Анхор оқшоми: 13 декабр янгиликлари
Тошкентда бугун Олий Мажлиси Сенатининг 17-пленум мажлиси очилди. Унда сенаторлар 2019 йил учун давлат бюджетини маъқулладилар. Жумладан, давлат бюджетининг даромади 102,6 триллион сўм миқдорида, ҳаражатлар – 107,1 триллион сўм ҳажмида бўлиши башорат қилинмоқда. Ҳаражатларнинг аксарият қисми таълим ва соғлиқни сақлаш секторларига йўналтирилади. 2019 йил учун давлат бюджети дефицити ички ялпи маҳсулотнинг 1,1 фоизини ташкил этилиши тахмин қилинмоқда. Мажлисда Сенат жабрланганлар ва гувоҳларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Унда ҳимояланаётган шахслар рўйхати ва уларни ҳимоя қилиш сиёсати қайд этилган.
БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган махсус резолюцияни қабул қилди. Мазкур ҳужжат “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб аталиб, БМТга аъзо жамики давлатлар томонидан якдил қўллаб-қувватланган. Ҳужжат “бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни тасдиқлашга кўмак, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик”ка қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев айни дам Қашқадарёда бўлиб турибди. У умумий қиймати 3,6 миллиард долларга тенг лойиҳага кўра бунёд этилаётган табиий газдан сунъий ёқилғи ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган завод қурилишини жадаллаштиришни топширди. Завод ишга туширилгач, 1300 киши иш билан таъминланади.
Бугун Тошкент учун сайёҳлик бренди тасдиқланди. Сайёҳлик логотипидан туристик ярмаркалар, хариталарда, туристлар зиёрат қиладиган объектлар, реклама матнлари, эсдалик совғалари ва мувофиқ маҳсулотларда қўлланилади. Логотипнинг муаллифи кимлиги маълум қилинмаяпти.
Шарҳлар