“Анҳор локомотив” истироҳат боғи ногиронлиги бор кишилар учун мослаштирилмаган
Июнь ойи бошида Ўзбекистон ногиронлар уюшмасининг вакиллари “Анҳор Локомотив” кўнгилочар истироҳат боғининг ногиронлиги бор кишилар учун кириш имкониятларини мониторинг қилди.
Мониторинг давомида автотураргоҳларда ногиронлар аравачасини билдирувчи вертикал белгилар мавжуд эмаслиги аниқланди. Автотураргоҳ ичида ҳожатхона бор, лекин ундан ногиронлар фойдалана олмайди.
Фото: Ногиронлар уюшмаси
Таҳририятга тақдим этилган фотосуратларга кўра, ногиронлар учун тўхташ жойларини бошқа машиналар эгаллаган.
Истироҳат боғидаги барча мавжуд пандуслар катта қиялик даражасига эга ва ушлаш жойлари йўқ. Истироҳат боғида эшитиш имконияти чекланганлар учун ҳеч қандай белги, масалан, “ҳожатхона”, “маъмурият” ва бошқаларни кўрсатувчи белгилар мавжуд эмас. Боғда кўриш имконияти чекланган одамлар учун тактил йўлаклар ва овозли огоҳлантирувчилар йўқ.
Ҳожатхона ичида тутқичлар бор, лекин ичкарига киришнинг иложи йўқ, яъни пандус стандартларга жавоб бермайди, элтувчи йўллар тор, кириш эшигида ногирон кишининг ҳожатхонага мустақил равишда киришига тўсқинлик қиладиган остона мавжуд.
Фото: Ногиронлар уюшмаси
Фото: Ногиронлар уюшмаси
Ногиронлар уюшмаси мониторинг ҳисоботини объект вакилига топширди ва ҳисоботда кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш натижалари бўйича такрорий мониторинг ўтказишни режалаштирмоқда.
Мониторинг Ўзбекистон президентининг 2024 йил 12 январдаги 20-сонли қарори ва Ўзбекистон ногиронлар жамияти раисининг 2024 йил 2 апрелдаги буйруғи асосида ўтказилди.
Мониторингда Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси жамоатчилик назорати бўлими бошлиғи Мухамедходжаев A.С., Ўзбекистон ногиронлар уюшмаси Тошкент шаҳар бўлимининг раиси Саидназаров O.M., “Инклюзив Жамият” раиси Тиллаева Н. қатнашди.
Шарҳлар