Анхор оқшоми: 30 январ янгиликлари

Анхор оқшоми: 30 январ янгиликлари

Бош вазир ўринбосарлари сони 5 тага қисқарди. Бош вазирнинг икки маслаҳатчиси бўлади. Бош вазир ўринбосарлари ва вазирлар эндиликда Олий Мажлиснинг  Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланади. Бош вазир ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Олий Мажлисининг палаталарига давлат дастурининг амалга оширилиши тўғрисида ҳисоботни тақдим этади. Ўзбекистон Республикаси президентининг 28 январдаги фармонига мувофиқ  янги таҳрирда “Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида” ҳамда “Стратегик режалаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш юклатилган.
 
Инвестициялар ва ташқи савдо Вазирлиги ҳузурида Тариф ва нотариф тартибга солиш Кенгаши ташкил этилади. Шунингдек икки агентлик инвестицияларни жалб этиш ҳамда технологик ривожланиш Агентлиги ҳам ташкил этилмоқда.Технологик ривожланиш агентлиги маҳаллий хомашё негизида юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун илғор хорижий технологияларни излаб топиш билан шуғулланади.
 
Яна ўзгаришлар хусусида: “Ўзбекозиқовқатхолдинг”ни тугатиш режалаштирилмоқда. Бу ташкилот ўрнида  озиқ-овқат саноати соҳасида ўзини ўзи тартибга соладиган ташкилот тузилади.
 
Ангрен ҳокимлиги ва Миллий гвардия “Янгиобод” туристик базаси билан боғлиқ воқеани шарҳлади. Туристик база соҳиблари Тошкент вилояти ҳокимининг объектни давлат фойдасига олиб қўйиш тўғрисидаги қарорини суд орқали протест қилишларини баён қилмоқдалар. Ҳоким ўринбосари “ёпиқ маълумот” бўлгани боис олиб қўйиш сабабларини ошкор этолмаслигини тушунтирди. Ҳоким ўринбосари маълумотларига кўра, туристик базанинг ҳокимият балансига ўтиши тўғрисида ҳоким қарори бор. Миллий гвардиядан исмини махфий тутган манба бу объект давлат хавфсизлиги манфаатлари доирасида деган фикрни билдирди.
 
Британиялик журналистлар манфаатлар ихтилофида  Тошкент ҳокимидан шубҳалана бошладилар. Tashkent City инвесторлари  рўйхатида Akfa Dream World ҳам кўзга ташланади. Мазкур компания Akfa Groupга мансуб, у эса ўз навбатида Жаҳонгир Ортиқхўжаевга тегишли. «OpenDemocracy» нашри  “Ташкент-Сити”даги икки турар-жой мажмуаларининг квартиралари савдо-сотиғи билан шуғулланадиган Dream City Development компаниясининг сайти J-United корхонаси номига қайд эттирилганлигини аниқлаган.  Суриштирув муаллифларининг берган маълумотларига мувофиқ, бу юридик шахс Ортиқхўжаевга тегишли.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.