АСР ТЕРАКТИ: АҲМАД ШОҲ МАЪСУД ҚАНДАЙ ЎЛДИРИЛГАН ЭДИ? III ҚИСМ

АСР ТЕРАКТИ: АҲМАД ШОҲ МАЪСУД ҚАНДАЙ ЎЛДИРИЛГАН ЭДИ? III ҚИСМ

Маъсудга нисбатан амалга оширилган террорчилик ортида фақат «Ал-Қоида» ва «Толибон» эмас, балки дунёнинг 20 мамлакати, жаҳон миқёсидаги ташкилотлар ҳам бор эди. Унинг атрофидагилар ҳам бу ишга аралашганди. Унинг ўлдирилиши билан боғлиқ халқаро ва ички суриштирув ишлари тўхтатиб қўйилган. Дастлабки натижалар маълум қилинмади. Бироқ «Панжишер арслони» ҳалок бўлганидан сўнг террор тўлқини шиддат билан бутун дунёга тарқаб кетди. Бундан ким манфаатдор эди? Нима учун терроризм деб аталмиш «оғзидан олов пуркаб турган аждаҳо»ни унинг қаъри – Афғонистонда яксон қилолмадилар, аксинча унга имкон яратиб, АҚШ, Европа ва Яқин Шарққа йўл очиб бердилар?

Кветтадан юборилган қути

Қандаҳордаги «Мактаб ул-Алом» уқув-ташвиқот маркази бутун дунёга тарқатиладиган арабча, урдуча, пуштуча, дари ва инглиз тилларида турли хил варақалар, брошюралар ва «Ал-Қоида» журналларини чоп этарди. Марказ иҳтиёрида замонавий компьютерлаштирилган босмахона бор эди. Ундан «Толибон» ҳам ташвиқот ишлари учун фойдаланган.
БМТ кичкина самолетлари ҳар чоршанба кунлари Исломобод ва Қандаҳор оралиғида учар эди. «Толибон» ва «Ал-Қоида» ҳам улардан фойдаланиб, керакли нарсаларни юбориб-олиб турар эдилар. Кунлардан бирида «Мактаб ул-Алом» ходимлари аэропортдан қўллари бўш қайтдилар. Покистондаги ваколатҳоналарига хабар берганларида, буюмларингларни ер йуллари билан Покистоннинг Беллужистони маркази Кветтадан келтирамиз дедилар. Жўнатма бир ҳафтада келди.

Нарсаларнинг орасида оддий бир қути ҳам бор эди. «Ал-Қоида»нинг афғонистонлик таржимони «Мактаб ул-Алом» ходимларининг сўзларига таяниб, улар шанба куни Абухафс Сагирнинг (Махфуз Валад ал-Валид, мавританиялик, «Ал-Қоида»нинг диншуноси), бир киши келиб, қути ҳақида сўраганлигини сўзлаб берди.

Эртасига Марказ омборхонасига кутини излаб иккита араб келди. Қути енгил эди, ичига эски видеокаера солинган эди. Бу ғалати туюлди. Бундай камера нима учун керак ва нимага унга шунча эътибор бериляпти деган саволга жавоб бўлмади. Лекин эртасига иккита араб шу камерани кўтариб, таржимоннинг олдига келишди ва «Толибон» ташқи ишлар вазири Мавлови Мутаввакил билан интервьюни таржима қилишни илтимос қилишди. Таржимоннинг гувоҳлигича саволларининг савияси паст, айримлар умуман беўҳшов эди. Суҳбат ниҳоясида Мутаваккил интервью нусҳасини унга беришни илтимос қилди, лекин илтимоси бажарилмай қолди (Мутаваккил, АҚШдан сўнг Усаманинг иккинчи ўриндаги душмани, 2001 йил 9 сентябридан кейин нима учун Усама шу икки террорчини унинг олдига йўллаганини тушунган бўлиши мумкин…).

Эртасига «Толибон» раҳбарияти таржимонга арабларни Қандаҳор аэропортига кузатиб қўйишни буюрди. У уларни аэропортга олиб кетиш учун меҳмонхонага келганида ҳайрон қолди: арабларни кузатишга «Ал-Қоида»нинг энг кўзга кўринган намоёндалари келган экан — Сайф ул-Адл (мисрлик, 2011 йилда Усама бен Ладенни ўрнига келди), Абухафс Кабир (мисрлик, бен Ладеннинг муовини), Абухафс Сагир, Сулейман Абугайс (қувайтлик, бен Ладеннинг куёви). Вахид Мужда айтишича, уларга оқ фотиҳани шаҳсан Усама бен Ладен, унинг ўринбосари Айман Завахири ва «Толибон»нинг етакчиси Мулла Омар беришган.

Қобулда «журналистларни» «Ал-Қоида»нинг меҳмонхонаси маъмури Абдулхади Ироқи кутиб олди. У «Толибон» ташқи ишлар вазирлигининг аппарат бошқарувчиси Абдураҳмон Зоҳидга уларга руҳсатнома бериш илтимоси билан мурожаат қилди.

Бундан илгари Абу Хани ер йўлдоши орқали эски таниши — Абдураб Расул Сайаф билан икки марта гаплашиб, «журналистларга» Афғонистон Бирлашган Фронт етакчилари билан интервью уюштиришга кўмаклашишни сўраган эди. У араб дунёсида БФ ва унинг етакчилари, айниқса Ахмадшоҳ тўғрисида анча нохуш миш-мишлар, гаплар кўпайганини важ қилиб, журналистлар репортажлари ижтимоий фикрни ижобий томонга ўзгартиради деб, арабларнинг «хизмат сафарларини» асослаган.

Абу Хани биринчи марта қўнғироқ қилганида, Босниядан телефон қиляпман деб ёлғон гапирган, ўзи эса Қандаҳордаги Усама бен Ладеннинг данғиллама уйидан туриб гаплашган эди. Иккинчи марта Қобулдан телефон қилиб, Қандоҳордан телефон қиляпман деб, ёлғон гапирган. Шу билан у ўз ишини бажариб, Афғанистондан ғойиб бўлган.

Панжшердаги кунлар

Шундай қилиб бу воқеа ёлғон ва қаллобликга асосланган — қалбаки хужжатли, қалбаки баҳона ва далиллари билан келган ясама «журналистлар». Террорист-араблар август ўрталарида Жалолободдан йўлга чиқишган. Фронт чизиғини улар Абдураб Расул Сайаф аскарлари назорати остидаги Капис вилоятининг Тагаб туманида кесиб ўтишган.

Уларнинг Афғонистон Бирлашган Фронти назорати остидаги ҳудудга қандай кирганлари ва Панжшердаги ҳаётлари Раззоқ Мамуннинг «Фиръавнинг олдини олиш» китобида батафсил ёритилган. Унинг ҳикоясига кўра террорчилар асад ойининг оҳирида (август ойининг иккинчи ўнлигининг оҳири) тавсия хати ва қалбаки паспортлар билан Қобулдан 70 км нарида жойлашган Жабалуссирож шаҳридаги Сайяфнинг штабига келишган. Журналистлар мактубдан ташқари унга ўзларининг паспортларини ҳам топширдилар, бу бемаъни эди, чунки улардан буни ҳеч ким сўрамаган эди, деб, гапириб берган Сайаф. Улар Сайафдан интервью олдилар. Шундан сўнг унда шубҳалар туғилди, чунки саволлари мантиқсиз эди. Шунга қарамай у Маъсудга телефон қилиб, араблар келганини хабар қилди ва АБФ ҳудудида уларнинг ҳаракатланишига ундан руҳсат олди. Уларни Панжшер дарраси киришидаги меҳмонхонага жойлаштиришди. Сайаф айтишича, у ўз шубҳалари билан Қобулнинг шимолий фронти қумандони Бисмиллоҳон билан ўртоқлашган. У Маъсуднинг махсус хизмати тезкор ходими генерал Мирзога уларни даррага кузатиб боришни буюрган.

Мирзонинг гапларига кўра йўл-йўлакай «журналистлар» болалар ва тиланчиларга бажонидил роса кўп пул тарқатишган. Лекин даррага етгач, баланд қояларни ва ёввойи табиатни кўриб ўзларини йўқотиб қўйишган.

«Биттасини титроқ босди. Терактдан сўнг, шу дамларни эслаб, уларни режалари очилган деб ўйлашганлигини тушундим. Лекин ўша вақтда, бу текисликлар, дашт одамлари тоғлар маҳобатидан ҳайратга тушди деб ўйладим», – деб, сўзлаб берди Мирзо.

Улар АБФ штаби жойлашган Долон Сангга келишди ва уларга Юнус Қонуни хонасини беришди.

«Мен меҳмонларга ҳурмат юзасидан юкларини ташишга ёрдам бермоқчи эдим, лекин улар буни қатъий рад этишди ва ёрдамдан воз кечдилар», – деб, эслайди Мирзо.
Эртаси куни Долон Сангда АБФ раҳбарлари ва қумондонларининг уч кунлик мажлиси бошланди. Қатнашчилар қаторида Бурхонуддин Раббони, Аҳмадшоҳ Маъсуд, Абдураб Расул Сайяф, Қосим Фаҳим, Бисмиллоҳан ва бошқалар бор эди.

Террористлар мажлисга киришга интилиб руҳсат сўрадилар, лекин Бисмиллоҳон уларнинг илтимосларини рад этди.

Улар кейинги кунларда ҳам мажлисга интилиб, астойдил илтимос қилдилар. Маъсуд уларни қабул қилишга рози бўлди, лекин мажлисдан кейинги кунларда. Улар мажлислар залига кирганларида нималар содир бўлишини тассавур қилса бўлади! Сайаф айнан шундан сўнг бу араблар билан эҳтиёт бўлинг деб, Маъсудни огоҳлантирган.
Мажлисдан сўнг Маъсуд уларни ўзи билан Тоҳарга олиб кетмоқчи бўлди, лекин генерал Мирзо ва Бисмиллоҳоннинг гапига қулоқ солиб, қарорини ўзгартирди. Арабларни Панжшер аэропорти ёнидаги «Остона» меҳмонхонасига кўчиришди.

«Улар ёпиқ ҳаёт тарзини афзал кўрдилар. Хонасидан фақат хожат билан чиқар эдилар. Кечалари уларнинг шарпаларини кўрар эдик. Улар жимгина гаплашиб, пичирлашиб, бир-бирларининг қулоқларига гапирар эдилар», — деб эслайди меҳмонхона маъмури Джон Мухаммад «Коко».

Террорчилар Панжшерда бир ҳафта атрофида яшадилар. Шу вақт ичида улар Афғонистон Ислом Республикасининг амалдаги президенти Бурҳонуддин Раббонийдан ва Бисмиллоҳондан интервьюлар олдилар.

Бисмиллоҳоннинг айтишича, уларнинг саволлари фақат Масуд тўғрисида эди, ва у нима сабабдан «Толибон» тўғрисида сўрамайсиз деган савол берганида, улар хизмат сафарларининг мақсади фақат Маъсуд, деб жавоб беришган.

Раббоний билан интервью жуда қисқа бўлди. Дахман унга Масуднинг Европага сафари, Усама бен Ладен тўғрисида атиги учта савол берган ва бу саволлар Раббонийга ёқмаган ва кейинчалик уларнинг бошқа интервью ҳақидаги таклифларига рад жавобини берган. Унинг гапига мувофиқ, улар битта ҳам жиддий савол бермаган ва битта ҳам араб босма нашрини билишмаган.

«Улар оддий бир операторлар бўлса керак, деб ўйладим», — дейди Раббоний.

Бисмиллоҳон интервью пайтида террористларнинг ташқи кўринишига аҳамият берган. Улар яқинда соқолларини олиб ташлашганлиги кўриниб турар эди, башараларининг бир қисмининг ранги бошқасидан фарқ қилар эди….

(Давоми бор)
Биринчи қисми бу ерда, иккинчиси — бу ерда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.