Бешинчи баландлик: Владимир Жонибеков «Салют-7»ни қандай қутқарганди
80 йил муқаддам, 1942 йил 13 майда, «СССР 1-даражали учувчи-космонавт» кўкрак нишонига эга бўлган ягона инсон дунёга келди. У коинотга бешта орбитал парвозни амалга оширди, уларнинг ҳар бири инсоннинг коинотни тадқиқ этиши йўлидаги муҳим қадам эди. «Известия» нашри икки марта Совет Иттифоқи Қаҳрамонини таваллуд айёми билан табриклайди ва унинг таржимаи ҳолини эслатади.
Тезкор режимда
Отаси Тошкент вилоятининг Искандар қўрғонида ўт ўчирувчи бўлиб ишларди. Кичкина Володя отасига иштиёқ билан ёрдам берарди, шу боис фавқулодда вазиятларга, масъулиятга ва ҳатто хавф-хатарга кўникиб қолганди. Бу кўникмалар бўлғуси учувчи-космонавтга катта ёрдам берди. Бўлажак офицерларни физика, спорт (Владимир ёшлар ўртасида оғир атлетика бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлган) ва рассомлик билан таништирган Тошкент суворовчилар мактабида ўқиш тажрибаси ҳам ёрдам берди.
Космик аср бошланганида у 15 ёшда эди. Учувчи бўлишни орзу қилган Жонибеков космосга парвоз қилиш ғоясига қизиқиб қолади. Ўша йили Владимир Константин Циолковскийнинг бир нечта асарини, Иван Ефремовнинг «Андромеда туманлиги» асарини ўқиб чиқади.
Суворовчида юлдузли осмон харитаси ҳам бор эди. Тунлари Жонибеков томга чиқиб, самовий жисмларнинг ҳаракатини кузатарди. Таълим муассасасининг казармасида машғулотлардан бўш пайтида ҳатто кичик телескоп ҳам ясайди. «Билим» жамиятида коинот мавзусида маъруза эълон қилинган бўлса, Жонибеков уни ўтказиб юбормасди.
Жонибеков суворовчилар мактабини олтин медаль билан тугатади. Аммо айнан ўша пайтда Хрушчёв нафақат армияни, балки авиацияни ҳам қисқартираётган эди. Учувчилар мактабига йўл ёпилади. Жонибеков бунинг йўлини топади – астрономияни ўргана бошлайди. У Ленинград университетининг нуфузли физика факультетига ўқишга киради. Бундай талабалик билетини маҳкам ушлаш керак эди, ўқиш уни бутунлай қамраб олади – лекин у само ҳақидаги орзуларидан кечолмайди. Жонибеков университетнинг парашютчилар секциясини бошқаради.
Университетда бир йил ўқиганидан сўнг, Жонибеков нафақат Сигизмунд Леваневский ва Нельсон Степанян каби қаҳрамон-битирувчилари билан, балки 1915 йилдан бери тўпланган энг қимматли кутубхонаси билан ҳам машҳур бўлган Ейск авиация мактабига ўқишга киради. Курсант бўш вақтларида кўп расм чизар, деворий газетани юритар ва турли тилларда санъат бўйича китобларни ўқирди. Парвоз соҳасини эса мукаммал эгаллаб олади.
Билим юртини имтиёзли диплом билан тугатгач, у Ейскда қолади. Беш йил давомида Су-7 самолётида инструктор бўлиб ишлайди. У СССР Ҳарбий-ҳаво кучлари қирувчи-бомбардимончи авиациясининг 18 нафар учувчисини ва Ҳиндистон ҳарбий авиацияси учун учта учувчини тайёрлайди.
Камчиликсиз космонавт
Афсонавий Герман Титов Унинг космонавтика бўйича чўқинтирган отасига айланади – у янги дастур учун учувчиларни танлаб олаётганди. У Ейскга учиб келади ва дарҳол Жонибековнинг учиш техникасига эътибор қаратади. Тез орада учувчи тиббий кўрикдан ўтишга чақирилади. У жиддий танловдан ўтади. Минглаб тайёрланган, истеъдодли учувчилардан саккиз киши космонавтлар отрядига йўлланма олади. Кейинчалик улардан фақат тўрттаси космосга парвоз қилди: Георгий Береговой, Юрий Романенко, Леонид Попов ва Владимир Жонибеков.
Кейинчалик Жонибековнинг матонати ҳақида, унинг космик юкламаларга тез мослашиши ҳақида афсоналар пайдо бўлади. У гўё вазнсизликда мавжуд бўлиш учун туғилгандек. Ҳатто отрядда уни камчиликсиз космонавт деб аташади. Шунга қарамасдан, Жонибеков илк парвозини деярли саккиз йил кутишига тўғри келди.
Ва мана – Бойқўнғир, ҳаётида биринчи марта орбитага чиқади. 1978 йил 10 январь. У СССРнинг 43-космонавти ва жаҳон тарихидаги 86-космонавтдир. Ўша пайтда космосни забт этган ҳар бир киши энди миллий қаҳрамон эмасди. Шон-шуҳратни қозониш керак эди, лекин Жонибеков айтганидек, асосийси «шарманда бўлмаслик».
Борт муҳандислари борасида доим омади чопарди. Улар ҳақиқий олимлар, тажрибачилар эди. Улардан биринчиси Олег Макаров – ёши ва космик тажрибаси бўйича энг каттаси, у аллақачон орбитада бўлиб қайтганди. Кейинчалик командирнинг ўзи, дипломли учувчи, қалби билан эса тадқиқотчи, илм-фан одами экани маълум бўлди. Борт муҳандиси буни дарҳол ҳис қилди. Станция ҳақиқий лабораторияга айланди.
У биринчи парвоздаёқ ўзининг шиорини шакллантирди: «Шубҳа қил ва ишон». Барча ороллар, юлдузлар ва қонунлар аллақачон кашф қилинганига шубҳа қил. Уларни кашф қилиш сен кашф қилишинг мумкинлигига ишон.
Жонибеков «Салют-6» да ўзини яхши кўрсатиб, ўша даврнинг энг истиқболли тадқиқот дастурларидан бири – “Интеркосмос”да фаол иштирок эта бошлади. Ўшанда илк бор турли мамлакатлар – асосан Совет Иттифоқи иттифоқчиларининг технологик ишланмаларини бирлаштиришга муваффақ бўлинди. Бу давлатларнинг вакилларини эса Юлдузли шаҳарчада парвозга тайёрлашарди. Уларнинг энг яхшилари орбитада совет космонавтлари билан бирга ишлайди. Жонибеков ушбу дастур доирасида иккита парвозни амалга оширди – мўғул космонавти Жугдердемидийн Гуррагча ва француз Жан-Лу Кретьен билан бирга. Уларнинг иккаласи ҳам Жонибеков бошчилигида парвоз дастурини амалга оширишда профессионал иштирок этди. Тарихдаги биринчи француз космонавтини эса Жонибеков учувчилик тажрибаси билан алоҳида ҳурмат қиларди: Кретьен қирувчи учувчи ва синовчи-учувчи бўлиб, машҳур “Миражлар”ни биринчи бўлиб осмонга кўтарган.
«Салют-7»ни қутқариш
Тўртинчи парвозда Жонибеков Светлана Савицкая ва Игорь Волк билан биргаликда “Салют-7” станциясида бўлишига тўғри келди. 1984 йил 25 июлда Жонибеков ва Савицкая дунёда биринчи бўлиб очиқ космосда пайвандлаш машинаси билан станцияни таъмирлашди. Бу бўлғуси космонавтлар учун асқотадиган энг муҳим тажрибага айланди. Бир йилдан камроқ вақт ўтгач эса, бу космик уйни қутқариб қолишга тўғри келди.
1982 йил апрель ойидан бери ишлаётган станция ўз даврининг конструкторлик соҳасидаги илғор қурилмалардан эди. “Салют”да орбитада қолиш бўйича рекордлар ўрнатилди, унда, шу жумладан очиқ космосда энг пухта тадқиқот тажрибалари ўтказилди.
Бироқ 1985 йил 11 февралда вақтинча ҳеч ким бўлмаган станция сўровларга жавоб беришни тўхтайди. Мутахассисларнинг фикрича, у исталган вақтда орбитани тарк этиши ва Ерга қулаши мумкин эди. Олимлар ҳалокатли прогнозларни беришаётганди. Шунда “ўлик станция”га қутқарув экспедициясини юборишга қарор қилинади. Жаҳон космонавтикаси тарихида бунақа нарса бўлмаган, экипаж командири Владимир Жонибеков ва борт муҳандиси Владимир Саввиних ўз зиммасига олган вазифа илм-фан учун жуда муҳим эди.
Экспедициянинг асл мақсади ошкор этилмади. Мисли кўрилмаган парвоз учун махсус космик кема керак эди. «Союз» модернизация қилинди, лазер масофа ўлчагич билан жиҳозланди, қўшимча ёқилғи, ичимлик суви ва ҳавони тозалаш регенераторлари ўрнатилди. Космонавтлар кемада қанча вақт ўтказишлари кераклигини, «Салют-7» станцияси ҳаётга мос келадими ёки йўқлигини ҳеч ким тахмин қила олмасди. Парвоз давомийлиги, Жонибеков ва Савиних дуч келиши мумкин бўлган хавфлар – буларнинг барчасини ҳисобга олиб бўлмасди. Ва яна бир факт. Жонибеков орбитадан фақат 1984 йил июль ойида қайтганди. У дам олиш керак эди, лекин парвоздан бир йил ўтмай яна учишга тўғри келаётганди. Аммо бундай экспедицияда айнан у керак эди – дунёда бошқа ҳеч қандай ишончли космонавт йўқ эди.
8 июнь куни улар станцияни топиб, у билан қўл режимида туташишга муваффақ бўлишди. Виктор Саввиних Жонибеков машғулотлардан кўра хотиржамроқ бўлганини эслайди. Ҳатто юрак уриши ҳам тезлашмади. Хотиржамлик – бу ишга бутун эътиборни қаратиш демакдир. Аммо станция уларни “совуқ” кутиб олди: деразалари музлаган музлатгичга айланганди. Жонибеков ва Саввиних тезда қайси ускуна ишдан чиққанини аниқлади ва станцияни тиклаш йўлини белгилаб олишди. Электр таъминоти блоклари, қуёш массивларини йўналтириш тизими ишламай қолган экан. “Салют”ни иссиқ шапкаларда таъмирлашга тўғри келди. Улар шапкаларни фақат телерепортажлар пайтида ечиб қўйишарди: совет станциясида фавқулодда вазият юзага келгани ҳақида ҳатто ишора ҳам қилиш мумкин эмасди.
16 июнга келиб космонавтлар аккумуляторларни қуёш батареяларига улашга, станцияни иситишга ва унинг ишлаш қобилиятини тиклашга муваффақ бўлишди. “Салют-7”да яшаш ва ишлаш яна мумкин эди. Тез орада Георгий Гречко, Александр Волков ва Владимир Васютин Жонибеков ва Саввинларга ёрдам бериш учун келишади.
Жонибеков эффекти
“Мен учун Владимир Жонибеков идеал замонавий космонавт. У нафақат вазифани бажаради, балки орбитада самарали ишлаш – илм-фан учун, космик тадқиқотчиларнинг келажак авлодлари учун ҳам ишлайди. У билан орбитада ишлаш имконига эга бўлганимдан бахтиёрман”, – дея эслайди Георгий Гречко. Ўшанда Ерга иккаласи хурсанд, жилмайиб қайтганди. «Жонибеков» фамилияси космонавтлар учун жасорат ва қаҳрамонлик синонимига айланди.
Энг яхши космонавтлар одатда ҳар томонлама иқтидорли бўлишади. Владимир Жонибеков Россия Рассомлар уюшмасининг аъзоси, унинг суратлари, китоблар учун чизган расмлари, космик мавзулардаги плакатлари яхши маълум. Жонибеков бир нечта композициясини Юрий Гагаринга бағишлаган. Бу суратларда Жанибекнинг коинотга муносабатини ҳам билиб олиш мумкин: бу сирга шўнғиш ва шу билан бирга техника билан аниқ ишлаш.
Илм-фанда «Жонибеков эффекти» маълум бўлиб, у ҳақда космонавт орбитал юк ортилган контейнерлар ёпилган қулоқчали гайкаларнинг «хатти-ҳаракати» ни диққат билан кузатган ҳолда гапирганди. Бу унинг бешинчи парвозида содир бўлади. Космонавт вазнсизликда гайка қулоқлари олдинга қараб тахминан 40 см учиб ўтиб, тўсатдан 180 даражага бурилади ва худди шу йўналишда учишда давом этганини кўради, лекин энди гайканинг қулоқлари орқага қараган эди. Кейин яна 40 сантиметр учиб, гайка яна 180 даража бурилиш қилади ва қулоқлари билан олдинга қараб яна учишда давом этади – бу ҳолат бир неча марта такрорланаверади. Олимлар ушбу кузатувни таҳлил қилиб, эффектни Ернинг айланиши билан таққослайди, шунда бизнинг сайёрамиз ҳам қачонлардир худди шундай сакраш қилиши ва айланиш ўқини ўзгартириши мумкин деган гипотеза пайдо бўлади. Бу авваллари содир бўлган деган фикр ҳам пайдо бўлади. «Жонибеков эффекти»ни бир неча йил сир тутишади, у фақат 1991 йилда илмий муомалага киритилади.
Жонибеков (бу пайтга келиб – генерал-майор) бир неча йил давомида космонавтлар отрядининг командири бўлиб ишлайди, кейин у назарий ва илмий тайёргарлик бўлимига раҳбарлик қилади, сўнгги йилларини эса бошқа олимлар билан биргаликда инсоният учун янги энергия манбаларини очадиган унитар-квант назариясини яратиш устида ишлайди. Георгий Гречко Жонибеков ҳақида шундай деганди: “У чуқур физик тадқиқотлар билан шуғулланмоқда. Мен унга ҳавас қиламан».
СССР космонавтларидан ҳеч бири у каби бешта космик парвозни амалга оширмаган. Дунёда ҳеч ким Жонибековнинг рекордини ортда қолдирмаган: экипаж командири сифатида бешта космик парвоз. Бирортаям муваффақиятсиз старт йўқ. Космонавтика тарихида кўплаб қаҳрамонлик саҳифалари бўлган. Лекин унга Жонибеков киритганлари алоҳида ажралиб туради.
Шарҳлар