аниқ тиниқ белгилаб берилган. Бу қонунлар қурбонларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди ва уларга инқироз марказларига ёрдам сўраб мурожаат қилишга имкон беради.
Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, психологик қурбоннинг ҳаммаси ҳам ёрдам марказлари боғланиш номерларини топишга ва уларга қўнғироқ қилишга ўзида куч топа олмайди. Аммо деярли ҳар бир аёлда уяли телефон бор, у орқали битта тугмачани босиш билан оғир вазиятларда ўзига керакли ёрдамни олиши мумкин. Масалан, YouTalk иловаси психологик ёрдам ва дастакка бўлган имкониятни, жумладан, профессионал психолог ва психотерапевтлар билан махфий мулоқотни тақдим этади. Бу аёлларга ўздари учун қулай вақтда кўмак олишга имкон беради.
Эҳтимол, бу фойдаланувчиларга сўровнома ёрдамида ўзининг руҳий саломатлигини кузатиб боришга ёрдам берадиган, керак бўлса, профессионал ёрдамга заруратини аниқлаштириб берадиган илова бўлар.
Масалан, АҚШ, Канада ва Европа мамлакатларида Calm (инглиз тилидан “осойишталик”) ва медитация ва техника учун Headspace каби иловалар бўлиб, психологик зўравонлик сабаб стресс ва ташвишни бошдан кечираётган аёллар учун фойдали бўлиши мумкин. Мазкур иловалар кўплаб тилларда фаолият кўрсатади ва зўравонликни бошдан ўтказган аёллар томонидан фаол ишлатилади.
Биз мамлакат дастурчилари ва IT- мутахассисларини ўзбек аёлларини психологик ёрдам ва дастакка эга бўлишлари учун ўзбек тилидаги муқобил иловаларни яратишга чақирамиз.
Шарҳлар