«Антикоагулянтлар ва COVID-19»: янги коронавирус инфекциясини даволашда қонни суюлтирувчи препаратларнинг роли ҳақида кардиолог билан интервью
Антикоагулянтлар ва антиагрегантлар – қонни суюлтирувчи препаратларни дунёда COVID-19 га чалинган беморларни даволашдаги самарадорлиги борасида ўрганишда давом этишмоқда. Май ойида тиббий марказ ва Mount Sinai мутахассислари антикоагулянт терапиясининг фойдаси ҳақидаги тадқиқотлар натижаларини эълон қилди. У янги коронавирус инфекциясида қонни суюлтирувчи препаратлар тромблар ҳосил қилишига тўсқинлик қилишидан ва инсульт хавфини камайтиришидан иборат.
Anhor.uz журналисти Виктория Абдурахимова Республика Ихтисослашган Кардиология Марказининг кардиолог шифокори Игорь Арсеньевич Цой билан COVID-19 профилактикаси ва уни даволашда антикоагулянтларнинг роли ва ўз-ўзини даволашда эҳтимолий хатарлар ҳақида суҳбатлашди.
— Илтимос, организм коронавирусга чалинганида қонда қандай ўзгаришлар юз беришини тушунтириб берсангиз.
— COVID-19 – оғир ва ҳозирча кам ўрганилган инфекция бўлиб, у деярли барча органларга шикаст етказиши мумкин. Унинг асосий нишони – юқори нафас йўлларининг ҳужайралари ва альвеоляр тўқималар, бу пневмония ва унинг асоратлари ривожланишига олиб келади.
Янги коронавирус инфекцияси организмга тушганида, ҳимоя реакцияси юзага келади. Қон бу “ҳужум”га иммун ҳужайралар: лейкоцитлар ва лимфоцитлар фаоллиги билан жавоб қайтаради, уларнинг сони ошади.
Ушбу кўрсаткичларнинг пасайиши – ёмон белги. Бундан ташқари, ЭЧТ (эритроцитларнинг чўкиш тезлиги) ва тромбоцитлар, яъни қоннинг қуюлишига жавоб берадиган ҳужайралар сонининг ошиши кузатилиши мумкин. Тромбоцитлар миқдорининг пасайиши камдан-кам учрайди.
— АҚШ, Россия ва бошқа мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам, COVID-19 ни даволаш бўйича вақтинчалик протоколларда антикоагулянтлар ва антиагрегантлар мавжуд. Препаратларнинг иккала гуруҳи ҳам қонни суюлтиради, аммо турлича таъсир кўрсатади. Уларнинг фарқи нимада?
— Барча дори препаратлари турли синфларга, гуруҳларга ва кичик гуруҳларга бўлинади. Антикоагулянтлар ва антиагрегантлар – бу дориларнинг турли гуруҳлари бўлиб, уларнинг асосий вазифаси вена томирлари ва артерияларда тромблар ҳосил бўлиши билан боғлиқ касалликнинг олдини олиш ёки даволаш ҳисобланади.
Қоннинг қуюлиши ёки коагуляция яшаш учун зарур. Ушбу тизим ишдан чиққан тақдирда, ҳатто унча катта бўлмаган шикастланиш ҳам ўлимга олиб келиши мумкин. Бироқ қоннинг ҳаддан ташқари қуюлиши ёки гиперкоагуляцияда тромблар томирларнинг ичида ҳосил бўлиши ва қон йўлини тўсиб қўйиши мумкин. Агар одамга ўз вақтида ёрдам кўрсатилмаса, бу аъзолар ва тўқималарнинг нобуд бўлишига олиб келади.
Антикоагулянтларнинг антиагрегантлардан асосий фарқи – уларнинг турли ишлатиш нуқталарида. Антикоагулянтлар қон қуюлишининг гуморал омилларига таъсир кўрсатади, антиагрегантлар эса қон ҳужайраларининг ёпишишига (агрегациясига) тўсқинлик қилган ҳолда ҳужайра омилларига таъсир кўрсатади.
Препаратларнинг ҳар бир гуруҳи учун юзага келган клиник вазиятга қараб қўлланадиган ва қўлланмайдиган ҳолатлар мавжуд. COVID-19 инфекциясининг ўткир босқичидаги беморларга паст молекуляр (нофракцияланган) гепаринларни тайинлаш зарур. Бошқа антикоагулянтлар ва антиагрегантлар бекор қилиниши зарур. Уларни фақат махсус кўрсатма бўйича ёки махсус ҳолатларда, масалан, гепаринлар йўқ бўлганида қўллаш мумкин.
— Антикоагулянтли терапияни тайинлаш мумкин бўлмаган хатар гуруҳлари мавжудми?
— Антикоагулянтлар таъсир қилиш механизмига қараб фарқланиши мумкин. Улар инсульт ёки ўпка веналари тўсилиб қолишининг олдини олиш мақсадида турли юрак ва томир касалликларини, масалан, миокард инфарктида, турли тромбозларда даволаш учун кенг қўлланилади.
Агар антикоагулянтлар остида биз COVID-19 га чалинган беморларни юритиш бўйича вақтинчалик тавсияларда ёзилган айнан паст молекуляр гепаринларни тушунсак, унда абсолют қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар йўқ.
Бироқ гепаринлар аллергик реакцияни келтириб чиқариши, анафилактик шокни ҳамда турли қон кетишларини ривожлантириши мумкин. Бундай препаратларни яқинда жарроҳлик операцияси қилинган, олдин қон кетишлари кузатилган, қон касалликларига эга беморларда эҳтиёткорлик билан киритиш лозим. Антикоагулянтларни фақат бундай даволашнинг фойдаси ва хатарини белгилайдиган шифокор тайинлаши керак.
— Антикоагулянтлар ва антиагрегантларни профилактика мақсадларида қабул қилиш мумкинми? Қонни суюлтирувчи препаратларни тайинлаганда касаллик шакли, яъни унинг аломатсиз экани, енги ёки оғирлиги аҳамиятга эгами?
— Ҳаммаси касаллик кечишининг оғирлик даражасига, йўлдош оғирлаштирувчи ҳолатлар ва касаллик асоратлари бор-йўқлигига боғлиқ. Бундай даволаш ишларининг давомийлиги бемор тузалганидан кейин бир неча кундан бир нечта ҳафтагача сўзилиши мумкин. Буни даволовчи шифокор белгилайди.
Профилактика учун антиагрегантларни ва антикоагулянтларни қабул қилиш мумкин эмас.
Касаллик енгил кечганида гепаринларнинг профилактик дозаларини антиагрегантларнинг профилактик дозаларига ўтказишнинг ўзи етарли (ичакда эрийдиган қобиқдаги ацетилсалицил кислотаси (75 мг)). Яна такрорлайман: қарорни бемор эмас, шифокор қабул қилиши керак.
— Қонни суюлтирувчи препаратларни қабул қилишни бошлашдан олдин бирор-бир таҳлилларни топшириш зарурми?
— Антикоагулянтларни ва антиагрегантларни қўллашдан олдин диагностика тестларининг стандарт тўпламини топшириш зарур. Булар: қоннинг кенгайтирилган умумий таҳлили, коагулограмма (олтита кўрсаткич, шу жумладан АҚТВ ва фибриноген), кўрсатмалар бўйича – УТТ ва жигар ферментлари.
Виктория Абдурахимова суҳбатлашди
Шарҳлар