Гулсанам, зулм ва ОИВ
Гулсанам (исми ўзгартирилган) кўргуликлари Ўзбекистонда ОИВ билан касалланган хотин – қизлар дуч келадиган муаммолар кўламини яққол ифода этади.
Гулсанамнинг отаси уни уйидан ҳайдаб чиқарган. ОИВ инфекцияси ташҳиси қўйилганлиги учун. Гулсанам ўз вақтида даволанмаганлиги асоратлари билиниб, аҳволи оғир бўлишига қарамай, ҳатто у даволанаётган шифохонадан ҳам қандай бўлмасин чиқариб юборишга уринишди.
Гулсанам шифохонадан ижтимоий ходим ҳамроҳлигида уйига қайтди, лекин отаси уни уйига қайтишига қарши бўлди. Чақиртирилган милиция ходими ҳам уни аҳлоқсизликда айблай кетди. Бу масалани ҳал этиш учун маҳалла қўмитаси аралашди.
Эвоҳ, у эндигина 17 ёшга тўлганида отаси уни мажбурлаб дўстининг ўғлига эрга берганида милиция ва маҳалла эътиборсизлик қилишди. Шўрлик эрининг калтакларидан қочиб келганида отаси Гулсанамни ҳомиладор ҳолида онаси билан пул ишлагани Туркияга мажбурлаб жўнатганида ҳам ички ишлар идоралари лоқайд бўлишди.
Энди у қаттиқ таҳқирга учраб, ота уйига қайтиб, боласини тарбиялашга имконияти бўлмаяпти.
I қисмда муаммонинг туб моҳияти ва сабабларини кўриб чиқамиз.
Евгения Короткова, “Ишонч ва Ҳаёт” ННТда “Аёллар ва болалар+” дастури координатори:
Жамиятдаги гендер тенгсизлик ва аёлларга нисбатан қилинаётган иқтисодий, жисмоний, психологик ва жинсий зўравонлик ҳолатлари муаммонинг асосий омиллари ҳисобланади. Бу ОИВ билан касалланган беморни тиббий хизматлардан фойдаланишига жиддий тўсиқ бўлади. Ўзбекистондаги аёлларнинг аксарияти ишламайди. Уларнинг асосий вазифаси фарзандлар, эр ва унинг оиласидагиларга хизмат қилишдан иборат. Шу сабаб кўпчилик аёллар молиявий жиҳатдан эрга тобе бўлишади. Айни шу иқтисодий қарамлик хотин қизларнинг мунтазам тиббий кўрикдан ўтолмаслигига, айниқса, жинсий-репродуктив саломатлигини текширтира олмаслигига олиб келади. Натижада бу аёлларнинг соғлиғи билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.
Шунингдек, жинсий муносабатларда аксарият аёллар эркакнинг зўравонлиги остида бўлади. Улар ҳар доим ҳам ёстиқдошига презерватив воситалардан фойдаланишни таклиф эта олмайдилар ёки ОИВ (жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар) ЖЙЮИ текшириш тестдан ўтиш таклифини беришолмайди.
ОИВ-инфекцияси дарров ўзини намоён этмасдан анча вақтгача яширин даврда бўлади. Шу туфайли аксар ҳолларда аёллар шифокорга кеч, яъни касаллик қачонки юзага чиққанда мурожаат қилишади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти зўравонлик аёлларнинг жисмоний, руҳий, жинсий ва репродуктив саломатлигига ёмон таъсир этишини, айрим ҳолларда ОИВ инфекциясини юқтириш хавфи ортишини таъкидлайди.
Anhor.uz: Зўравонлик ОИВ тарқалишига қай тариқа имкон туғдиради?
Евгения Короткова: Юқорида айтиб ўтилганлардан ташқари ОИВ/ОИТС бўйича Халқаро Альянс (The Global AIDS Alliance) маълумотларига кўра, қуйидаги хавфли омиллар ҳам мавжуд:
· Аёлни жинсий зўрлаш уларнинг андомларини шикастланишига, бу эса ОИВ-инфекцияси хавфи ортишига олиб келиши мумкин.
· Болалигидан жинсий зўрланган аёллар ОИВ-инфекциясини нисбатан кўпроқ юқтиришига, зўравонликка кўпроқ дучор бўлишига олиб келади.
· Рафиқасига нисбатан жинсий зўравонлик қиладиган тоифадаги эркаклар бошқа аёллар билан ҳам жинсий алоқа қилишга, ундай бўлмаган эркаклардан кўпроқ мойил бўлишади.
· Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, зўравонлик қўрқуви аёлларнинг 25 фоизида ОИВ инфекциясини аниқлашга ҳалақит қилади. Айрим мамлакатларда бу кўрсаткич 86 фоизни ташкил этди.
Anhor.uz: Камситилиш ва зўравонликнинг ўзаро қандай боғлиқлиги бор?
ОИТВ билан касалланган беморларга аввалгидан кўпроқ бағрикенглик бўлганлигига қарамай, ҳалигача бу инсонлар билан муносабатларда кўпинча камситиш ҳолатлари учрамоқда. Уларга нисбатан тамға қўйиш ва камситиш ОИТВ хасталигига чалинганлар рўйхатини шакллантириш ва уларни ўз вақтида даволашга тўсиқ бўлаётган асосий омиллардан биридир.
Камситиш ва тамғанинг пойдевори айни тассавур бўлиб қолган ОИВ билан яшаётган инсонлар ахлоқсизлик ва номуносиб хулқи билан боғлик деган андозаларига асосланган. Шунинг учун одамлар касаллик бор-йўқлигини аниқлаб берадиган тиббий тестдан ўтишга ҳадиксирайди. Агар ОИТВ аниқлангудек бўлса, улар шундай инсонлар қаторига кириб қолишдан чўчишади.
Шу ўринда, ўз отаси томонидан уйга киритилмаётган Гулсанамнинг тақдири тамға ва камситиш ҳолатига яққол мисолдир. ОИТВ хасталигига чалинган инсонларга нисбатан бундай муносабат турли кўринишда бўлади: жамиятдан ажратиб қўйиш ва кундалик мулоқотдан воз кечиш, таъна-дашномлар билан руҳий азоблаш ва жисмоний куч ишлатиш шулар жумласидандир. Бундай ҳолатлар ишхоналарда, тиббиёт муассасалари, қамоқхоналар, таълим муассасалари ва ижтимоий хизмат жойларида ҳам учраши мумкин.
Anhor.uz: “Ишонч ва Ҳаёт” ташкилотига кўпроқ қандай саволлар билан мурожаат қилишади?
Ташкилотимизга инсон ҳуқуқлари турли кўринишдаги бузилиши билан боғлиқ муаммолар бўйича мурожаатлар келиб тушади. Масалан, тиббиёт масканларида беморни парваришлаш ва даволашдан бош тортиш, мижозни розилигисиз ОИТВ тестидан ўтказиш, маълумотларни сир сақламаслик, шифокорларнинг беморга нисбатан салбий муносабати ва инсон қадр-қимматини таҳқирлаш ҳолатлари бўлиши мумкин.
Агар аёлларни инобатга олсак, бундай холат уларнинг психологик жиҳатдан энг заиф бўлган даврида — туғгунча ва туғишдан сўнг кўмак берувчи муассасаларида содир этилиши мумкин, айниқса кичик шаҳар ва қишлоқларда. Шундан келиб чиқиб шундай ташкилот ва муассасалар ходимларига бу борада тушунтириш ишлари олиб бориш, ахборот-маърифий тадбирлар ўтказиш муҳим аҳамият касб этади.
Ишхоналарда тез-тез ОИТВга чалинган беморларни ишга қабул қилмаслик ёки ишдан бўшатиб юбориш, қонунчиликка зид равишда ОИТВга мажбурий тестдан ўтишни талаб қилиш ва ОИТВни рўкач қилиб, уларни автоматик равишда пенсия жадвалларидан чиқариб ташлаш, таълим масканларида эса болаларни мактабга қабул қилишдан бош тортиш ҳолатлари юз бермоқда. Шу боис, ОИТВ билан оғриган инсон жамиятга мослаша олмаяпти.
Anhor.uz: ОИТВ хасталигига чалинган аёллар яна қандай тўсиқларга дуч келишмоқда?
Аёллар турмуш ўртоғи билан яшаб, зўравонликнинг бирон кўринишига дуч келсалар-да, кўпинча ёрдам сўрамайди. Нимага? Чунки жамиятда айб аввало аёл кишига қўйилади. Шундан чўчиб, аксарият ожизалар бизга мурожаат қилишмайди.
Айниқса, аёл ОИТВ чалинган бўлса, у икки борабар кўпроқ камситилади. Бу оғир вазиятга тушиб қолган аёлларнинг ёрдам сўрашига тўсиқ эканини биз яхши биламиз. Ҳатто улар ОИТВга чалингани ошкор бўлиб қолмаслиги учун даволанишни ҳам рад этишади. Шунингдек, аёллар касаллик ошкор бўлиб қолса, таҳқирланишдан, мулкий ёки васийлик ҳуқуқидан маҳрум этилишидан хавфсирашади.
Биз ННТ инқироз марказига бемор аёлни жойлаштириш бўйича мурожаат қилганимизда, у ердагилар аёлнинг ОИТВ хасталигига чалинганини билганларидан сўнг, “Нега айнан бизнинг марказага?, Наҳотки уни ҳамма билан бирга, бир ерга жойлаштириш мумкин?” деган саволлар билан кўмиб ташлади. Қачонки, шу марказнинг директори билан телефон орқали 40 минутлик суҳбат ўтказиб, унга ОИТВнинг юқиш йўллари ва ОИТВ заиф, турли муҳитларда яша олмайдиган вируслигини тушунтириб берганимдан кейин аёлни жойлаштирдик.
Ўзбекистонда хотин-қизлар заифлигига сабаб бўладиган ўзига хос гендер омиллар мавжуд. Булар сирасига мустақил кўникмаларнинг йўқлиги, таълим ва иқтисодий имкониятларнинг тенгсизлиги, мажбурий ёки эрта никоҳлар, тиббий ёрдам олиш эркини чекланиши (бунинг учун учинчи шахснинг рухсатини олиш талаби), шунингдек, гендер тенгсизликнинг бошқа шакллари киради.
II қисмда муаммоларни ҳал қилиш йўллари ҳақида суҳбатлашамиз.
Шарҳлар