Чирчиқлик шифокорлар: меҳнат шартномаси ҳам, беморлар учун дори ҳам йўқ

Чирчиқлик шифокорлар: меҳнат шартномаси ҳам

Anhor.uz таҳририяти Чирчиқ давлат педагогика институти ётоқхонаси базасида ташкил қилинган провизорлик касалхонасида ишлаш учун жалб этилган тиббий ходимлар гуруҳининг мурожаатини олди. Унда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудий органларининг айрим раҳбарлари томонидан кўрсатилаётган масъулиятсизлик ҳақида сўз боради. Қуйида мурожаат матнини тўлиқ келтирамиз.

Чирчиқ давлат педагогика институтининг ётоқхонасида ташкил қилинган провизорлик касалхонаси тиббий ходимларидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Н.Н.Собировга  
 

МУРОЖААТ

 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг “Covid-19 инфекциясига кўрикдан ўтказганда салбий натижани кўрсатган, Covid-19 инфекцияси мавжудлиги бўйича кўрикдан ўтказилмаган ва яққол клиник аломатларга эга беморлар учун провизорлик касалхонасини ташкил қилиш” ҳақидаги 19.07.2020 йилдаги қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятида провизорлик касалхонаси ташкил қилинди ва бизни у ерга мажбуран ишга жалб этишди. 

Биз иш жойимизга келиб, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Н.Х. ва Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмасининг бошлиғи Умруллаев Д.Х. билан суҳбатлашганимизда улар бизга “Сизларда Covid-19 беморлари бўлмайди, пневмониянинг енгил шаклини даволайсизлар, 25 та беморга мўлжалланган бўлимда 1 нафар шифокор ва 1 нафар ҳамшира бўлади. Сизларни икки кун ичида дорилар билан таъминлашади ва 6% устама оласизлар” деб айтганди.

Аммо 14 кун ўтди ҳамки, бизга меҳнат шартномасини кўрсатишмади. Дорилар йўқ, биз беморларга уларни харид қилиш учун дорилар рўйхатини беришга мажбурмиз. 

27.07.2020 санада бизнинг эътирозларимизга қарамасдан, провизорлик касалхонасининг бош шифокори Саидмуродов Ш.А. ўз буйруғи билан касалхонага Covid-19 беморини жойлаштирди ва бизга Covid-19 га чалинган беморларни даволаш шартномага киритилганини айтди.

Биз шартномани ўқиб чиққанимизда 1.2-бандга зид бўлган 1.1-бандни кўрдик. Биз бу масалада Чирчиқ шаҳар молия бўлимига, Чирчиқ шаҳар тиббиёт бирлашмаси бухгалтериясига ва иқтисодчисига қўнғироқ қилганимизда, бизга 6% устамадан ташқари ҳеч нима тўламасликларини ва биз шартнома бўйича ишлашимиз кераклигини айтишди.

Ўзбекистон Республикаси президентининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бизга 14 кунлик меҳнат фаолиятимиз учун иш ҳақи ўз вақтида тўланишини таъминлашда ёрдам беришингизни сўраймиз. Агар биз меҳнатимиз учун муносиб ҳақ олсак, унда бугунги тиббий ходимлар етишмовчилиги вазиятида ватанимизга кейинги 14 кун хизмат қилишга тайёрмиз. 

  • Саидмуродов Шухрат Абдумўминович
  • Эшонқулов Хусниддин Қобилович
  • Қорабоев Гиёзиддин Ихтиёрович
  • Муқумов Анвар Бўриевич
  • Акрамов Иброҳим Ҳабибуллаевич
  • Маҳкамова Мадина Тожалиевна
  • Усипбаева Айдана Шалкаровна
  • Қудайбергенова Молдир Батирали қизи
  • Убайдуллаева Нодира Далавоевна
  • Таспулатова Айнур Қистоубай қизи
  • Исмагулов Нурлан Камалович
  • Убайдуллаева Хадича Валихоновна
  • Тошпўлатова Нодира Исаевна
  • Усарова Севара Баходир қизи
  • Икромова Зебо Тоҳир қизи
  • Хусанова Дилдора Тоҳир қизи
  • Жораева Манат Кулановна

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.