Анхор оқшоми: 4 январ янгиликлари
Бош прокуратура Самарқандда аёл қийноққа солингани тўғрисидаги ишни ўз назорати остига олди. Бунгача Самарқанд вилоятининг “Янгиобод” маҳалласи аёл фуқароси ўзи ишлайдиган фермер хўжалиги раисининг ака-укалари томонидан қийноққа солинганлиги юзасидан прокуратурага мурожаат этган. Жабрланувчининг сўзларига қараганда, унга қилган меҳнати учун атиги ярим иш ҳақини тўлаганликлари сабабли прокуратурага мурожаат қилган. Шундан сўнг фермернинг ака-укалари аёлни ҳақоратлаган, қўлларини боғлаб, тан жароҳатлари етказган, бутун қийноқ жараёни эса видеога муҳрланган.
Тошкент вилоятида 4 ёшдан 15 ёшгача бўлган беш нафар қиз газ исидан заҳарланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмди. Газдан заҳарланиш ҳолати қўлбола печка туфайли рўй берган. Зангиота тумани прокуратураси “Зангиотатумангаз” газ таъминоти ташкилотининг мансабдор шахсларига қарши “инсон ўлимига сабаб бўлган хизматга бўлган совуққонлик” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди.
Бош прокуратура Юнусобод тумани собиқ ҳокимининг ишини изоҳлаб берди. Бахтиёр Абдусаматов пора олди-бердиси, товламачилик моддалари бўйича айбланмоқда. Дастлабки тергов давом этмоқда.
Давлат Рақобат қўмитасини қайта ташкил этиш режалаштирилмоқда. Ҳозирча бу лойиҳа 15 январга қадар муҳокамаси ўтадиган “Фаол инсвестициялар ва ижтимоий ривожланиш Йили” Давлат дастурининг лойиҳасидир. Монополияга қарши мустақил давлат органини ташкил қилиш кутилмоқда. Давлат дастурининг худди шу лойиҳасида Олий Мажлис қошида коррупцияга қарши кураш бўйича қўмита ташкил қилиниши кўзланган. Қонуннинг мувофиқ лойиҳаси 1 апрелга қадар ишлаб чиқилиши режалаштирилиб, унда ҳар бир давлат органи коррупцияга қарши кураш бўйича ўз дастурини ишлаб чиқиши шарт эканлиги меъёрини киритиш таклиф қилинган.
Ўзбекистонда Марказий Осиё мамлакатлари бўйича Президентнинг махсус вакили лавозимини таъсис этиш режалаштирилмоқда. Айнан шу таклиф “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш Йили” давлат дастури лойиҳасида ўз ифодасини топган.
Шарҳлар