“Чегара билмас шифокорлар” миссиясининг Ўзбекистондаги раҳбари: «ОИВ – бу жамиятда танбеҳ бериладиган ҳатти-ҳаракатлар билан боғлиқ бўлмаган инфекция»
Пойтахтдаги 139 Documentary Center галереясида Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш кунига бағишланган “Яшаш мумкин” фотокўргазмаси очилди. Тадбир “Чегара билмас шифокорлар” халқаро тиббий-гуманитар ташкилоти ҳамда Республика ОИТСга қарши курашиш маркази ҳамкорлигида ташкил этилди.
Кўргазмадан кўзланган мақсад ОИВ/ОИТСни идрок этиш ва даволаш эволюциясини кўрсатиш, шунингдек, турли мамлакатлардаги одамларнинг ОИВ билан яшаши, тест синовлари тарихи, даволаш тарихи ҳақида ҳикоя қилишдан иборат.
Жорий йилнинг февраль ойи ҳолатига кўра , Ўзбекистонда 45 минг нафар ОИВ инфекцияси билан касалланганлар рўйхатга олинган.
“Ўзбекистонда ҳам, минтақа мамлакатларида ҳам стигма биз кузатаётган ҳодисалардан биридир. Биз тушунишимиз керакки, Шарқий Европа ва Марказий Осиёда ОИВ эпидемияси гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар ва «секс-саноат» ходимлари, эркаклар билан жинсий алоқада бўлган эркаклар орасида кенг тарқалган. Шу нуқтаи назардан, ижтимоий номақбул хатти-ҳаракатлар ва ҳолат ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик бор [шунинг учун биз ОИВни касаллик демаймиз]”, – дейди “Чегара билмас шифокорлар” миссиясиясининг Ўзбекистондаги раҳбари Андреа Фьори.
Эпидемиянинг бошида, ҳали ҳеч қандай дори-дармонлар бўлмаганида, ташхис қўйиш ўлимга ҳукм қилиш билан таққосланарди, дея қайд этди Фьори. “Жамиятда қораланган хатти-ҳаракатлар ва даволаш ишларининг йўқлиги ОИВ билан боғлиқ стигмага олиб келди. Дунёнинг бошқа жойларида бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам ОИВ билан яшаётган одамларга нисбатан стигмага қарши иммунитет йўқ”.
Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ОИВга чалинганликда гумон қилинган шахсларни мажбурий текширувдан ўтказишни таклиф қилган эди. Ҳужжатда «хавфли гуруҳ» тушунчаси киритилган – булар ОИВ ва ОИТСга текшириш объектига айланиши мумкин бўлган одамлардир. Ушбу туркумга «секс саноат» ходимлари/аёллар, гомосексуаллар ва гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчилар киради.
«Биз янгиликларни ўқидик. Бошқа контекстлардаги тажрибага асосланиб айтишимиз мумкинки, бу усул ОИВ тарқалишининг олдини олишда самарали эмас. Қолаверса, бу одамларнинг тестдан ўтишга иштиёқи йўқолишига олиб келади, бу эса ўз вақтида ташхис қўйишни қийинлаштиради ҳамда ОИВ инфекциясининг жамиятда янада тарқалишига ҳисса қўшиши мумкин”, — деди “Чегара билмас шифокорлар” миссиясининг раҳбари.
ОИВ билан касалланган одамлар қораланмаслиги учун журналистлар бу мавзуда қандай ёзишлари кераклиги ҳақидаги саволга Андреа Фьори шундай деди: “Менда сизлар ўртоқлашишим мумкин бўлган бир нечта ғоялар бор. ОИВ – бу ижтимоий танбеҳ бериладиган хатти-ҳаракатлар билан боғлиқ бўлмаган инфекция. Бемор АРВТ терапияни мунтазам равишда қабул қилганида, қонда вирус миқдори шу даражада камаядики, бу одамнинг вирусни бошқаларга юқтириш эҳтимоли деярли нолга тенг бўлади.
Инсон ташхисни қанчалик тез билса, даволанишни бошласа, нормал ҳаёт кечириш имконияти шунчалик кўп бўлади. Мен фактларга асосландим ва иложи борича очиқ гапиряпман, чунки одамлар тўғри қарор қабул қилиш учун тегишли маълумотларга муҳтож. Бу эса, албатта, биз одамларни қандай қўллаб-қувватлашимиз ва ижтимоий соғлиқни сақлашимиз мумкинлиги борасида барчамиз учун ўрганиш жараёни».
Миссия раҳбари ОИВ инфекцияси кўп функцияли ёндашувни талаб қилувчи ҳолат эканлигини ва жойларда одамларга йўналтирилган ёндашув иштирок этиши муҳимлигини таъкидлади.
«Одамнинг бир муассасада турли хил биргаликда кечадиган касалликларни текшириш имкониятига эга бўлиши, шунингдек биргаликда кечадиган касалликларни иложи борича кенгроқ ва осон даволаш имкониятига эга бўлиши муҳимдир».
Кўргазма доирасида 139 Documentary Center галереясида “Чегара билмас шифокорлар” ва Республика ОИТС марказининг қўшма лойиҳаси – ОИВ, С гепатити ва жинсий йўл билан юқадиган инфекцияларни аниқлаш бўйича кўчма лабораторияга алоҳида эътибор қаратилди. Кўчма лаборатория автобуси турли сабабларга кўра диагностика ва даволаш-профилактика ёрдамига эга бўлишда қийналаётган одамларнинг тестдан ўтишини осонлаштириш мақсадида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ишлайди. Кўчма лаборатория 2021 йилда пилот лойиҳа сифатида ишга туширилган бўлиб, бутун Ўзбекистон бўйлаб шундай лабораторияларни ишга тушириш режалаштирилган.
1 декабрь куни соат 16.00 дан 19.00 гача барча ҳоҳловчилар 139 Documentary Center галереяси ёнида жойлашган кўчма лабораторияда тестдан ўтиш имкониятига эга бўлишади. Кўчма лабораторияда ОИВ, С гепатити ва жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар диагностикаси, уларнинг юқиши ва олдини олиш бўйича дастлабки маслаҳатни, маълумотларни олиш мумкин.
“Чегара билмас шифокорлар” Ўзбекистонда 25 йилдан бери ёрдам кўрсатиб келади. Ташкилот мамлакатимиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан яқин ҳамкорликда сил касаллиги, жумладан, унинг дори воситаларига чидамли шакллари, шунингдек, ОИВ, вирусли гепатит ва бошқа юқумли касалликларни ташхислаш ва даволаш даражасини янада оширишга кўмаклашмоқда.
139 Documentary Center галереясидаги “Яшаш мумкин” кўргазмаси 6 декабргача (дам олиш куни – якшанба) давом этади.
Дана Опарина
Мавзу бўйича ўқинг:
Шарҳлар