“Халқимиз муҳтож ва оғир касал болаларга ёрдам беришга тайёр”: “Ezgu Amal” ташкилоти 2022 йил учун молиявий ҳисоботини тақдим этди
Бу йил онкологик ва оғир касал болаларга кўмак берувчи “Ezgu Amal” жамоатчилик жамғармаси беш ёшга тўлди. 10 март куни жамғарма ўтган йил давомидаги фаолияти тўғрисида жамоатчиликка, ҳомийлар, ҳамкорлар ва журналистларга ҳисобот тақдим этди.
Жамғарма нима билан шуғулланади
Анъанага кўра, жамғарма дори-дармонлар, жарроҳлик ва диагностика учун тўловларни амалга оширишга, маълум тоифадаги болаларни чет элга даволанишга юборишга ёрдам беради. Васийлик кенгаши аъзоси Азиза Умарованинг сўзларига кўра, фонд бошқаруви ҳар йили битта жиддий вазифани зиммасига олиш ва уни якунига етказиш бўйича ўзи учун қарор қабул қилади. 2022 йилда бу мақсад “Taskin” деб номланган биринчи болалар хосписини яратиш эди.
“Болалар жамғармамизга касалликнинг кеч босқичида келадиган ҳолатларга дуч келдик. Биз болалар ва ота-оналарга ижтимоий ёрдам ва дори-дармонлар олиши мумкин бўлган ташкилот кераклигини англадик. Болалар имкон қадар оғриқсиз кетишлари ва охирги ҳафта ва ойларни қулай муҳитда ўтказишлари керак”, – дейди Азиза Умарова.
Унинг фикрича, Ўзбекистонда паллиатив ёрдам жуда муҳим ва ҳозирча бу соҳа ривожланмаган. Бироқ, 18 ёшгача боласи бўлган ҳар қандай ота-она жамғарма ёки фаолияти давлат ва “Ezgu Amal” жамғармаси томонидан тўланадиган хосписга мурожаат қилиши мумкин.
“FOOD FOR LIFE” ташаббуси кўнгиллиси Гуля Зоҳидованинг айтишича, улар хоспис билан бир йилдан ортиқ ҳамкорлик қилиб келмоқда. Taskin масканида улар хосписда яшовчилар учун маҳорат дарсларини ўтказишга масъул ҳисобланади. Афсуски, соғлиғи туфайли болалар ҳар доим ҳам уларда қатнаша олмайди, шунинг учун ташаббус кўнгиллилари тадбирларни қизиқарли ва қувноқ тарзда ташкил этишга ҳаракат қилишади.
“Ойига бир марта маҳорат дарсларини ўтказамиз. Улар қийин аҳволда бўлган ходимларга ҳам, ота-оналарга ҳам керак, чунки уларнинг фарзанди шунчаки касал эмас – улар саратоннинг сўнгги босқичида. Агар сизда қандайдир муаммо бор деб ҳисобласангиз, бир марта хосписга боринг ва одамларнинг муаммоларига бир назар солинг”, – дейди Гуля Зоҳидова.
Уларнинг ташаббуси билан олиб бориладиган маҳорат дарслари одатда арт терапия ҳисобланади. Бундай тадбирлар болаларни вазиятдан чалғитишга, муҳитни бироз ўзгартиришга ва пластилин ёки бўёқлардан чиройли буюмларни яратишга имкон беради.
Жамғарма бошқаруви раиси Мунира Хўжахонованинг айтишича, Ўзбекистонда болалар хосписини ташкил этиш 2022 йилда “Ezgu Amal” жамғармаси эришган энг муҳим мақсаддир. “Taskin” ҳукумат, хусусий сектор ва кўнгиллилар томонидан яратилган.
“Биз биринчи марта хоспис учун маблағ йиғиш бўйича эълон ёзганимизда, бизни совғалар, канцелярия буюмлари, қурилиш материаллари ва ўйинчоқлар билан тўлдириб ташлашди. Бу эса халқимиз муҳтож ва оғир касал болаларга ёрдам беришга тайёр эканидан далолат беради, – дейди у.
Кимларга ёрдам берилди?
Бугунги йиллик ҳисобот аллақачон анъанавий тадбирга айланган бўлиб, жамғарма молия бўйича жамоатчиликка ҳисобот беради. Ташкилот қизиққанларга улар қанча пул олгани ва кимга ёрдам берилганини айтади.
Масалан, Аъзам Муҳамедов ўн уч ёшда. Унинг ота-онаси 2018 йилда ёрдам сўраб жамғармага мурожаат қилган. Унга саркома ва ўпка саратони ташхиси қўйилган. 2019 йил 1 июль куни “Ezgu Amal” жамғармаси ўсмирни Ҳиндистонга даволаниш учун юборди ва бола ерда тўртта кимётерапия курси ва юқори сифатли даволаниш жараёнидан ўтди. 2022 йил ёзида ўсмирга оёқни протез қилиш борасида ёрдам берилди, аммо бугун у тадбирга протезсиз келди. Аъзам протезни алмаштириш кераклигини тушунтирди, чунки йигитча анча ўсган. Ўсмир, “Ezgu Amal” жамғармасига кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик билдирди.
Фарғона вилоятидан Ўрмонали Акбаров жамғарма тадбирига 2019 йилда туғилган қизи Олимахон Давлатжонова билан келди. Унга икки томонлама кўз саратони, ретинобластома ташхиси қўйилган эди, аммо “Ezgu Amal” жамғармаси ва унинг ҳомийлари туфайли ота-онаси қизини чет элда даволаш учун авиачипта сотиб олишга муваффақ бўлди.
Ҳозир Олимахон ўзини жуда яхши ҳис қилмоқда, Ўрмонали эса ёрдам учун жамғармага миннатдорчилик билдиради ва келажакда Ўзбекистонда қийин пайтларда оилаларга ёрдам беришга тайёр ташкилотлар кўпайишига умид қилади.
Бундан кейинги режалар қандай?
2023 йилда жамғарма васийлари замонавий болалар онкологияси кафедрасини яратишга ёрдам беришни хоҳлашмоқда.
“Ким билан ишлашимизни ҳозирча билмаймиз, лекин болалар онкологлари учун яхши мактаб яратиб, уларни малака ошириш курсларига юбориб, бу соҳани халқаро маълумотлар базаси ва адабиётлар билан ўрганиб, амалиётга эътибор қаратмоқчимиз”, – дейди Азиза Умарова.
Шу билан бирга, у хосписга болалар ва ота-оналар учун озиқ-овқат ва муассаса ходимларининг маошига ёрдам бериши мумкин бўлган йирик ҳомийларнинг эътиборини жалб қилишга ҳаракат қилмоқда. Чунки хоспис оладиган давлат пули уни сақлашга етмайди, қолгани қисми эса “Ezgu Amal” жамғармасидан қопланади. Хосписга сарфланган маблағлар болаларнинг даволанишини қоплаб бериши мумкин. Шунинг учун ҳамкорлар ва потенциал ҳомийлар жамғармага сармоя киритишлари ва болалар ҳамда уларнинг ота-оналарига ёрдам беришлари жуда муҳимдир.
Ҳар қандай шахс “Taskin” хосписи, “Ezgu Amal” жамғармасининг кўнгиллиси бўлиши ёки шунчаки ҳаволани босиш орқали уларнинг ҳисобига кичик суммани ўтказиши мумкин.
Дарья Пензова
“Хоспис – бу ҳаёт ҳақида”: Taskin болалар хосписининг беморлари қандай яшамоқда?
Шарҳлар