«COVID-пневмония»: коронавирусли пневмонияни даволаш, кислород ва тўғри нафас олиш ҳақида фтизиатр билан катта интервью
Пневмония – янги коронавирус инфекциясининг энг кенг тарқалган асорати. Ўзбекистон бош вазирининг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Мусаевнинг сўзларига кўра, Тошкентда пневмонияга шикоят билан ҳар куни тез ёрдам хизматига 500 га яқин мурожаат тушмоқда. Бу ҳақда у 26 июль куни “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилганди.
Коронавирусли пневмония одатий пневмониядан нимаси билан фарқ қилиши, уни даволаш ва реабилитация қилиш методлари ҳақида Anhor.uz мухбири Виктория Абдурахимова COVID-19 га чалинганлиги тасдиқланган беморларни даволовчи фтизиатр Надежда Шкловец билан суҳбатлашди.
Коронавирусли пневмония ва унинг унинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида
— COVID-19 да пневмониянинг ривожланиши ва даволаниши одатий пневмониядан нимаси билан фарқ қилади?
— Янги коронавирусли пневмония – бу ўпканинг вирусли яллиғланишининг бир тури. Вирусли пневмониялар бизга аллақачон маълум, аммо биз бундай миқдорда у билан ишлашга одатланмаганмиз. Бу даволаш ишларини жуда мураккаблаштиради. Коронавирусли пневмония келтириб чиқарадиган ўзгаришлар, масалан, гриппда ҳам бўлади, аммо COVID-19 да улар кўпроқ ва бошқачароқ ривожланади.
Фарқлар ҳақида гапиришдан олдин ўпкамиз ўзи нимадан иборатлигини эслаш лозим. У ҳаво ўтказувчи трубалар тизимидан иборат бўлиб, нафас олиш қопчалари – альвеолалар билан тугайди. Бу альвеолалар каркас – интерстиция ёрдамида ягона тузилмага бирлашган. У бирлаштирувчи тўқимадан ташкил топган. Интерстицидан қон ва лимфа томирлари ўтади.
Кўп ҳолларда инфекцион ёки бактериал пневмония билан ишлашимизга тўғри келади. Унинг ривожланишига альвеолаларнинг ичида яллиғланишни келтириб чиқарадиган бактериялар сабабчи бўлади. Нафас олиш қопчалари ичидаги зарарланган қисмларнинг ҳавоси яллиғланиш суюқлигига алмашади. Каркас – интерстиция – бунда деярли шикастланмайди, томирларнинг деворлари зич бўлиб қолади.
Бундай пневмониянинг аломатларидан бири – ҳароратнинг кўтарилиши ва балғамли йўтал. Йўталнинг пайдо бўлиши яллиғланиш суюқлиги альвеолалар ичида экани ва у бронхлар орқали ташқарига чиқиши билан изоҳланади. Йўтални енгиллаштириш учун муколитиклар (балғам ҳажмини оширмасдан, уни суюлтирадиган ва балғамнинг ўпкадан чиқишини енгиллаштирадиган дори воситалари – муаллиф изоҳи) тайинланади. Ҳароратнинг кўтарилиши айнан бактериал яллиғланиш билан боғлиқ. Шу тарзда организмимиз касаллик қўзғатувчиларини – бактерияларни йўқ қилади. “Душман” йўқ қилиниши билан, аҳвол яхшиланади, одам соғаяди.
Инфекцион пневмония ривожланишига бактериялар сабабчи бўлгани учун, уни даволашда антибиотиклар бирламчи препаратлар ҳисобланади. Зарурат бўлганида, дориларни уй шароитларида эамс, балки стационарда томчилатиб киритиш қўлланади.
Вирусли пневмонияда (янги коронавирусли пневмония унинг бир тури ҳисобланади) қон томирларининг деворлари шикастланади. Уларнинг зичлиги пасаяди. Қоннинг суюқ қисми томирлардан ташқарига чиқади ва уларнинг шишишини келтириб чиқаради. Бактериялар кейинроқ қўшилади, аммо бу ҳар доим ҳам содир бўлмайди.
Коронавирусли пневмонияда иммунитетнинг вирус таъсирига ноадекват кучли реакцияси юқори ҳарорат ва яллиғланиш сабабчиси бўлади. Йўтал қуруқ бўлади, чунки суюқлик бронхга чиқиш жойи бўлмаган интерстицияда жойлашади. Бу ҳолда балғамни суюлтирувчи препаратлар камдан-кам ҳолларда самарали ҳисобланади, у фақат бактериал инфекция қўшилганида ёки йўлдош сурункали бронхит кучайганида самара бериши мумкин.
Вирусли пневмонияда антибиотик иккинчи даражали дори ҳисобланади. Зарур бўлганида, у даволашнинг биринчи босқичида эмас, балки кейинроқ тайинланади.
Суюқликни вена ичига киритиш ўпка тўқималарида шишнинг катталашишига олиб келиши мумкин. Кўз олдингизга ёрилган шлангни келтиринг, у орқали тоборо катта босим остида сув юбора бошлашяпти. Унинг атрофида кўлмаклар кескин оша бошлайди. Ўпкада ҳам худди шундай жараён юз беради.
— Вирус организмга ҳаво-томчи йўли билан тушади. Контакт пайтида биз ундан нафас оламиз ва у бироз вақт юқори нафас йўлларида туради, айрим ҳолларда эса кейинроқ пастга тушади. Бу нимага боғлиқ?
— Биринчи навбатда, одамнинг иммун тизими ҳолатига. Бурун шиллиқ қавати юзасидаги секретор иммуноглобулин А (IgA) миқдорига. Организмнинг фонли ва йўлдош ҳолатларига, моддалар алмашинувининг ўзига хос хусусиятларига. Юққан вирус штамми ҳам роль ўйнайди, яъни унинг дозаси, унинг қай даражада тажовузкор экани.
— Коронавирусли пневмония аломатсиз ривожланади. Ўпкада яллиғланиш жараёни бошланганини қандай тушуниш мумкин?
— COVID-инфекциясининг одатий кечиши бир нечта характерли босқичга эга. Биринчи ҳафтада – бу ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ), у эҳтимол унчалик кучли намоён бўлмас. Бу даврда одам ўзини деярли соғлом ҳис қиладиган кунлар бўлиши мумкин.
Ҳарорат кўтарилган биринчи кундан бошлаб, касалликнинг дастлабки кунларини ҳисоблаш бошланади. Баъзида буни аниқлаш қийин, чунки у унчалик кўтарилмаслиги ҳам мумкин 37,2 – 37,5. Бундай ҳолатларда ҳароратни тушириш тавсия этилмайди – бу организмнинг табиий ҳимоя реакцияси. Яхшиси истеъмол қилинадиган суюлиқ миқдорини оширган маъқул.
Бешинчи-еттинчи кунларда айрим ҳолларда ҳарорат яна кўтарилади. Кўп ҳолларда бу невмония ривожланиши эҳтимоли (аммо бундай бўлмаслиги ҳам мумкин) ҳақида далолат бериши мумкин.
Жуда камдан-кам ҳолларда касалликнинг биринчи ҳафтасида оғир намоён бўлишлар кузатилади. Бундай ҳолатларда одам биринчи “қўнғироқ”ни сезмаган бўлиши мумкин. Коронавирус инфекциясига чаланган беморларни даволаш тажрибасидан шуни айтишим мумкинки, энг ёмон кун – бу ўнинчи кун. Одатда, аҳволнинг ёмонлашиши ана шу кунга тўғри келади.
Бемор ҳолатининг кундалик мониторингини олиб бориш, яъни ҳарорат, пульс, нафас олиш частотасини, иложи борича қоннинг кислород билан тўйинишини (сатурацияни) қайд этиш жуда муҳим.
Баъзида нафас олиш частотасига эътибор қаратилмайди, бу эса жуда муҳим аломат.
Уни бемор сезмайдиган тарзда санаш керак. Қорин ёки кўкрак қафаси ҳаракатлари қайд этилади. Юқорига-пастга (нафас олиш-чиқариш) – бу битта нафас олиш цикли. Ушбу циклларнинг бир дақиқа ичидаги сони ҳисобланади. Нормал ҳолатда нафас олиш частотаси жинсга ва ёшга боғлиқ, у дақиқасига 12-20 диапазонида бўлиши мумкин. Нафас олиш частотасини динамикада, кунлар бўйича баҳолаш ва нафас олишнинг пульс билан нисбатини кўриш зарур. Юрак қисқаришлари частотаси нафас ҳаракатларидан тўрт баравар кўп бўлиши керак.
Қўшимча аломатлар ҳам қайд этилади: беҳоллик, ҳансираш, тернинг кўп миқдорда ажралиб чиқиши. Уларни 0 дан 5 гача шкала бўйича баҳолаган маъқул, бу ерда 0 – аломатлар йўқлиги, 5 – уларнинг яққол намоён бўлиши. Ҳид, таъм билишнинг бузилишига, диареяга эътибор қаратиш лозим.
Гриппли пневмониядан фарқли ўлароқ, негадир коронавирусли пневмонияда беморлар қоннинг кислород билан тўйиниши паст бўлишини ҳам анча яхшироқ кўтаришади.Шунинг учун фақат диққат билан кузатиш жиддий чоралар кўрилиши керак бўлган пайтни ўтказиб юбормаслик имконини беради.
Жаҳон амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, касаллик ҳатто аломатсиз кечганида ҳам ўпкада у ёки бу ўзгаришлар бўлади. Улар тарқалишининг олдини олишнинг имкони йўқ, шу боис доим факт бўйича даволашади.
Агар ҳарорат кўтарилиши, нафас олиш етишмовчилиги, қоннинг кислород билан тўйинишининг пасайиши кўринишидаги намоён бўлишлар йўқ бўлса, унда фаол даволаш ишларини ўтказиш шартмас. Тадқиқотлар антибиотикларнинг, гормонларнинг эрта тайинланиши касалликнинг кечишини ёмонлаштириши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Компьютер томографияси ҳақида коронавирусли пневмония диагностикаси методи сифатида
— “Коронавирусли пневмония” диагнозини тасдиқлаш учун қайси методика энг аниқ ҳисобланади?
— Компьютер томографияси (КТ) – ўпкадаги ҳар қандай ўзгаришларни, шу жумладан коронавирус инфекциясида пневмонияни ҳам аниқлашнинг яхши методи. Илк босқичда рентгенография ўтказилганида ўзгаришларни ўтказиб юбориш мумкин, айниқса агар бу замонавий рақамли аппарат эмас, балки эски моделлар бўлса. Аммо яллиғланиш бўйича ўзгаришлар даволашни талаб қиладиган ҳолатларда рентгенография уларни кўрсатади.
КТ (компьютер томографияси) МСКТ (сультиспирал компьютер томографияси)дан нимаси билан фарқ қилади деб тез-тез сўрашади. Иккала метод ҳам одам танасининг қатламларга ажратилган тасвирини олиш имконини беради, фақат фарқи шундаки, Ктда кўрикдан ўтказиш ишлари битта детектор ёрдамида, МСКТда эса бир нечта детектор ёрдамида амалга оширилади. Бир нечта детектор мавжудлиги ҳисобидан томограф қадами, яъни кўрикдан ўтказилаётган тўқималар участкалари орасида масофа камаяди. Агар олдин кўздан кечирилган соҳлар орасида 5 мм бўлиши яхши сифат деб ҳисобланган бўлса, ҳозир бу параметрлар анча кичрайган. Шу туфайли бизда юқори аниқликдаги тасвирлар пайдо бўлади ва тадқиқ қилиш вафти сезиларли даражада камаяди.
МСКТ-тадқиқотнинг учта афзаллигини ажратиб кўрсатиш мумкин. У пневмониянинг ҳатто илк шаклларини аниқлаш, зарарланиш ҳажмини баҳолаш имконини беради, бу касаллик оғирлигининг мезонларидан бири ҳисобланади. Шахсан менга ўпканинг қуйи орқа бўлимларида ўзига хос ўзгаришларнинг мавжудлиги беморларга нега қоринда ётиш муҳим эканини кўргазмали тарзда кўрсатишга ёрдам беради.
Шу билан бирга, бемор МСКТда оладиган етарлича катта юкламани эсда тутиш керак. Шу сабабли одам ўзини тинчлантириши учун кўрикдан ўтиши шарт эмас. Агар тадқиқот касаллик ривожини ўтказиб юборишдан қўрқиб, ҳаддан ташқари эрта қилинса, ҳеч нима чиқмаслиги эҳтимоли бор, қисқа вақт ичида КТдан такрор ўтиш эса тавсия этилмайди. Беморлар кўплиги сабабли навбатда кутиш пайтида инфекцияни юқтириш хавфи ҳақида ҳам унутмаслик керак.
— КТ/МСКТда ҳам лаборатория диагностикасидаги каби сохта таҳлиллар бўлиши мумкинми?
— Етарлича сифатли аппаратда қилинган МСКТ ўпкадаги тузилмавий ўзгаришларни кўрсатади. Коронавирусли пневмонияга хос бўлган муайян белгилар мавжуд. Бироқ бу айнан у эканини 100% ишонч билан айтишнинг имкони йўқ.
Ҳар қандай тадқиқот методи сингари МСКТ бемордаги клиник намоён бўлишлар, касалликнинг давомийлиги ва кечишининг ўзига хослиги ҳақидаги маълумотлар билан, ва албатта, эпидемик ҳолат маълумотлари билан солиштирилади. Ҳозир бундай пневмониянинг ҳаммасига COVID-эҳтимолий сифатида қаралмоқда.
Фақат МСКТ ўзи қўшимча маълумотларсиз даволаш схемасини тайинлашга сабаб бўлолмайди.
Агар одам “тоза” тасвирни олса, бу айнан кўрик пайтида ўпкада ҳеч қандай яллиғланувчи ўзгаришлар йўқлигидан далолат беради. Аммо улар бемалол кейин ҳам пайдо бўлиши мумкин.
— Касалланган бемор ёки ўзида коронавирусли пневмония борлигини гумон қилаётган киши қачон КТ қилиши керак? Ва қай даражада тез-тез?
— Идеал ҳолатда МСКТни шифокор тайинлови бўйича қилиш лозим. Ҳозир тез-тез кўриб турганимдай, касалликнинг биринчи кунида ҳам, иккинчи кунида ҳам эмас. Агар нафас олиш етишмовчилиги аломатлари бўлса, ҳарорат 38,5 дан юқори бўлса ва айниқса агар бемор хатар гуруҳига кирса, унда буни қилиш мумкин.
Кўпгина мамлакатларда барча беморларни МСКТ-тадқиқотдан ўтказишдан воз кечишган. Асосий роль клиникага, лаборатория маълумотларига берилган. Касалхонага тушган беморларнинг кўпчилигига обзорли рентгенография ўтказилади. Зарурат бўлганида, УТТ қилинади. Бунинг учун махсус протоколлар ишлаб чиқилган ва жорий этилмоқда.
Тадқиқотни қай даражада тез-тез ўтказиш кераклигига тўхталадиган бўлсак, тиббиётда барча даволовчи ва диагностика тадбирларини ўтказишда ҳар доим иккита тушунча баҳоланади: фойда ва эҳтимолий зарар. Шунга қараб муайян аралашувни ўтказиш ёки ундан воз кечиш ҳақида қарор қабул қилинади. Агар МСКТ ҳаётий кўрсаткичлар бўйича ўтказилса, унда интервал аҳамиятга эга эмас – кунига бир неча марта ҳам ўтказиш мумкин. Агар ҳозирнинг ўзида ҳаётга ҳеч нима таҳдид солмаса, унда ҳеч бўлмаганда уч ой – ярим йил ўтиши керак.
Алоҳида огоҳлантириб ўтаман: пайдо бўлган ўзгаришларнинг тезда сўрилишини кутиш керакмас. Демак, ҳатто бир неча ҳафтадан кейин ҳам назорат тасвирини қилиш керакмас. Баъзида яллиғланиш бу давр ичида йўқолиши мумкин, аммо кўп ҳолларда бунинг учун уч-тўрт ой талаб қилинади.
Бир тасаввур қилинг: бинода ёнғин бошланди. Олов фаол бўлиб турган пайтда алангани ўчиришга ҳаракат қилиш, ниманидир олиб чиқиш, яъни ҳаракат қилиш керак. Ёнғин бартараф этилганидан кейин излар қолади. Ҳаммасини аста-секин таъмирлаш, тузатиш, бўяш керак. Буларнинг ҳаммасига вақт зарур. Касалликда ҳам худди шундай. Дориларни организмда фаол яллиғланиш (ёнғин) мавжуд бўлган пайтда қўллаш керак. У якунланганидан кейин эса тиклаш ишлари билан шуғулланиш лозим.
Бу билан нима демоқчиман? МСКТда аниқланадиган ўзгаришлар даволаниши керак бўлган янги яллиғланиш бўлиши шарт эмас. Кўп ҳолларда бу бошдан кечирилган жараён изи бўлади, яъни яллиғланиш ўтиб кетган, унинг қолдиқ ўзгаришлари эса бир неча ой сақланиши ва буларнинг ҳаммаси МСКТда акс этиши мумкин.
Муҳим жиҳат: зарарланиш ҳажми асосийси эмас. Аломатсиз беморларнинг қарийб 50% МСКТда ўзгаришларга эга. Кўп ҳолларда уларга дорилар билан таъсир кўрсатиш шарт эмас, бироқ фибрознинг олдини олиш учун нафас олиш гимнастикаси ҳаммага керак.
—Коронавирусли пневмония эга ва одатий пневмонияга эга беморларда компьютер томографияси тасвирлари бир-биридан фарқ қиладими?
— Бу саволга жавоб бериш учун ўпка қисмларининг тузилишини ва коронавирусли пневмония ҳолатида ўпка зарарланишининг ривожланиш механизмини кўриб чиқиш лозим.
Одамнинг нафас олиш тизими нафас йўлларидан – ҳаво ўтадиган трубкалардан (трахея, бронхлар, бронхиол) иборат. Ушбу трубкаларнинг диаметри аста-секин тораяди ва жуда кичкина ҳолатга – беш микронга яқин ўлчамга келади. Ушбу майда бронхиолларнинг учида нафас олиш пуфакчалари – альвеолалар жойлашган. Улар ўзаро строма, ўзига хос каркас – интерстиций билан бирлашган. У анча юмшоқ бўлиб, унинг ичидан қон ва лимфа томирлари ўтади.
Одатий бактериал пневмонияда асосий зарарланиш майда бронхлар ва альвеолалар ичида бз беради. Улар инфекция киришига жавоб сифатид яллиғланиш суюқлиги билан тўлади. Интерстицияда унчалик жиддий бўлмаган жараён кечади.
Вирусли пневмонияда, хусусан COVID-19 да , асосий патологик ўзгаришлар ҳар бир қисмни ўраб турадиган айнан ушбу каркасда (интерстицияда) юз беради. У ердан ўтадиган томирларнинг деворлари юпқалашади, қоннинг суюқ қисмини яхши ушлаб туролмайди. У томирлардан ташқарига чиқа бошлайди. Интерстициал тўқима шишади, аммо альвеолаларнинг ўзида ҳавонинг бир қисми қолади, шу боис рентгенограммада ўзига хос “хиралик” пайдо бўлади.
Альвеолаларида етарли миқдорда ҳаво бўлган соғлом ўпка шаффоф бўлади. Ўпка альвеолаларининг қайсидир бир қисмида ҳаво яллиғлантирувчи суюқлик билан алмашган пайтдаги яллиғланиш анча яққол кўзга ташаланадиган қорайиш сифатида кўринади. Альвеолаларда ҳаво қисман сақланганида, интерстициянинг шишишига “хира шиша” дейилади.
Яна бир бор таъкидлайман: бундай ўзгаришлар нафақат коронавирусли пневмонияда бўлади.
Дорилар билан даволаш, дориларни томчилатиб киритиш ва небулайзерлар ҳақида
— Янги коронавирусли пневмонияни қандай даволаш мақсадга мувофиқ? Доктор тавсиясида қайси препаратлар бўлмаслиги керак?
— Аввал бошида коронавирус инфекцияси оддий ЎРВИ каби олиб борилади. Бунда кўп суюқлик ичиш, витаминлар ва зарурат бўлганида иссиқликни тушурувчи дориларни қабул қилиш керак. Намоён бўладиган аломатларга қараб, янги препаратлар қўшилиши мумкин.
Бу ерда бактериал инфекция иккиламчи бўлгани учун антибиотиклар фақат иситмадан (ҳарорат 38,5 дан юқори, у беш кундан ортиқ сақланиб турибди) кейин ёки лабораторияда тасдиқланган микробли флорада қўшилади. Антибиотиклар кўп ҳолларда ҳимоя қилувчи сифатида берилади, шу боис касалхонадан ташқари пневмонияни амбулатория шароитларида юритиш учун маъқулланган антибиотиклар, асосан, уларнинг таблеткалари берилади.
Захира гуруҳига кирувчи антибиотиклар билан инъекция қилиш фақат стационарда, ЎСВдаги беморлар учун амалга оширилади. Сўз полирезистент бактериялар (бошқа препаратларнинг кўпчилигига чидамли бўлган) келтириб чиқарган (кўп ҳолларда бу касалхона ичидаги флора) касалликларда қўлланадиган препаратлар ҳақида бормоқда.
Уларни фақат реанимацияларда, ҳаёт ва мамот масаласи турганида, қўллаш зарур. Бундай антибиотикларнинг пала-партиш тайинланиши ЎСВ аппаратига уланган беморларда ўлим даражаси ошишига олиб келиши мумкин. Бир йиддан кейин одамлар сепсисдан, перитонитдан ўла бошлайди. Имплантларнинг, сунъий бўғимларнинг қўшилиб кетмаслиги даражаси ошади; стентлар, юракнинг сунъий клапанлари ўрнатилганидан кейин оғир бактериал инфекциялар ривожланади.
Гормонал терапия фақат нафас олиш етишмовчилиги юзага келганидагина қўлланиши керак. Касалликнинг тўққизинчи кунидан олдин, қонда сезиларсиз ўзгаришлар бўлганида камдан-кам ҳолларда қўлланади. Гормонлар профилактик таъсир кўрсатмайди. Уни эрта тайинлаш касалликнинг кечишини ёмонлаштириши мумкин. Қонни суюлтирувчи препаратлар билан ҳам худди шундай. Улардан амбулатория шароитларида даволаш учун фойдаланилмайди.
Иммунитетни рағбатлантирувчи препаратлардан фойдаланиш мутлақо мумкин эмас. Яхши ўрганилмаган касалликда иммунитетнинг бошқарилмайдиган фаолиятини ишга тушириш умуман керакмас.
Мавжуд вирусга қарши воситалардан, самараси исботланмаган дорилардан фойдаланиш тавсия этилмайди. Бундан фойда бўлмайди, жигар, буйракка қўшимча салбий таъсирга, аллергия ва бошқа ножўя самараларга эга бўлиш мумкин.
Шунингдек таркибида спиронолактон бўлган калий сақловчи диуретикларнинг калий билан комбинацияси тақиқланади. Бу билан қонда ушбу элемент миқдорини кўтариш ва юрак фаолиятини бузиш мумкин.
Дориларни тайинлашдан олдин организмнинг яллиғланиш тизими ҳолатини, турли аъзолар фаолиятини, бошқа айрим кўрсаткичларни текшириш керак. Бироқ фақат МСКТда ўзгаришлар мавжудлиги терапия учун асос бўлиб хизмат қилолмайди. Одатда мен энг камида умумий кенгайтирилган қон таҳлилини, С-реактив оқсил, глюкоза даражасини аниқлашни, коагулограмма тадқиқотини ўтказишни тавсия этаман. Ушбу таҳлилларни муайян даврийлик билан такрорлаган маъқул. Кўп ҳолларда текширишлар рўйхати ферритин даражасига, жигар ферментларига, креатинин ва бошқаларга таҳлилларни ўз ичига олади.
— Нега дориларни томчилатиб киритиш ножоиз, умуман уларни қўллаш мумкинми?
— Бу даволашнинг ўзига хос кўриниши. У фақат стационарда, асосан реанимацияларда, одам хушсиз, оғир ётганида ва мустақил равишда сув ва овқат қабул қила олмаганида қўлланиши керак. Айрим дорилар фақат секин ва жуда секин томчилатиб қуйиш кўринишида қўлланади, томчилар жуда аниқ, баъзида эса махсус қурилма ёрдамида дозаланиши керак. Хусусан кимё терапиясида баъзи дорилар, моноклонал антитаначалар шундай тайинланади.
Аммо “капельница” – бу амбулатор даволаш эмас.
Агар ёлғиз бўлмаган, хуши ўзида бўлган, узлуксиз қусмайдиган беморга дорини томчилатиб киритиш керак бўлса, унда бу парваришдаги нуқсондан далолат беради. Уйда оддий сувдан ташқари ҳар доим турли ичимликларни, масалан, чой, компот, айрон тайёрлаш ва ҳар беш дақиқада бир қултумдан ичишни таклиф қилиш мумкин. Бу суюқликнинг физиологик тушиши, нормал ишлайдиган буйракларда у организмга зарар келтирмайди.
Мен физиологик эритмани ёки аскорбин кислотаси, бошқа витаминлар билан глюкозани томчилатиб киритишдан мутлақо маъни кўрмаяпман. Нега энди бунинг ўрнига бир стакан компот ёки лимонли чой ичмаслик керак? С витамини таблеткалар ва драже кўринишида ҳам бор. Бундай “капельница”ларнинг маъноси – “кучли даволаш” деган психологик самарада, холос. “Қонни токсинлардан тозалаш” функциясини буйрак ва жигар ҳам жуда яхши эплайди. Агар эпламаса, унда беморга бу препаратларни томчилатиб киритиш эмас, балки гемодиализ тайинланади.
— COVID-19 аломатларида небулайзердан фойдаланиш мумкинми?
— Биз бирор-бир даволаш методидан фойдаланганимизда нимага эришмоқчи эканлигимизни, у ёки бу восита қандай таъсир кўрсатишини аниқ тушунишимиз керак.
Небулайзер – бу дориларни бевосита бронхларга етказувчи восита. Қатор усуллар ёрдамида дори суюқлиги аэрозолга – ўлчами беш микронгача бўлган майда томчиларга айланади. Энг майда нафас трубкачаларининг диаметри ҳам худди шундай.
Одам нафас олганида дори воситасидан иборат аэрозоль бронхларга ва ўпкага йўналади. Нафас чиқараётган эса арозолли зарралар атрофдаги ҳавога тушади. Агар одамда вирус бўлса, унду у ушбу аэрозолли булутда каттагина миқдорда тўпланган бўлади. Бундай майда зарралар жуда секин чўкишини инобатга олиш керак. Улар ҳавода бир неча соат муаллақ ҳолатда қолади. Бу атрофдагилар учун жуда хавфли – юқтириш хавфи бир неча бараварга ошади. Беморнинг ўзи ҳам вируснинг янги дозаларини олмагани маъқул.
Касаллик бошланган пайтда вирус юқори нафас йўлларида бўлади. Демак, агар, ингаляция қилишни бошласак, унда инфект учун ўпкага кенг йўл очиш хавфи мавжуд.
Агар небулайзерли терапия объектив кўрсатмаларга кўра тайинланса, унда махсус хавфсизлик чоралари кўрилиши керак. Масалан, мен уни деразалари очиқ ва хонага кирадиган эшиги ёпиқ балконда ўтказишни тавсия этаман. Небулайзер орқали ингаляцияни иложи борича тайёр дозаланган аэрозолли кукунли препаратлар билан алмаштирган маъқул. Процедура қулай бўлиши ва самарадорликни ошириш учун тайёр аэрозолдан спейсер орқали нафас олиш мумкин.
— Ингаляция учун антисептик препаратлардан фойдаланиш мумкинми? Улар шиллиқ қаватни қуритиб юбориши, фиброзга олиб келиши мумкин деган фикр мавжуд?
— Антисептик препаратлар асосан операция пайтида, плеврал пункцияда тана бўшлиқларини ювиш учун қўлланади. Назарий жиҳатдан олганда, улар ингаляцияда нафас йўлларидаги бактериялар, вируслар, замбуруғларни йўқ қилиши мумкин. Буни қилиш керак ёки керак эмаслиги – бу бошқа масала. Бир пайтлар қўлларни ювиш учун антибактериал воситалар жуда оммалашиб кетганди. Уларнинг оммабоплиги тезда йўқолди, чунки заруратсиз теридаги, шиллиф қаватлардаги табиий бактериал қатламни йўқ қилиш керак эмаслигини аниқ бўлди.
Иккинчи жиҳат ушбу препаратлар нафас йўллари эпителийларига қандай таъсир кўрсатиши мавзусида тадқиқотлар мавжуд эмас. Шу боис эҳтимолий фиброз ривожланиши ҳақидаги саволга мен ҳа, деб ҳам, йўқ деб ҳам жавоб беролмайман.
Ушбу воситаларга ўткир аллергик реакциялар ривожланиши эҳтимоли мавжуд. хлоргексидинга аллергия бир неча марта қайд этилган, бундай ҳолатлар сони ошиб бормоқда.
Шунингдек ушбу препаратларга нисбатан чидамлилик ривожланиши каби жиддий хавф ҳам бор. Масалан, турли микроорганизмларнинг касалхона ичида яшайдиган жуда кўплаб штаммлари мавжуд, улар оммабоп антисептик эритма – фурацилинда жуда яхши яшайди. Агар биз яна декаметоксин ва хлоргексидинга таъсирчан бўлмаган бактерияларни ҳам олсак, унда жарроҳларга йирингли касалликларга эга беморларни қутқариш қийинроқ бўлади.
Кислородли концентраторлар ва пульсоксиметрлар
— Агар одамнинг тўсатдан нафаси бўғила бошласа, тез ёрдам эса тезроқ келавермаса ёки унга қўнғироқ қилиб тушолмаса, беморга қаедай шошилинч ёрдам кўрсатиш мумкин?
— Қийин савол. Бундай одамга зудлик билан кислород керак. Шу боис ҳозир кислородли концентраторларга талаб катта.
Уй учун кислород излаш ёки касалхонага олиб борадиган машина топиш пайтига беморни, агар қорни билан ётмаган бўлса, қорни билан ётқизиш зарур. Деразани очиб, тоза ҳаво киришини таъминлаш керак. Хона иссиқ бўлмаслиги лозим! Ҳозир кўпчилик кондиционерлардан қўрқади. Аммо уни бевосита беморга қаратмасдан ва ҳароратни жуда пасайтириб юбормасдан ҳам ишлатиш мумкин. Салқинроқ ҳаводан нафас олиш анча енгил бўлади.
— Кислородли концентраторни танлаганда нималарга эътибор бериш керак? Ундан маиший турмушда фойдаланиш хавфсизми?
— Бир қоида бор: агар одам кислородли кўмакка эҳтиёж сезса, у стационарда кузатув остида бўлиши керак. Афсуски, реал воқелик ҳар доим ҳам идеалга тўғри келмайди.
Кислородли концентратор сатурация пасайганида беморнинг аҳволини яхшилаши мумкин. Охирги маълумотларга кўра, асбоб дақиқасига ҳеч бўлмаганда беш литргача ҳаво бериши, камида 24 соат ишлаши керак. Тўпламга албатта бемор учун бурун канюляси ва ниқоб илова қилинади, чунки канюля орқали нафас олганда кислороднинг бир қисми йўқолади.
Фабрика шароитларида ишлаб чиқарилган ва барча сертификатларга эга бўлган кислородли концентратор хавфсиз ҳисобланади. Ундан фойдаланиш бўйича махсус қоидалар мавжуд бўлиб, уларни олдиндан ўрганиш лозим. Умуман олганда эса бу асбоб кейин бошқа ҳеч қачон ҳаётда керак бўлмаслиги мумкин. Шунинг учун шаҳарларда, туманларда кислород концентраторларини ижарага берадиган пунктлар бўлса, яхши бўларди. Ҳар бир бемор учун индивидуал тарзда кислород етказиш тизимларигина (силикон трубкалар, канюлялар, ниқоблар) харид қилиниши керак. Эшитишимча, айнан шу нарсалар ҳозир етишмаяпти.
Нафас олиш учун мослаштирилган кислородли баллонларни тавсия этмаган бўлардим. Улардан фойдаланганда портлаш юз бериши хавфи юқори.
— Пульсоксиметрларга ҳам талаб катта. Муқобил сифатида худди шундай функцияларга эга мобил иловалардан фойдаланиш мумкинми?
— Мобил иловалар зарур ахборотни унчалик аниқ бермаслиги мумкин. Бироқ пульсоксиметр бўлмаганида, ҳеч нимадан кўра улардан фойдаланган маъқул. Улар ҳеч бўлмаганда вазиятга ойдинлик киритиш имконини беради.
Кислородли концентраторлар ҳолатидаги каби пульсоксиметрлар ҳам оддий ҳаётда керак бўлмайди. Уларни бир кишидан иккинчисига бериш мумкин, уларни зарарсизлантириш ҳам жуда осон, шунчаки таркибида спирт бўлган воситалар билан ишлов берилса бўлди.
Касаллик профилактикаси ва у бошдан кечирилганидан кейинги оқибатлар ҳақида
— Бурунни профилактика сифатида нима билан чайиш мумкин?
— Мен хлорид натрий – ош тузининг физиологик (изотоник) эритмасидан фойдаланишни тавсия этаман. Бу эритмани мустақил тайёрлаш унчалик мақбул эмас, чунки концентрацияни ошириб юбориш хавфи мавжуд. Гипертоник эритма эса шиллиф қаватни қуритиб юборади. Уни бурундан кўп суюқлик кетадиган даврда қисқа муддат қўллаш мумкин.
— Одамлар спирт буғларидан нафас оляпти, ниқобларни ароқда намлашяпти. Бундай ҳаракатлардан маъни ва фойда борми?
— Буни тушуниш мумкин. Агар вирус спиртга таъсирчан бўлса ва спирт ёрдамида юзаалардан йўқ қилинса, унда нега ҳам шундай тарзда қўлламаслик керак экан. Аммо вирус эпителий юзасида узоқ вақт турмайди, у спирт етиб боролмайдиган жойга – ҳужайранинг ичига киради.
Бизнинг шиллиқ қаватларимиз учун эса спиртнинг таъсири жуда зарарли бўлиши мумкин. Спирт оқсиллар коагуляциясига туртки бўлади, “ошловчи” самарани келтириб чиқаради. Жарроҳлар терида шунга ўхшаш самарага эришишга ҳаракат қилади: теридаги тешикларни ёпишади, улардаги бактерияларни “қамаб” қўйишади. Бундан терининг ҳолати ёмонлашади, холос.
Шиллиқ қаватлар эса ундан ҳам таъсирчанроқ. Бундай таъсир юқори нафас йўллари эпителийсининг табиий ҳимоя ва тозалаш хусусиятларини бузади, маҳаллий А иммуноглобулини даражасини камайтиради. Кучли ва/ёки тез-тезқўллаганда шиллиқ қаватлар куйиши мумкин. Менда шундай беморлар ҳам бўлган. Натижада, кутилган ҳимоя самараси ўрнига мутлақо қарама-қарши самарага эга бўламиз, яъни вирусга қарши иммунитетнинг биринчи, энг муҳим механизмини ўчириб қўямиз.
— Келинг, “нима билан нафас олиш керак?” деган саволдан “буни қандай қилиб тўғри қилиш мумкин?” деган саволга ўтамиз. Прон-позициялар ҳақида гапириб берсангиз.
— Прон-позиция – бу қоринда ётиш ҳолати. Ковидли пневмонияда даставвал ўзгаришлар ўпканинг қуйи орқа бўлимларида юз беради. Биз орқамиз билан ётганимизда улар гиповентиляция ҳолатида туради, яъни кучсиз ишлайди. Шунга мос равишда, улардаги шиш суюқлиги секин ва ёмон сўрилади. Фибрин чўкади, бирлаштирувчи тўқималарнинг айрим ишлаб чиқарилиш жараёнлари фаоллашади, шу боис зарарланиш ҳажми ошади, фиброз кўпаяди.
Манба: https://www.uptodate.com
Шунингдек, орқа билан ётганда кўкрак мушаклари ишлайди, кўкрак қафаси экскурсияси (ҳаракатлари ҳажми) унча катта бўлмайди. Олинадиган нафас миқдори ҳам чекланади.
Одам қорни билан ётганида, орқанинг кучли мушаклари ишлай бошлайди. Бир марта нафас олганда ўпкага кўпроқ кислород тушади. Шиш суюқлиги яхшироқ сўрилади, ўзгаришлар тезроқ ўтиб кетади.
Бутун касаллик давомида прон-позицияда ётиш тавсия этилади. Тунда бу мажбурий, кундузи эса зарарланиш даражасига қараб у қанча кўп бўлса, шунча кўпроқ қоринда ётиш керак. Соғайгандан кейин ҳам бир неча ой давомида қорин билан ётган маъқул.
— Парадоксал нафас нима?
— Уни яна диафрагмал нафас ҳам дейишади. Қўлларингизни қоринга қўйиб, нафас олганда унинг ҳаракатини кузатишга ҳаракат қилинг. Нафас олаётган пайтда қорин ичкарига тортилаётгандай бўлади, нафас чиқаётганда эса у бўшашади.
Парадоксал нафасда эса аксинча: нафас олаётган пайтда қорин шишади, нафас чиқараётганда тортилади. Бундай нафаснинг яққолроқ намоён бўладиган варианти – йога машқи, йогада у “вакуум” дейилади.
Уни кунига бир неча марта қилиш мумкин. Асосийси нафас олиш ҳам, чиқариш ҳам бир текис бўлиши керак. Даставвал машқ бироз куч билан қилинади, кейин эса одатий суръатда бажарилади.
Парадоксал нафасни одатга айлантириш жуда яхши ҳисобланади.
— Ҳаво шарларини шиширган ҳолда ўпкани машқ қилдириш мумкинми?
— Ҳаво шарларини шишириш бошдан кечирилган коронавирусли пневмонияда реабилитация технологияси ҳисобланмайди. Бунинг сабабларидан бири – катта ёшли аҳолининг 10-15% да латексга аллергия бор.
Коронавирусли пневмонияда шикастланадиган асоси тузилма – бу интерстиций, каркас. Шарларни шишириш пайтида юзага келадиган босимнинг кескин ўзгаришларида, ўпканинг шикастланган участкаларига жароҳат етказиш эҳтимоли мавжуд.
Мен ўз беморларимга Каролина университети госпитали (Швеция) мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган нафас машқларини тавсия этаман. Томск (Россия) шифокорлари машқларнинг яхши тўпламини таклиф қилишган, унинг видеосини РФ ССВнинг фейсбук-саҳифасига жойлаштирилган.
— Янги коронавирусли инфекцияни бошидан кечирганларни қандай оқибатлар кутмоқда?
— Ҳозирча бу ҳақда гапириш қийин – дастлабки касалланиш ҳолатларидан кейин етарлича вақт ўтгани йўқ.
Энг тавсифланган оқибатлар орасида узоқ вақт чўзиладиган субфебрил ҳароратни, кўп миқдорда тер ажралиб чиқишини, беҳолликни кўрсатиб ўтиш мумкин. Хотира, диққат-эътиборнинг бузилиши, ишлаш қобилиятининг кескин тушиб кетиши кузатилиши мумкин.
Ўпкадаги ўзгаришлар тўлиқ сўрилиши мумкин, аммо кўп ҳолларда улар узоқ вақтга сақланиб қолади. Шу боис қоринда ётиш ва нафас олиш гимнастикаси камида 3-6 ойга ҳаётнинг таркибий қисмига айланиши керак. Ўпка тузилмасининг тикланишига фақат шунча вақт ўтганидан кейингина баҳо бериш мумкин.
Ҳозир кўпроқ ҳам дори-дармонли (биринчи навбатда, витаминлар ва микроэлементлар қабул қилиш), ҳам физиотерапевтик реабилитация комплекслари, даволовчи жисмоний тарбия методлари ишлаб чиқилади, деб ўйлайман.
COVID-19 нинг оқибатлари ҳақида якуний маълумотлар фақат бир неча йилдан кейин маълум бўлади. Ҳозир эса уни ўрганиш ишлари давом этмоқда.
Виктория Абдурахимова ёзиб олди
Шарҳлар