“Чимён” аҳолисига оммавий бузилишлар таҳдид солмоқда
29 июнь куни Ўзбекистон Олий судида “Чимён” посёлкаси аҳолисининг иши бўйича суд мажлиси ўтказилди. Даъвогар – Бўстонлиқ туман прокуратураси, у фуқароларни уйлар ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқларидан маҳрум қилишга уринмоқда. Anhor.uz мухбири прокуратуранинг 24 нафар мулк эгасининг мулк ҳуқуқларини бекор қилиш сабабларини тушуниш учун аҳоли билан суҳбатлашди.
2020 йил бошида Бўстонлиқ туман ҳокимлиги “ЧИмён” посёлкасининг аҳолиси билан йиғилиш ўтказиб, посёлкада инвентаризация бўлиши ҳақида маълум қилади. Бироз вақт ўтгач, Бўстонлиқ туман прокуратураси уйларни бузиш ва ер участкаларини давлат балансига қайтариш ҳақида қарор қабул қилиш талаби билан 24 нафар мулк эгасига нисбатан судга даъво аризаси берилиши ҳақида маълум қилади. Прокуратуранинг таъкидлашича, посёлка аҳолиси уйларни ноқонуний қурган бўлиб, уларнинг ҳар бирида қонуний расмийлаштирилган ҳужжатлар бўлса-да, ер участкаларига ҳеч қандай ҳуқуқи йўқ. Аммо прокуратура уларни тан олмаяпти.
Пандемия сабабли Ўзбекистондан ташқарида қолиб кетган уй эгаларига ёмон бўлди – ҳокимлик тергов якунланишини кутмасдан (суд қарори ҳақида гапирмаса ҳам бўлади) уйларнинг тош тўсиқ деворларини бузиб ташлади.
Даъвогар – Бўстонлиқ туман прокуратураси одамларни ўзбошимчалик билан ерни эгаллаб олиб, ноқонуний қурилишда айблаш учун узоқ вақт нима билан айблашни билмади. Даставвал, ер посёлка ёнидаги “Чимён” Республика силга қарши болалар санаторийсига тегишли, 24 нафар фуқаро эса унинг ҳудудини ноқонуний босиб олган деган версия илгари сурилди. Бироқ санаторий директори, муассасанинг кадастр ҳужжатларини тақдим этган ҳолда, ушбу фактни ёзма равишда рад этди. Ҳужжатларда уйлар қурилган ерлар муассасага тегишли эмаслиги кўриниб турибди.
Аҳолининг сўзларига кўра, даъвогар бунга ҳеч қандай изоҳ бермаган, аммо уч кунлик жимликдан сўнг ҳокимлик ва прокуратура яна шу ерда истиқомат қилувчи аҳолини чақириб, уларнинг уйлари йўлни кенгайтириш учун бузилишини маълум қилади. Бу баёнот ундан ҳам кўпроқ саволларни келтириб чиқарди, чунки посёлка йўлдан икки юз метр масофада жойлашган бўлиб, трассани кенгайтиришга ҳеч қандай тўсқинлик қилмаяпти.
Карантиннинг дастлабки ойида ҳаммаси яна тинчиди. Уйларни бузиш ҳақидаги ёқимсиз гап-сўзлар билан прокуратура ва ҳокимлик ташрифлари вақтинчалик тўхтади. Аммо май ойи бошида бу жараён янги куч билан бошланди. Прокуратура энди учинчи версияни илгари сурди – ер участкалари ўрмон хўжалигига тегишли, шу боис фуқароларнинг унга ҳеч қандай ҳуқуқлари йўқ. Бироқ ўрмон хўжалиги ҳам бу посёлкага ҳеч қандай эътирози йўқлигини билдиради. Суд мажлисида ҳам Экология вазирлигининг вакиллари посёлка ўрмон хўдалигига тегишли эмаслигини яна бир бор тасдиқлашди.
«Ерга ҳужжатларни ўзимиз чизмаганмиз-ку»
Энди эса прокуратура уй ва ерга берилган ҳужжатлар ҳақиқий эмас деган версияни илгари сурмоқда. Агар унга ишониладиган бўлса, бундан 10 йил олдин ишдан бўшаб, Қозоғистонга кўчиб кетган маҳалла қўмитасининг раиси Б.Режепов 2017 йилда гўёки ўзининг тушунтириш хатида кадастр паспортларидаги имзо уники эмаслигини айтган. Бу ерда камида иккита савол туғилади:
Биринчидан, агар бу 2017 йилда аниқланган бўлса, нега прокуратура уч йил жим юрган? Судда даъвогар бу саволга жавоб беришдан ўзини олиб қочди.
Иккинчидан, нега Б.Режепов сўроқ қилинмади, унинг бошқа давлатдан ёзиб юборган тушунтириш хатига эса ҳамма ишонди? Прокуратура вакили бу саволга, агар зарурат бўлса, Режепов Қозоғистондан таклиф этилишини айтди. Бу ерда, Режепов тезроқ уйига қайтиб кетиш учун нималарни айтишини тахмин қилишимиз мумкин, холос.
Дъвогар Тошкент вилоят ИИББ ҳузуридаги эксперт-криминалистика марказининг экспертизаси ўтказилганини ва унда имзо қалбаки экани аниқланганини маълум қилди. Бироқ жавобгарлар экспертиза натижаларига шубҳа билан қаради ва экспертизани Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси марказида такрор ўтказишни сўради.
Ҳуқуқшуносларнинг қайд этишича, бу ерда бир муҳим жиҳат бор юриспруденцияда “аниқланди” ва “белгиланди” турли тушунчалар ҳисобланади. Шу боис имзо қалбаки эканини ҳали исботлаш ва аниқлаш керак. Бундан ташқари, агар имзо ҳақиқатдан ҳам қалбаки бўлса, унда айбдорни топиш зарур, ҳозирча эса у йўқ экан, мулкдорларнинг айбдор эканига далил ҳам йўқ. Ҳозир юз бераётган нарса – суд ишлаб чиқаришининг пойдевор тамойилларидан бири – айбсизлик презумпциясининг қўпол равишда бузилишидир.
«Биз ҳужжатларни ўзимиз чизмаганмиз-ку. Ҳамма уйларга қонуний расмийлаштирилган кадастр ҳужжатлари бор. Архив, архитектура маълумотлари мавжуд. Бундан ташқари, зарур имзолар ва муҳрлар ҳам бор. Биз бу ерларни қонуний асосларда олганмиз. Прокуратуранинг мақсади ерларимизни қандай қилиб бўлса ҳам топтиб олиш, шу боис улар бизга асоссиз эътирозларни билдирмоқда», – дейди жавобгарлардан бири, Ольга Шенникова.
Ольга 30 йилдан ортиқ Чимёнда ошпаз бўлиб ишлайди. Узоқ йиллар давомида ёлланма ишчи сифатида ишлаган, кейин эса пул тўплаб, “Домашняя кухня” қаҳвахонасини сотиб олади ва шу ерда эри ва жияни билан меҳнат қилиб келмоқда. Шу ўринда уларнинг уйидан бир километр масофада жойлашган қаҳвахона ҳам бузилиш хавфи остида. Шундай қилиб, Ольга нафақат уйи ва еридан, балки оиланинг ягона даромад манбаи бўлган қаҳвахонадан ҳам ажралиши мумкин.
«Охирги ой ичида жуда қаттиқ чарчадим. Уй, иш ва суд ўртасида сарсон бўляпман. Деярли ҳар куни уйга турли идоралар вакиллари келиб, бузиш билан таҳдид қилишади. Ҳатто бир неча соат хотиржам ухлай олмаяпман. Машинанинг ҳар бир шовқинида бузишни бошлашдими деб, ўрнимдан туриб дераза томонга югураман. Чунки бузиш ишлари суд мажлислари каби тўсатдан бошланади. Агар суд кўчма бўлса, унда фуқароларни суд ўтказиладиган вақт ва жой ҳақида олдиндан хабар беришмайди. Суд бошланишидан бир неча дақиқа олдин телефон қилишлари ёки шу ерга келиб ҳозир кўчма суд бошланишини айтишлари мумкин. Одамлар на ишлай олади, на ўз уйидан узоққа кета олади. Худди порох солинган бочка устида яшаётгандаймиз», – дейди бир неча йилдан бери онкологик касалликка қарши курашиб келаётган Ольга.
90-йиллар ўртасида Ольга ўғли билан меҳмонхона қошидаги ертўла хонасида яшаб, ошпаз бўлиб ишлаган ва якка ўзи ўғлини кўтарган.
«Ишда менга ўғлим иккаламиз учун уй қуришимизга кичикроқ участка ажратишларини сўраб маҳалла қўмитасига мурожаат қилишимни маслаҳат беришди. Мен уларга хат ёздим, аммо менга бир парча ер беришларига ишонмагандим. Бироқ бир неча йилдан кейин олдимга маҳалла қўмитасидан келиб, 1998 йилда менинг номимга аллақачон ер участкасини ажратиш (саккиз сўтих) ҳақида қарор қабул қилинганини айтишди. Барча зарур ҳужжатларни тўплаб, 2000-йиллар бошида участкани ўз номимга расмийлаштирдим», – дейди Ольга.
Ольгада уй қуриш учун пул бўлмаган, шу боис уйни узоқ вақт қурдим. Даставвал пойдеворни кўтардим, кейинги йил деворларни, яқинда эса яна бироз пул тўплаб, томни ёпдик.
«Уй кичкина, бор-йўғи иккита хона, аммо уни ҳам олиб қўйишмоқчи. Менда уйга ва участкага барча зарур ҳужжатлар бор, улар ҳақиқий. Яқинда ҳокимликнинг тьаклифи бўйича бизга оммабоп давлат телеканалидан журналистлар келиб, посёлкамиз ҳақида лавҳа олиб кетишди. Улар лавҳада барча фактларни бузиб кўрсатиб, бизни ерларни ўзбошимчалик билан босиб олганликда айблашди. Журналистлар бизни ҳатто тинглашмади, ҳужжатларга ҳам қарашмади. Тутуриқсиз одамлар жамоатчиликдан, президентдан бор ҳақиқатни яшириш учун ҳамма ишни қилишяпти».
Белгиланган муддат ўтиб кетган
26 май куни Бўстонлиқ туман прокуратураси даъво аризасини берди. Унда прокуратура Ольга Шенникованинг кадастр ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб тан олишни, унинг уйини бузишга рухсат беришни ва ер участкасини давлат балансига қайтаришни талаб қилган. Прокуратура ўз аризасида ЎзР Фуқаролик кодексининг “Давлат органлари ёки фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб тан олиш” деб номланувчи 12-моддага, “Қонунчилик талабларига мувофиқ келмайдиган битимларнинг ҳақиқий эмаслиги” деб номланувчи 116-моддага ва “Ўзбошимчалик билан қуриш ва унинг оқибатлари” деб номланувчи 212-моддасига таянади.
Ҳатто мулкдорлар ерларни ноқонуний тарзда, қалбаки ҳужжатлар бўйича олган деб назарий жиҳатдан тахмин қилинганида ҳам, қонунчилик уларнинг мулкини мусодара қилишга йўл қўймайди. ЎзР Фуқаролик кодексининг “Эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат” деб номланувчи 187-моддасига мувофиқ, мулкдор бўлмаган, лекин кўчмас мол-мулкка ўн беш йил давомида ёки бошқа мол-мулкка беш йил давомида ўзиники каби ҳалол, ошкора ва узлуксиз эгалик қилган шахс бу мол-мулкка мулк ҳуқуқини олади. Ушбу посёлка аҳолисининг кўпчилиги бу ерда камида 15-20 йилдан буён истиқомат қилади. Бу эса уларнинг исботланмаган “жиноий ҳаракати” муддати аллақачон ўтиб кетганини билдиради. Демак, улар ушбу мулкка мулк ҳуқуқига эга, аммо Бўстонлиқ туман прокуратураси бу билан ҳисоблашмаяпти.
Ёш оиланинг тақдири Олий суд қўлида
22 июнь куни Жумабоевлар оиласида байрам бўлиши керак эди. Кичик уканинг оиласида биринчи фарзанд туғилди. Ёш она туғруқхонадан чиққанидан сўнг ҳаво шарлари ва байрам дастурхони ўрнига уйида кутилмаган меҳмонларни кўради, улар аёлнинг уйини тортиб олишга келишганди. Уй ҳовлисида эса суднинг кўчма мажлиси бўлаётганди. Фуқароларни ўзларининг тақдири ҳал бўлаётган ва суд мажлиси ўтказилаётган уйга қўйишмади: дарвоза олдида участка инспектори туриб, уларни ҳовлига киритмади. Ҳолбуки ҳеч ким санкциясиз, шу уйда яшайдиган шахсларнинг хоҳиш-иродасига қарши ҳеч ким яшаш жойига кириш ҳуқуқига эга эмас. Сўз хавфсизлик ҳақида, масалан, жиноятнинг олдини олиш ёки гумондорларнинг ҳибсга олиниши ҳақида борадиган ҳолатлар бундан мустасно.
«Мен чақалоқ билан онамникига кетишга мажбур бўлдим, чунки уйимизда одам кўп эди – Олий суд судьяси, прокурорлар, ҳоким, милиционерлар нафақат бизнинг уйимизнинг, балки оиламизнинг ҳам тақдирини ҳал қилаётганди. Яқинда суд қарор чиқариши керак. Агар бузиш ҳақида қарор чиқарилса, ҳали бир ойлик бўлмаган чақалоқ билан қаерга борамиз?!», – дейди уй эгаси бўлган Собитжон Жумабоевнинг рафиқаси.
Собитжон Жумабоевнинг отаси “Чимён” посёлкасида ер участкасини 1999 йилда сотиб олган. Бу ерда у учта уй қуриб, кейинчалик уларни учта ўғлига беради. Бугун бу уйлар бузилиши мумкин. Авваллари Жумабоевлар оиласи чорвачилик билан кун кечирган, қўй етиштирган. Аммо йил сайин чорвани боқиш мумкин бўлган бўш участкалар камайиб боряпти, шу боис оила бошқа даромад манбаини излашга мажбур бўлади. Чимёнда корхона ва фабрикалар йўқ, шу сабабли туристлар учун фаол ҳордиқни (отда сайр қилиш, квадроциклларда юриш, турпоходлар) ташкил қилишдан бошқа нарса қолмайди.
«2017 йилда дадам ҳадя шартномаси бўйича уйни менга расмийлаштирди. Яқин пайтгача мунтазам равишда кадастр хизмати вакиллари келиб, ҳужжатларни текшириб кетишарди, ҳеч кимда ҳужжатлар қалбаки экани ҳақида эътирозлар ва шубҳалар пайдо бўлмаганди. Ҳеч ким бизни эшитмаяпти, саволларимизни жавобсиз қолдиришяпти, биз билан умуман ҳисоблашишмаяпти. Биз ёш оила эканимиз ва, агар менинг ва акаларимнинг уйлари бузилса, биз кўчада қолишимиз ҳеч кимни хижолатга солмаяпти.
Ҳамма турсин, суд келмоқда
29 июнь куни Олий судда ўтказилган суд мажлисида даъвогар ва жавобгардан ташқари Бўстонлиқ туман ҳокимлигининг юристи, Бўстонлиқ туман кадастр хизматининг вакили ва экология вазирлигининг ходимлари ҳам қатнашди. Судья – Б.Раҳмонов иккала томонни ҳам тинглаб кейинги мажлични 3 июлга белгилади. Шу билан бирга, судья даъвогар ва ҳокимлик юристидан суд қарорини кутмасдан фуқаролар билан бу масалани тинч йўл билан ҳал этишни, муросага келишни илтимос қилди. Прокуратура посёлкада яшайдиган фуқаролар билан муросага келиши-келмаслигини яқин кунларда кўрамиз.
Бу орада эса, посёлкада ерга хорижий инвесторлар қизиқаётгани, шу боис амалдорлар бу ерни манфаатли битим учун тайёрлашаётгани ҳақида гап-сўзлар кўпайиб қолди. Бу гап-сўзлар бежиз эмасга ўхшаяпти, чунки ҳокимлик ГЭСга электр линиясини тортиб келишни топширган, афтидан, бу ерда осма йўл қурилса керак.
Элина Рустамова
Шарҳлар