Барча қонун олдида тенгми ёки замон зўравонникими?

Барча қонун олдида тенгми ёки замон зўравонникими?

Тадбиркорлик ва унинг жадал ривожланиши ҳар қандай давлатнинг исталган орзуси. Лекин, ривожланишнинг айрим «кескин» белгилари саратон ўсмасига ўхшаб кетади ва шундай ҳолатда уларга нисбатан жарроҳликни қўллаш, ёҳуд аниқ йўналтирилган химиотерапия ўтказиш энг самарали ечим бўлиши мумкин.
 
Anhor.uz таҳририяти «Урикзор» (ООО «Русан люкс») номли шундай номли бозор қарама-қаршисида жойлашган магазин раҳбариятининг 70 ёшдан ошган онаҳонни ўз ноқонуний ҳаракатлари билан қийнаётгани тўғрисида мактуб олди.
 
«Урикзор» магазини қурилаётганнинг ўзидаёқ унинг эгалари ўзбошимчилик билан ҳудудини уй-жойлар, хусусан мактуб муаллифининг уйи қурилган томонга ноқонуний кенгайтириб, сув тарновини хусусий уйнинг орқа девори томонига чиқарганлар. Маҳалланинг мурожаат ва эътирозларини Учтепа ҳокимияти назар-писанд қилмаган. Ўша пайтни узидаёқ ҳокимият бундай «тадбиркорларнинг» жиловини тортиб, қонунга бўйсинишларини талаб қилганда, ушбу мақолага сабаб бўлган номақбулчиликлар бўлмаган бўлармиди дейсан киши.
 
Шундай қилиб, бундан 5 йил муқаддам «Урикзор» дўкони пайдо бўлди. Дарҳол ноқонуний равишда магазин ортида пуллик ҳожатхона, сўнг қатор ошхоналар, дорихоналар, турли фастфудлар, автоуловлар турар жойлари қурилди. Бундан пайдо бўлган ҳамма ахлат мактуб муаллифи уй-жойлари томонига ташлана бошланди.  Мактуб муаллифининг уйи ва магазин оралиғида ахлат учун катта қутилар жойлаштирилди, лекин улар фақат ойда бир маротаба тозаланди. Атрофда каламушлар кўпайиб, тўда-тўда югура бошлади. Ўзбошимчалик билан қурилган ошхоналарга ҳатто сув ҳам ўтказилмади. Ўта тартибсизлик, сассиқ, бадбўй ҳидлар, ахлат кўчани расвосини чиқариб, илгариги шинам қиёфасини барбод қилди. Маҳалла ўз кучи билан экган 15 дараҳтлар кесиб, йўқ қилинди. Қатор мурожаатлардан сўнг Учтепа тумани прокуратураси ноқонуний иншоотлардан фақат биттагина ошхона ва гўшт дўконини ёпишга муваффақ бўлди. Қолган барча ўзбошимчилик билан қурилган ноқонуний иншоотлар – ҳожатхона, автомашиналар турар жойи ва бошқалар назар-писанд қилмасдан тураверди ва ханузгача турипти.   
 
Вокеалар тарихига мувофиқ 2015 йилнинг январ ойида «Урикзор» (ООО «Русан люкс») магазини эгаларининг ўзбошимчилик билан қурган 10 дан ортиқ дукон ва ошхоналар, санитария ва гигиена меёрларини бузаётган бошқа ноқонуний ҳаракатлари тўғрисида Тошкент шаҳар ҳокимиятининг архитектура ва лойиҳалаштириш Бош бошқармаси, Тошкент шаҳри ва Учтепа тумани ҳокимиятларига шикоятлар юборилган.
 
Тошкент шаҳар ҳокимиятининг архитектура ва лойиҳалаштириш Бош бошқармаси 12.03.2015 й. №16-2/112, 11.05.1616-2/436 хатлари билан ўзбошимчалик билан ноқонуний курилган иншоотлар аниқланганлиги, уларни уч кун ичида бузиб ташлаш тўғрисида кўрсатма берилганлиги ва шу муносабат билан Учтепа ҳокимиятига судга мурожаат қилиш тўғрисида тавсия берилганлигини хабар қилди.
 
2016 й. 11.05даги №06-9-937 хати билан Учтепа тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари қурилган барча ноқонуний иншоотлар бузилганлиги ва ООО «Русан Люкс» томонидан қонунбузарчилик ҳодисалари устидан Учтепа тумани фуқарофий судига даъвогарлик ариза юборилганлигини хабар қилади.
 
2015 й. 25.05 №06-9-307 ва 2015 й. 03.06 №06-9-327 хатлари билан Учтепа тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари барча ноқонуний иншоотлар бузиб ташланиб, ҳамма ҳолатлар хужжатларга мувофиқлаштирилганлиги тўғрисида ғирт ёлғон ёзиб тасдиқлайди, чунки таҳририят қариянинг мактубини олиб, ушбу мақола тайёрлаётган пайтда ҳам хеч бир иншооат бузилмай, ишини давом эттираётган эди.
 
Қизиқарлиси шундаки, ундан бир кун кейин Тошкент шаҳар ҳокимияти 2015 й. 26 май кунидаги №72-деп хати билан «Урикзор» магазини атрофидаги барча ноқонуний иншоотлар аниқланганлиги ва улар бузилиши кераклиги тўғрисида хабар берди.
 
Амалда эса туман прокуратураси аралашгандан сўнг биттагина ошхона бузилиб, қолган ўзбошимчалик билан қурилган гўшт дўконлари, магазинлар, ошхоналар, аптека ва 380 кв.м ноқонуний бостирма жойларида қолиб, хозирги кунгача ишлаб турипти.

Тошкент шаҳрининг давлат кадастри бошқармаси 2015 й. 10 сентябрь кунидаги №12/766 ва 2016 й. 13 март кунидаги 12/41эл, 2016 й. 18 май кунидаги 12/512 хатлари билан 104 кв.м ноқонуний дўконлар ва 385 кв.м. ноқонуний бостирма қурилганликларини аниқлаб, Учтепа ҳокимиятига тегишли билдирги киритган. 

Учтепа тумани прокуратураси 2015 йил 29 октябридаги №1521м-2015 хати билан 104 кв.м ноқонуний дўконлар ва 385 кв.м. ноқонуний бостирма қурилганликларини аниқланганлиги ва ушбу маълумотлар Учтепа хокимиятига судга мурожаат қилиш учун тақдим этганлигини хабар қилади.
 
Ушбу коғозбозликдан сўнг ёши улуғ онахоннинг қийноқлари тугаш ўрнига кўпайганлиги адолатли ғазаб уйғонтиради. На шаҳар, на туман ҳокимиятларининг қўлларидан беш йил давомида хатто биттагина тарнов муаммосини ҳал қилиш келмади.
 
 «Тарнов бизнинг уйимиз томонига қаратилганлиги беш йилдан бери ҳар бир ёмғир ёғганида уйимизнинг орқа тарафи сувга ғарқ бўлишига олиб келмоқда. Бу йил баҳорида ёғимгарчилик кўп бўлганлиги туфайли бизнинг деворимиз уваланиб, бузилиб тушаётгани, тротуар плиткаси чўкиб кетганини Учтепа ҳокимиятининг бизлар чақирган гувоҳлари кўриб, акт тузишган. Лекин магазин эгалари, Тошкент шаҳар ва Учтепа хокимиятлари томонидан ҳеч қандай чоралар кўрилмади. Хокимият «Сувсоз» ташкилоти, санитария ва гигиена назорати ва бошқа ташкилотларга хатлар юборди, лекин барчаси қуруқ расмиятчилик қоғозбозлик билан кифоятланишди. Учтепа ҳокимиятидан ханузгача ҳеч қандай хабар бўлмади».
 
Кекса аёл на давлатдан, на маҳалладан ёрдам топмасдан махалла оқсоқоли ва Учтепа тумани ҳокими ўринбосари билан келшиб, ўз пулига (6млн. сўм!) магазиннинг  барча қудуқларини четлаб уйини деворини ҳимояловчи бордюр (деворча) қурди.
 
«Тўрт кун давом этган қурилиш жараёнида «Урикзор» магазини директори, ёнидаги барзангилари билан келиб кекса аёлга «сени ўлдириб кетамиз» деб таҳдид қилишдилар. Учтепа ТИИБга берилган ариза «сирли ҳолатда» йўқ бўлиб қолди.
 
2016 йил октябрининг 13 куни кечаси эса ёғган ёмғир пайтида магазин эгалари оғир техника ёрдамида бордюрни кўпгина қисмини бузиб ташлашди.

Одам бундай ҳолатни тарифлашга қийналади, чунки бу давлат органлари ва қонунларини намойишкорона менсимасликка ўхшаб кетади. 
 
Оҳирги икки йил, бошидан саналса беш йилдан бери на ҳокимият, на прокуратура биргина масъулияти чекланган жамиятни қонунга бўйсиндиришга ожизлар. Устига устак, муаммо ечилганлиги тўғрисидаги соҳта баёнотлар билан кифояланишган. Демак, бу ҳолат ҳеч бир идора, негадир, ўз қарорини бажарилиши устидан қонун талабига мувофиқ назорат ўрнатмаганлигидан, ёҳуд ҳар бир бу ишга даҳлдор идора ноқонуний қурилган, одамларга азоб бераётган иншоотлар бемалол ишлаб туришидан манфаатдор эканлигидан далолат беради. Мумкин, ҳулосамиз қўполроқ туюлар, лекин кўринишидан юридик дармонсизлик, қип-қизил ёлғон ва порахўрлик устивор келаётганига ўхшаб кетади.

Четдан кузатганда бу ходисалар давлат миқёсида назар-писанд қилишга арзимас бўлиб кўриниши мумкин. Лекин, бу ҳодисанинг ўнлаб, мумкин юзлаб одамлар  гувоҳлари бўлганлигини унутиб, алданиб қолмайлик. Давлатимиз уларни тарбияси тўғрисида куюнаётган ёшлар ҳам пулдорларнинг чексиз ҳукмронлиги ҳақида ўзларига ҳулоса чиқаришлари мумкин, аҳир. Шуни ҳам назарда тутиш лозимки, бундай «бизнес уддабуронлари» қилмишларига аҳамият берилса, уларни сони кам эмаслигини кўради киши. Ёшларимизнинг тарбиясидаги учрайдиган нуқсонлар, бир қанча фуқароларнинг қонунбузарлигининг илдизи шундай ҳолатлардан келиб чиқиши аниқ, деб уйлайсан киши.
 
Бу ҳодисанинг якуни хулоса ясаши даркор – давлат ва унинг қонунларини менсимасдан, уларнинг обрўсига таҳдид қилган, ўз вазифаларига масъулиятсиз бўлган мутасаддиларни кечириш мумкинмикан ёҳуд уларнинг ўрнига бошқа, давлат ва қонун, оддий фуқаролар қадр-қимматига хурмат ва масъулият билан қараб, ҳаракат қилувчи бошқа раҳбарлар келиши керакмикан.
 

PS: 19 октябрь кечаси ООО «Русан люкс» томонидан уйни оқава сувдан ҳимоя қилувчи бордюрни қолган қисмини бузишга ҳаракат содир қилинган. Уй эгаси жанжал билан ноқонуний ҳаракатни тўхтатишга муваффақ бўлган. Чақиртирилган участка нозири ариза қабул қилган, бульдозер ўз изига қайтган. Қачонгача?

P.S. Таҳририят қўлида ушбу ишга тегишли барча хужжатлар мавжуд.  
 
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.