Аҳоли Тошкентдаги Mirabad Avenue қурилиши ҳақида: «Биз жиддий компания келди деб ўйлагандик»
Тошкент шаҳар ҳокимининг 2017 йил 11 сентябрдаги 1218-сонли “«ABSOLUTE BUSINESS TRADE» МЧЖга ер участкаларини ажратиш тўғрисида”ги қарори билан Golden House савдо белгиси остида фаолият кўрсатувчи қурилиш компаниясига ер участкаси ажратилган эди. Бироқ аҳоли қурувчи ташкилот тенг қийматли компенсация тақдим этмаётганидан ҳамда қурилиш ва ёнғин нормаларига амал қилмаётганидан шикоят қилмоқда. Компания нормаларга амал қилинмаётгани ҳақидаги маълумотларни рад этиб, маҳаллий аҳоли билан келишувга эришишга уринаётганини билдирмоқда.
«Бизни олти ой олдин хабардор қилишлари керак эди»
Absolute Business Trade ХК шахсидаги қурувчи ташкилот маҳаллий фуқаро Дилмурод Мирусмонов ва уйда истиқомат қилувчи яна 15 нафар оила аъзосини бошқа тураржой тақдим этилиши билан уйдан кўчириш ҳақида Маъмурий ишлар бўйича Яккасарой туманлараро судига даъво аризасини берган. Миробод-2 кўчасида жойлашган 7-уй эгаси, қурувчи ташкилот ҳокимнинг 2017 йилдаги қарорига таянаётганини, бироқ ҳужжатларнинг асл нусхалари ва нусхалари тақдим этилмаганини айтади.
«Қурувчи ташкилот ўша қарорни асос сифатида кўрсатиб, уй эгаларини умуман хабардор қилмасдан бузиш мумкинлигини айтмоқда. Қонунга кўра бизни олти ой олдин хабардор қилишлари керак эди».
Ҳозир муаммо Absolute Business Trade ХК тенг қийматли компенсацияни таклиф қилмаётганида, – дейди Дилмурод. Мирусмонов яшаётган уйнинг яшаш майдони 280 метр квадратни ташкил қилади, қурувчи ташкилот эса умумий майдони 134 метр квадратга тенг 2 та квартирани таклиф этяпти. Бунда квартиралар улар ҳозир яшаётган жойдан 5 км масофада жойлашган.
«Биз ҳудудимизни ўзгартиришни хоҳламаймиз, фарзандларимиз бу ерда мактабга, боғчага боришади – бизга шу ерда пойдевори қазилган уйлардан квартира беринглар, бизнинг бунга қонун бўйича ҳаққимиз бор», – дейди уй эгаси, қурувчи ташкилотга мурожаат қилар экан. «Бизга уйнинг нархи бунча эмаслигини айтишди», – дейди Дилмурод.
«Бизнинг хусусий мулкка бўлган конституциявий ҳуқуқимиз бузилмоқда. Ўзбекистон Конституциясининг 53-моддасида хусусий мулк дахлсиз деб айтилган. Бу муниципал мулк эмас. Қурувчи ташкилотнинг судга берган даъвосида бизни ўз уйимиздан муниципал уйда турувчиларга ўхшаш тарзда кўчириш сўралган », – дея қайд этади уй эгаси.
Дилмуроднинг сўзларига кўра, у ва унинг қўшнилари кўп марта турли идораларга – прокуратурага, ҳокимликка мурожаат қилган, лекин ҳозирча жавоб олишгани йўқ.
«Бизни ҳеч ким ҳимоя қилмаяпти. Энди ушбу вазият кенг омма олдида овоза бўлиб, бу ўзбошимчалик президентгача етиб боришига умид қиляпмиз, балки шунда амалдорлар ва судьялар қурувчи ташкилотларнинг эмас, балки мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишар».
Ҳокимнинг қароридан ташқари, ерлар бевосита шу уйлар остига ажратилиши кўрсатилган илова ҳам бўлиши керак. Агар Вазирлар Маҳкамасининг ер ажратиш тўғрисидаги баённомаси бўлмаса, ҳокимнинг қарори ҳақиқий эмас: Дилмуроднинг айтишича, қурувчи ташкилот уни тақдим этмаган.
«Қонунда шундай дейилган: Вазирлар Маҳкамасининг баённомаси фақат уйлари бузилиши керак бўлган мулкдорларнинг розилиги олинганидан кейингина қабул қилиниши мумкин. Қурувчи ташкилотда Вазирлар Маҳкамасининг шу баённомаси бўлган тақдирда ҳам, у ноқонуний бўлиб чиқади, чунки 3-4 йил аввал маҳалла аҳолиси билан ҳеч қандай муҳокама ўтказилмаган. Биз уйларни бузишга розилик бермаганмиз», – дея хулоса қилади у.
«Биз жиддий компания келди деб ўйлагандик…»
Мирусмоновнинг уйига яқин жойда Бет Менахем синагогаси жойлашган. У бузилиши мумкинлиги кенг муҳокамаларга сабабчи бўлди, август ойи бошида қурувчи ташкилот европалик яҳудийларнинг Тошкент яҳудийлари диний жамоасига қарши даъво аризасини қайтариб олди.
Синагоганинг орқасида Виктор Машконинг уйи жойлашган. 19-уйда унинг оиласи 1998 йилдан буён истиқомат қилади. “Шу уйни қурдик, шаҳар марказида яшаймиз деб ўйлагандик, бу ерда узоқ вақт яшашни, болаларни улғайтиришни ният қилгандик” – дейди у.
Виктор Машко
Виктор Машко “Жиддий компания келди, рекламани яхши қилишди” деб ўйлаганди. Унинг сўзларига кўра, бу ёлғон бўлиб чиқди. “Биз қурувчи ташкилотнинг ҳаракатларига реал дуч келганимизда, даҳшатга тушдик. Ҳозир уйимиз қурилиш майдончасида жойлашган: болалар кўчага чиқолмайди, пиёдалар зонаси ташкил қилинмаган, ҳамма ер чанг. Бузилган қўшни уй ҳовлисида вақтинчалик омбор ташкил қилишган”.
Виктор ва унинг рафиқасига, Дилмурод билан бўлгани каби, қурувчи ташкилотдан компенсация таклифи билдирилган хат келган. Унинг уй майдони 600 метр квадратни ташкил қилади, компания эса унга умумий майдони 237 метр квадратни ташкил қилувчи учта квартирани таклиф қилмоқда. «Бизнинг конституциявий ҳуқуқларимиз бузилмоқда. Биз шаҳар раҳбариятига ва мамлакат раҳбариятига Golden House компаниясининг ҳаракатларига эътибор қаратишларини сўраймиз».
«Қурилиш ишлари ёввойиларча олиб борилмоқда: дарахтлар кесиляпти – бу ерда кўп асрлик ёнғоқ дарахтлари ўсиб турарди. Вақтинчалик тўсиқ-деворлар қуриб ташланган – улар баъзан қулаб тушади, якшанба куни шамол бўлганди – бу деворлар унга бардош беролмади. Яхшиямки, бу пайтда ҳеч ким уларнинг яқинидан ўтмаётганди».
Ёриқлар уйнинг нафақат ташқи томонида, балки ичида ҳам пайдо бўлган. Уй ҳовлисидаги бассейн чўккан.
Қурувчи ташкилот пойдевор ишларини бошлаганида, Машконинг уйи чўка бошлаган экан. Оила асосий уйдан ёзги уйга кўчиб ўтишга мажбур бўлган. “Бунинг дастлабки белгилари ёзги уй ошхонасининг шифтида пайдо бўлди. Қишда бундай шароитларда қандай яшашимизни, болаларим қандай яшашини тасаввур қилолмаяпман”, – дейди Виктор.
«Менга 7-қаватдан квартира беришди, у пайтда уйнинг ярми ҳали бўш эди»
14А уйда истиқомат қилган 67 ёшли Дилором Илёсова кўчишга розилик берганидан афсусда. У бунга қизининг гап-сўзлари таъсирида ва кўчада қолиб кетиш хавфидан қўрқиб рози бўлган экан.
«Ўша тунда Себзорда уйларни буза бошлашди. Қизим келиб: “Агар сиз билан ҳам шундай қилишса-чи? Нимани таклиф қилишса, ўшани оламиз ва кетамиз” деди».
Ҳозир Илёсованинг беш кишидан иборат оиласи Golden House томонидан қурилган Qushbegi мажсуасида 85 метр квадрат майдонда истиқомат қилади. Бузилган уйнинг яна 80 метр квадрати “БТИ”нинг айби билан ҳисобга олишмади, дейди кекса аёл.
«Менга 7-қаватдан квартира беришди, у пайтда уйнинг ярми ҳали бўш эди. Тўқимачилик комбинатидан бўёқлар ва резина ҳиди келиб туради».
Ёнғин хавфсизлиги ва кесилган дарахтлар
Олег Лобченконинг истиқомат қиладиган 28-уй бир томондан пойдевор учун қазилган котлован ва бошқа томондан қурилиш вагонлари орасида қолиб кетган. Олегнинг айтишича, қурилиш ҳудудида уч марта ёнғин содир бўлган. «Менда уйим ёнида селитра солинган бочкалар турганини исботловчи фотосуратлар бор».
Олег Любченко юз берган ҳодисаларнинг фотосуратларини кўрсатади
Олег турли идораларга ёзган бир даста хатларни олиб чиқди. Хатларнинг бирида у Давлат экология қўмитасига уйининг ёнидаги тўртта дарахт кесилгани ҳақида хабар берган. Кесиш ишлари шу йилнинг февраль ойида, яъни мораторий авжига чиққан пайтда амалга оширилган. Олегнинг сўзларига кўра, дарахтлар катта юк машиналари фундамент қуйиш учун қурилиш майдонига тўсиқсиз кириши мақсадида кесилган. Давлат экология қўмитасидан дарахт кесувчиларга нисбатан млн сўм жарима тайинлангани ҳақида жавоб келган.
Викто Машконинг уйи каби, Олегнинг уйи ҳам қулаш арафасида. Уй эгаси оқава сувлар уйининг пойдевори остига оқиб келаётганидан шикоят қилади.
Котлованнинг бошқа томонида, Мирусмоновнинг уйи ёнида Баҳром Тиллабоевнинг тураржойи жойлашган. 9-уй котловандан бир метр масофада бўлиб қолган. Тиллабоев суднинг 70 млн сўм компенсация билан уйдан кўчириш ҳақидаги даъво қарорини кўрсатади. Уй эгаси бу қарорга шикоят келтиришга муваффақ бўлган. Ҳозир қурувчи ташкилот майдони 116 метр квадрат бўлган квартирани таклиф қилмоқда, Тиллабоевга қарашли уйнинг умумий майдони эса 150 метр квадратни ташкил қилади.
Қурувчи ташкилот ва ҳокимликнинг позицияси
Golden House компаниясининг таҳририятга берган жавобида Дилмурод Мирусмонов билан компенсация миқдорини келишишга ҳаракат қилингани билдирилган: «Ер участкаларини олиб қўйиш ва олиб қўйилган ер участкаларида жойлашган тураржойлар мулкдорларига компенсация тақдим этиш тартиби тўғрисида»ги Низомда кўзда тутилган талабларга мувофиқ, кўчмас мулкнинг объектив бозор қийматини белгилаш мақсадларида мулкдорга бир неча бор мустақил ва ваколатли баҳоловчи компанияларнинг кучлари билан баҳолаш ишларини ўтказиш таклиф қилинди. Бунда Мирусмонов Д.Х. сўраётган нарх унинг уйининг реал бозор қийматидан кўп баравар юқори эканини эътиборга олган ҳолда, баҳолаш ишларини ўтказишга ҳар томонлама тўсқинлик қилмоқда».
Компания ёнғин ва қурилиш нормалари борасида Absolute Business Trade МЧЖга ажратилган ер участкасидаги барча қурилиш-монтаж ишлари, барча белгиланган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига амал қилган ҳолда, соат 09:00 дан 19:00 гача олиб борилаётганини қайд этади.
«Қурилиш майдони чегараланган, қурилиш ишлари олиб борилаётган бутун ҳудуд махсус қўриқлаш хизматининг ихтисослашган ходимлари гуруҳи томонидан қўриқланади. Барча қурилиш материаллари алоҳида қурилмаларда сақланади, улар тўлиқ хавфсизлик нормаларига жавоб беради. Айрим фуқароларнинг мана шундай асоссиз айбловлари сабабли қурилиш-монтаж ишлари давомида барча хавфсизлик нормаларига амал қилиниши тегишли ваколатли органларнинг алоҳида назорати остида».
Golden House компанияси аҳолига барча ҳужжатлар ўз вақтида тақдим этилганини билдиради: «Аҳоли билан компенсация миқдори ва турини муҳокама қилиш бўйича ишлар компанияда қатъий белгиланган тартиб бўйича олиб борилади, унга кўра ушбу жараёнда қатнашаётган барча фуқароларга хабарномалар ва расмий таклифлар юборилади, уларда асос, яъни манфаатдор шахслар фойдаланиши мумкин бўлган ҳоким қарори (яъни ҳужжат номи, рўйхатга олиш рақамлари, ҳаволалар ва ҳ.к.) кўрсатилади. Шунингдек, барча хоҳловчиларга уларнинг нусхалари ўз вақтида тақдим этилган».
Материал чоп этилган пайтга Тошкент шаҳар ҳокимлигининг жавоби олинмаган эди. Ҳокимликка юборилган сўровда таҳририят ҳоким томонидан ер ажратиш ҳақида қарор қабул қилинишидан олдин аҳолининг уйларни бузишга розилиги олинган-олинмагани ва ушбу масала бўйича Вазирлар Маҳкамасининг баённомаси бор-йўқлиги ҳақидаги маълумотларни сўраган.
Дана Опарина
Шарҳлар