Давлат томонидан мусодара қилинган мулкни қайтариб олиш мумкинми?

Давлат томонидан мусодара қилинган мулкни қайтариб олиш мумкинми?

Яқин қариндошининг иқтисодий жиноятларда айбланиши, мулкининг мусодара қилиниши ва уй-жойининг пойтахт ҳокимлиги балансига ўтказилиши – булар Тошкентда истиқомат қилувчи Лариса Пак дуч келган муаммолар. У охирги тўрт йил давомида ўз мулки деб ҳисоблайдиган квартираси учун курашиб келмоқда. Бироқ суд квартира давлат балансига ўтиши керак деган қарорга келиб, бир йил олдин ушбу мулкни ҳибсга олди. Ҳозир бу квартирада ҳокимлик томонидан кўчириб келинган нотаниш одамлар яшамоқда. Лариса ўзининг  Anhor.uz  нашрига тақдим этган мурожаатида квартирадан қандай маҳрум бўлгани ва уйини қайтариб олиш учун унга нима халақит бераётгани ҳақида сўз юритади.
 
«2004 йилдан 2011 йилгача мен турмуш ўртоғим билан Россияда яшадим. 2011 йил августида эримда онкологик касаллик борлигини аниқлашди. Эрим Россиядаги уйни сотиб, Ўзбекистонга қайтишимизни истади, чунки ҳамма қариндошларимиз шу ерда яшайди. Мен сотилган уйнинг пулини пул ўтказмалари тизими орқали бўлиб-бўлиб кичик синглимга жўнатдим. У бу пулларга Тошкентда бизга уй сотиб олиши керак эди. Ўша пайтда менда, эримда ва синглимда пойтахт пропискаси йўқ эди, шу боис квартирани холамнинг номига расмийлаштирдик, чунки ўша вақтда у Тошкент пропискаси мавжуд бўлган ягона қариндошим эди. Кейинроқ, 2016 йилда уни иқтисодий жиноятларда айблашди, гўёки у божхона ишида жиноий гуруҳ ташкилотчиси бўлган эмиш, шу боис унинг номига расмийлаштирилган учта квартира мусодара остига тушди. Бироқ, охир-оқибатда, фақат менинг кўчмас мулкимни олиб қўйишди, чунки қолган квартираларда бир нечта одам рўйхатда турар экан, менинг квартирамда эса фақат холам рўйхатдан ўтган. Ҳокмлик ходимлари менга: “барибир бу квартирада ҳеч ким яшамаяпти, пропискада ҳам ҳеч ким йўқ, шу боис уни биринчи навбатда олиб қўямиз”, деб очиқчасига айтишди. Бундай лоқайд муносабат мени лол қолдирди», – деб ёзади Лариса.
 
«Квартирани дарров олиб қўйишгани йўқ. Ҳукм эълон қилиниб, мулк ҳибсга олингунга қадар уч йил вақт ўтди. Яъни уч йил давомида (2016-2019 йй.) биз ҳокимликдан квартира жиноий иш доирасида мусодара остига тушади ва тез орада олиб қўйилади деган ёзма ва оғзаки хабарларни олиб келдик. Биз турли идораларга мурожаат қилиб, ишимизни пухта ўрганишларини сўрадик, аммо ҳеч бир давлат органи, шу жумладан суд ҳам, бизни тинглашга ҳаракат қилмади ва квартира менинг шахсий пулларимга харид қилинганини ва мунинг мулким эканини тасдиқлайдиган далилларни (пул ўтказмалари ҳақидаги ҳужжатлар) эътиборга олмади. Роппа-роса бир йил олдин, 2019 йил сентябрида, Тошкент ҳокимлиги ходимлари мулкдорни кўчириш ҳақидаги суд қарорисиз уйнинг қулфини бузиб, мулкни хатлаб кетишди. Менинг уйни мусодара қилишга рухсат этувчи расмий ҳужжатларни тақдим этиш ҳақидаги илтимосимга эътибор қилишмади. Ҳозир квартирада ҳокимлик кўчириб келган нотаниш одамлар яшамоқда», – дейди Лариса.
 
2020 йил январь ойида Олий суд судьяси иш назорат тартибида кўриб чиқилгунга қадар ҳукмни мулкни олиб қўйиш қисмида тўхтатган эди. Anhor.uz мухбири мазкур ишга изоҳ бериш ҳамда давлат томонидан олиб қўйилган мулкка бўлган ҳуқуқларни тиклаш ва уни қайтариб олиш процедураси ҳақида гапириб бериш илтимоси билан ҳуқуқшунос Жалолиддин Исҳоқовга мурожаат қилди.  
 
«Жиноят ишини ўрганиб чиқмасдан туриб ишга баҳо ва изоҳ бериш қийин. Аммо бир нарса аниқ – ҳукмни иш назорат тартиби қўриб чиқилишидан олдин ундирувни зарарни қоплаш ҳисобига квартирага қаратиш қисмида тўхтатиш – мулкни қайтариб олиш учун асос ҳисобланмайди. Айни пайтда иш ҳукмни қайта кўриб чиқиш босқичида турибди ва ҳозирча суд шикоятни расман қондира олмайди ва ҳукмни зарарни ундириш қисмида бекор қилолмайди, шу боис квартирани қайтаришлари даргумон. Амалда бундай ишлар анчагина. Кўпчилик турли сабабларга кўра ўз квартирасида яшаш ҳуқуқидан маҳрус бўлган, аммо уларнинг аксариятини бир наса бирлаштириб туради – мулк ҳуқуқи учинчи шахсларга расмийлаштирилган. Асосий сабаб  ҳам бундай битимларнинг оқибатлари ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслик.
 

Шунинг учун мулкни қариндошлар ёки дўстлар номига расмийлаштиришдан олдин барча таваккалларни ва эҳтимолий оқибатларни яхшилаб ўйлаб кўриш жуда муҳим. Чунки суд учун кўчмас мулк кимнинг пулига харид қилингани эмас, балки кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатда кимнинг номи кўрсатилгани муҳим», – дейди ҳуқуқшунос.

 
«Амалиёт ҳатто реал мулкдорлар ҳам уйидан маҳрум бўлиши мумкинлигини кўрсатмоқда. Шундай ҳолатлар бўлганки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимлари квартирада фоҳишахона ташкил қилинганлигини важ қилиб, уни мусодара қилган ва мулкни ҳокимлик балансига ўтказган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мулкни ҳибсга олиш ишлари суд ҳужжатида акс этган бўлиши керак. Ҳеч ким суд қарорисиз уйни бузиб киришга ҳақли эмас. Агар умуман айтадиган бўлсак, бу масаланинг жиҳатлари кўп, ишнинг қандай якунланиши ана шуларга боғлиқ. Ҳукмда кимга ва қандай суммага зарар етказилгани кўрсатилган бўлиши шарт. Яъни аввал зарар ҳажмини ҳисоблаб чиқиш керак, фақат шундан кейингина айбланувчининг мулки ундирувга қаратилиши мумкин. Аксарият ҳолларда квартирани, жумладан суд мулк жиноий йўл билан олинган деб ҳисоблаганида олиб қўйилади. Кўп ҳолатларда уй-жой кейинчалик бошқа фуқароларга, одатда, эҳтиёжманд оилаларга вақтинчалик фойдаланишга берилади. Айримлар олиб қўйилган квартирада бир неча йил яшаганидан сўнг уни хусусийлаштиришга ва ўз мулкига айлантиришга муваффақ бўлади.  
 
Қайд этиб ўтаман, Ўзбекистон қонунчилигида “мусодара қилиш” тушунчаси йўқ, у бекор қилинган бўлиб, ҳозир олиб қўйиш юридик томондан “мулкни давлат даромадига қаратиш” деб айтилади. Жиноий йўл билан орттирилган пул ва мулк суд ҳукми билан жиноят содир этиш оқибатида етказилган мулкий зарарни қоплашга қаратилади, мулкий зарар кўрган шахс аниқланмаган тақдирда эса, у давлат даромадига қаратилади. Биз “мусодара қилиш” сўзидан жазо тури сифатида қочганмиз. Аммо тушунчани алмаштириш, барибир ҳеч нимани ўзгартиргани йўқ. Суд оқлов ҳукмини қабул қилган ҳолатларда ёки “жиноятчи”ни реабилитация қилганида, қонун бу одамга давлат даромади ҳисобига олиб қўйилган мулкни қайтариш мажбуриятини юклайди.  Суд ҳукмни мулкни. масалан, квартирани олиб қўйиш қисмида бекор қилиши билан, ушбу суд ҳужжати қонуний кучга кирганидан кейин ҳокимлик дарҳол ёлловчи (ижарага олувчи) билан шартномани бекор қилиши, квартирани ўз балансидан чиқариши ва ҳужжатларни кадастрга топшириши зарур. Ўз навбатида, кадастр хизмати реабилитация қилинган мулкдорнинг аризаси бўйича ҳужжатларни қайта расмийлаштириши ва унга бўлган мулк ҳуқуқини тиклаши лозим. Бироқ амалда кўп ҳолларда мулкдорнинг ҳуқуқларини тиклаш жараёни чўзилиб кетади», – дея хулоса қилади Жалолиддин Исҳоқов.
 
Элина Рустамова
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.