БМТТД пандемия шароитида уй-жойларнинг энергия самарадорлигини таъминлайди
Фотосурат: UNDP Uzbekistan
Коронавирус пандемияси, кўплаб саноат корхоналари фаолиятининг мажбурий тўхтатилиши ва бунинг натижасида юзага келган иқтисодий пасайиш Ўзбекистонда, жумладан, энергиядан оқилона фойдаланмаслик билан боғлиқ кўплаб муаммоларни юзага чиқарди. Энергия сарфини оптималлаштириш борасида шошилинч чора-тадбирларни қабул қилиш, кўп қаватли биноларни лойиҳалаштириш ва қуришда энергия тежамкор технологиялардан фойдаланиш, ижтимоий соҳа обектларининг энергия самарадорлигини ошириш зарурати ҳақида 4 май куни ўтказилган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев ҳам гапирганди.
Бугунги кунда республикада ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг 40% иситиш ва ёритиш учун фойдаланилади. Ўзбекистонда 1 м кв майдонни иситиш учун ўртача 400 кВт.соат электр энергияси ишлатилади, ривожланган мамлакатларда эса бу кўрсаткич 170 кВт.соатни ташкил қилади.
2005 йилдан 2015 йилгача уй-жой ва ижтимоий бинолар секторига энергия ресурслари бирламчи истеъмолининг 34% тўғри келарди. Бу қарийб 16,4 млн. тонна нефт эквивалентини (т.н.э.) ташкил қилади. Уй-жой секторида энергияни тежаш салоҳияти эса 9-10 млн. т.н.э.ни ташкил этади, бошқача қилиб айтганда, истеъмолни тахминан 20% га камайтириш мумкин.
Бу борада бизнинг Глобал экология фонди ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамкорлигида 2017 йилдан буён амалга ошириб келинаётган «Ўзбекистонда энергия самарадорр қишлоқ уй-жойлар қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳамиз эътиборга лойиқдир. Лойиҳани амалга ошириш натижасида уй хўжаликларида энергия сарфи ва иссиқхона газлари чиқиндиларининг камайиши кутилмоқда.
«Ўзбекистонда энергия самарадорр қишлоқ уй-жойлар қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида Самарқанд, Сурхондарё, Фарғона, Хоразм ва Бухоро вилоятларида паст углеродли бўлган 800 та уч хонали энергия самарадор уй барпо этилди. Бу уйларнинг ҳар бирида ёритиш эҳтиёжлари учун қуввати 300 Ватт бўлган фото-электр станциялари (ФЭС) ўрнатилган ва ишламоқда. Шундай уйларнинг ўнтасида эса қуввати 200 литр сувни иситишга етадиган қуёшда ишлайдиган сув иситгичлари ўрнатилган.
Шунингдек бу уйларда энергия истеъмолини камайтиришга сифатли махсус қурилиш материалларидан фойдаланиш, тўсувчи конструкцияларни иссиқ қилиш, деразалар тирқишларини зичлаштириш, хоналар ҳароратини автомат тўғирлаб туриш ва ҳоказолар ҳисобидан эришилмоқда.
Бироқ, бинода энергия истеъмолининг бундай даражаси 3 йилдан 5 йилгача сақланиб туради, кейин эса яна оша бошлайди. Энергия самарадорлиги бу тарзда пасайишининг сабабларини аниқлаш учун энергетик кўрикни ўтказиш зарур. Шу боис энергетик аудитни ўртача тўрт йилда бир марта ўтказиш тавсия этилади.
«Ўзбекистонда энергия самарадорр қишлоқ уй-жойлар қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳасида 2020-2021 йилларда қурилган намунавий уйларнинг энергетик аудитини ўтказиш кўзда тутилган.
Энергетик аудит пайтида мутахассислар махсус техника ёрдамида энергия таъминоти, уни тақсимлаш ҳамда бинолар ва иншоотлар томонидан истеъмол қилиш тизимлари кўрикдан ўтказилади. Олинган маълумотлар асосида мутахассислар энергия истеъмоли ва самарадорлигининг жорий даражасини баҳолайди, истеъмол қилинадиган ёнилғи-енергетика ресурсларига сарфланадиган харажатларни тежаш имкониятини аниқлайди, энергия ресурслари ва бошқа воситаларга сарфланадиган харажатларни камайтириш учун техник, ташкилий-иқтисодий чора-тадбирларни ишлаб чиқади.
Энергетик аудит иссиқлик ва электр энергиясининг ҳақиқий йиллик истеъмолини аниқлайди. Шунингдек бу иссиқхона газлари чиқиндилари даражасини ва аҳолининг энергия истеъмолини тўлашга кетадиган харажатларини аниқлашга ёрдам беради. Олинган маълумотлар ушбу биноларни 2018 йилда ўхшаш иқлим шароитларида давлат дастури доирасида қурилган намунавий қишлоқ уйлари билан таққослашга ёрдам беради.
Энергетик аудит компанияси вакилининг сўзларига кўра, жойларда ўтказиладиган кўчма тадбирлар тадқиқ қилинадиган ҳар бир уйда 8-10 соат вақтни олади ва уй эгаларининг бевосита иштирокида ўтказилади.
Асбоблар ёрдамида кўриклар биноларнинг ҳақиқий энергия истеъмоли кўрсаткичлари, иссиқлик-техника кўрсаткичларини аниқлаш учун мўлжалланган замонавий ўлчов ускуналаридан фойдаланган ҳолда ўтказилади. Шунингдек жойлардаги мавжуд ҳисоблаш асбобларидан ҳам фойдаланилади. Уйларнинг тўсиб турувчи конструкциялари, асосий электр узеллари ва иситиш тизимининг асосий ускуналари тепловизион ускуналар ёрдамида тасвирга олинади.
Айтиш жоизки, бизнинг Глобал экология фонди ва Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамкорлигидаги « Ўзбекистонда энергия самарадорр қишлоқ уй-жойлар қурилишини ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳамиз доирасида 2019 йил қурилган 800 та энергия самарадор уйда қуввати 300 Ватт бўлган фото-электр станциялари (ФЭС) ўрнатилган.
Улардан 176 таси Самарқанд вилоятида, 185 таси Сурхондарё вилоятида, 206 таси Фарғона вилоятида, 112 таси Хоразм вилоятида ва 121 таси Бухоро вилоятида қурилди. Бешта вилоятдаги ҳамда 2018- йили Давлат дастури доирасида қурилган оддий намунавий уйлар орасида танлаб олинган 60 та уйда энергетик аудит ўтказилади. Ушбу ёндашув энергия тежамкор уйларни оддий уйлар билан таққослаш ҳамда қишлоқ уйларида иссиқлик ва электр энергияси истеъмолини қисқартиришда энергия тежамкор ва паст углеродли технологиялардан фойдаланиш самарадорлигини таҳлил қилиш имконини беради.
COVID-19 пандемияси ва тахмин қилинаётган жаҳон иқтисодиётининг пасайиши шароитида Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётни жадал ривожлантиришни кўзламоқда, бу эса янги энергетик қувватларни ишга туширишни, мавжуд ресурслардан саноат объектларида ҳам, уй-жой секторида ҳам самарали фойдаланишни талаб қилади.
Энергетик аудитнинг кенг жорий этилиши, тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланиш аҳамиятли ва ҳали тўлиқ жалб этилмаган захиралардан бири ҳисобланади. У келажакда табиий газ ва нефт етишмовчилиги муаммосини ҳал этишга кўмаклашади ва мутахассисларнинг сўзларига кўра, истеъмолчиларнинг энергияга сарфланадиган харажатларини икки баравар тежаши мумкин.
Шарҳлар