Анхор оқшоми: 17 январ янгиликлари

Анхор оқшоми: 17 январ янгиликлари

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия Университетининг талабаси осилган ҳолда топилган. Бу воқеа Юнусобод туманининг 1-кварталда юз берган. Тезкор гуруҳ талаба баданида шикаст изларини топмади. Айни пайтда қўшимча тергов текширув ишлари олиб борилмоқда. Бош прокуратура ишни махсус назорат остига олди.
 
Хориж дипломларини эътироф этиш соддалаштирилди. 1 мартдан бошлаб нострификациянинг янги тартиби жорий этилиб, унга мувофиқ, шаҳодатномаларни эътироф қилиш грантлар ҳисобидан таҳсил олган; халқаро андозалар бўйича топ-1000 лигига кирган университетларда таълим олган фуқаролар учун тўғридан-тўғри амалга оширилади. Нострификация учун ҳужжатларни қабул қилиш интерфаол давлат хизматлари Ягона портали ва давлат хизматлари Марказлари орқали ижро этилади.
 
Metrotelecom яқин вақт ичида бутун метрополитен  Wi-Fi тармоғи билан қамраб олинишини ваъда қилмоқда. Лойиҳа тўлиқ ишга тушадиган муддат ҳали очиқланмаяпти. 
 
Хотин-қизлар Қўмитаси раҳбари оила ҳаётига учинчи томоннинг аралашуви учун жазо киритишни таклиф этяпти. Танзила Норбоеванинг сўзларига қараганда, аксарият оилалар айнан учинчи томоннинг аралашуви билан бузилиб кетаётгани кузатилмоқда.
 
ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев жиноятчиликнинг камайганлигини бир “мўъжиза” деб атади. У бу нафақат ички ишлар органларининг хизматлари, балки Президентнинг доно сиёсати нишонаси эканлигини эътироф этди. Жўраев ИИББ учун вертолётлар масаласи меъёрий ҳужжат қабул қилинганидан сўнг ҳал этилишини ҳам қайд этди.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.