Гюнтер Оверфельд: Ўзбекистонда сўз эркинлиги ривожланмоқда

Гюнтер Оверфельд: Ўзбекистонда сўз эркинлиги ривожланмоқда

Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Гюнтер Оверфельд Инсайдер каналига мамлакатдаги ОАВ очиқлиги ва эркинлиги мавзусида интервью берди.

Гюнтер Оверфельд, маълумоти тарихчи ва файласуф, дипломатик фаолиятни 1981 йилда бошлаган. Канада, Эрон, Туркияда ишлаган, Хо Ши Минда бош консул, Покистонда элчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган, Парижда ЮНЕСКО ҳузуридаги Германиянинг доимий ваколатхонасига раҳбарлик қилган, EWI (East-West Institute) вице-президенти, Малида элчи бўлган.

Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасига 2017 йилдан раҳбарлик қилади.

– Жаноб элчи, Ўзбекистон ва Германия азалий иқтисодий алоқаларга эга, Сиз ҳам менга ва ҳамкасбларимга мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларда айнан шу соҳага урғу берадиган киши сифатида танишсиз. Шу боис Сизнинг масс-медиа ва ОАВ эркинлиги ҳақидаги фикрингизни эшитиш қизиқарли бўларди, бу Сиз учун янги мавзу.

 – Германия Ўзбекистон билан нафақат яқин иқтисодий, балки сиёсат ва маданият соҳасида жадал алоқаларга эга. Ўтган йили амалга оширилган олий даражадаги ташрифлар бунинг тасдиғи ҳисобланади: Президент Мирзиёев январь ойида Германияда бўлди, ўша йилнинг май ойида эса федерал президент Штайнмайер Ўзбекистонга жавоб ташрифини амалга оширди.

Федерал президент Мирзиёев томонидан бошланган ислоҳотларни олқишлайди, у айтганидай, “Президент Мирзиёев деразаларни очиб, тоза ҳаво киритди”.
Янги муҳит Ўзбекистонга узоқ йиллардан сўнг Deutsche Welle Akademie қайтишига ҳам туртки бўлди. Демак, мамлакатингизда сўз эркинлиги мавжуд қийинчиликларга қарамасдан ривожланяпти.

 – Бу сафар Deutsche Welle нафақат журналистларни ишлашга ўргатишга, балки ўзи фаолият кўрсатишга ҳам келди. Бу бизнес, унда бозор шароитларида ҳаммага, шу жумладан ОАВ га ҳам қаттиқ ишлашига тўғри келади. Бу ҳақда нима деб ўйлайсиз? Бу соҳада Германия томонидан кўмак бўладими?

– Эркин матбуот учун мустаҳкам молиявий асос жуда муҳим. Бу айниқса ривожланаётган сўз эркинлиги шароитларида долзарб. Биз Ўзбекистон ОАВни бу борадаги ташаббусларда қўллаб-қувватлаймиз.

– Ахборот олиш ҳақидаги қонунлар бизда кўп, ҳозир уларни оптималлаштириш бўйича ишлар олиб бориляпти. Сизнинг журналистларни тартибга солувчи орган АОКАга муносабатингизни билишни истардик. Унинг фаолиятига қандай баҳо берасиз?

– Мен кўряпманки, АОКА Президентнинг ислоҳотчилик топшириғини бажарган ҳолда Ўзбекистондаги турли-туман медиани ривожлантиришда фойдали вазифага эга.

– Европалик фуқаро нуқтаи назаридан нима яхши – сўз эркинлигининг тартибга солинишими ёки уни бўш қўйиб беришми?  Яхши фойдалана олмайдиганларнинг қўлида ҳаддан ташқари ортиқча эркинлик нималарга олиб келиши мумкин?

– Танқид, ҳатто асоссиз танқид ҳам, сўз эркинлигининг ва очиқ динамик медиа ландшафтининг ажралмас қисми ҳисобланади. Шу боис сиёсат ва иқтисодиётдаги масъул шахслар буни шунчаки қабул қилишлари лозим. Журналистнинг вазифасига воқеанинг тартибли ва ҳаққоний баёни киради. Бу айниқса жадал ривожланаётган ижтимоий тармоқлар ҳудудида аҳамиятли.

– Юз бераётган ўзгаришлар бор-йўғи “илиқлик” деган шубҳалар бор. Ўзбекистон яна ёпилиши мумкинми?

– Мен Ўзбекистонда журналистиканинг келгуси ривожи борасида оптимизмга тўламан. Ўзбекистонликлар очиқ мулоқотни қадрлайди, президент Мирзиёев эркин матбуотни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича конкрет ҳаракатлар муҳимлиги кўп марта таъкидлаган. Биз Deutsche Welle Akademie фаолияти ушбу жараёнга фойдали ҳисса қўшишига ишонамиз.

– Жаноб элчи, Сиз блогерлар ва ОАВни ўқишингизни айтиб ўтингиз. Масалан, қайсиларини ва қайси тилда ўқийсиз?

– Ходимларим ва мен ўзим кўплаб манбаларни ва блогерларни ўқиймиз ва муҳокама қиламиз, масалан: gazeta.uz, podrobno.uz, kun.uz, anhor.uz, insider.uz, ced.uz, Nikita Makarenko, Xushnudbek, Umid Gafurov, Safari, Aziza Umarova ва бошқалар. Ушбу ресурслар фикрлар ва таҳлил материалларини шакллантириш учун муҳим асос ҳисобланади.

– Германиялик ҳамкасблар бизнинг профессионализмимизни қандай баҳолайди?

– Бизнинг матбуотда Ўзбекистонда юз бераётган ҳодисаларни ёритиш сезиларли даражада ошди ва бу билан Германия медиа муҳитида муҳим ахборот манбаи ҳисобланган ўзбек журналистлари ва блогерларига нисбатан қизиқиш кучайди.

– Жаноб элчи, интервью учун миннатдорчилик билдираман!

– Хулоса ўрнида ўзимнинг энг яхши истакларимни билдиришни истардим: кириб келган янги йилда барча ҳамкасбларингизга омад тилайман, келгусида ҳам сизлар барча воқеаларни дадил, ҳаққоний ва танқидий ёритишда давом этиб, танланган йўлдан борасизлар деб ўйлайман.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.