Хитойлик тадбиркорлар: Ўзбекистон ўзгача диёр. Бу ерда ксенофобия йўқ, аммо “қора бозор” бор

Хитойлик тадбиркорлар: Ўзбекистон ўзгача диёр. Бу ерда ксенофобия йўқ

Ўзбекистон бозори шиддат билан ривожланиб, хитойлик тадбиркорларнинг эътиборини борган сари кўпроқ жалб этаётир. Бугунги кунда уларнинг сони Ўзбекистон ва Хитой стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаган 2012 йилдан буён сезиларли даражада ошган, деб ёзади  Ecns.cn нашри.  
 
Тошкентда 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида истиқомат қилиб келаётган Yan Yaoyong мамлакатда бизнес юритиш учун шароитлар қандай ўзгараётганини ўз кўзи билан кўрмоқда. Yan сайёҳлик агентлигида ишлайди. Унинг сўзларига кўра, охирги бир неча йил ичида Хитойда Ўзбекистонга бўлган қизиқиш бир неча бараварга ортган. Бу ерга нафақат пенсионер-сайёҳлар, балки ўз маблағини у ёки бу соҳага қўйишга тайёр бўлган инвесторлар ва бизнесменлар ҳам ташриф буюрмоқда.
 
Мисол сифатида 2009 йили Сирдарё вилоятида очилган ҳамда 370 000 метр квадрат майдонни эгаллаган индустриал-саноат парки келтирилади. Бу ерда керамик плита, кийим-кечак, пойабзал, мобил телефонлар, кранлар, чорва учун ем-ҳашак ишлаб чиқарувчи 7 та завод жойлашган. Корхоналарнинг барчаси Вэньчжоудаги хусусий компанияларга тегишли бўлиб, уларнинг бош офиси Хитой шарқида, Чжэцзян провинциясида жойлашган. Иш ўринларининг 80%ни маҳаллий аҳоли банд этган.
  
Технопарк бош директори Wang Xinghe нинг айтишича, бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулот Ўзбекистоннинг ички бозорида ҳам сотилади, бошқа мамлакатларга ҳам экспорт қилинади.
 
Аксарият хитойлик бизнесменларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ўзига хослиги унинг  ажойиб халқида. “Ўзбекистонликлар хорижликларга нисбатан жуда дўстона муносабатда бўлади, бу ерда ксенофобия йўқ – бу нарса жуда камдан-кам учрайди, биз бундай ҳолатга Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида дуч келганмиз ”.
 
Huawei Technologies Co компаниясининг Тошкент филиали ходими бўлган Ўзбекистон фуқароси Сергей Чурсиннинг таъкидлашича, мамлакатда хитойлик тадбиркорларнинг пайдо бўлиши шахсан унга ва бошқа одамларга иш ва муносиб меҳнат ҳақига эга бўлишга ёрдам берган. Сергей ишни муҳандисликдан бошлаб, кадрлар бўлими бошлиғи даражасигача етган. “Олдинига, Huawei эндигина Ўзбекистонга келганида, у кам ходимлар штатига эга кичкина компания эди. Ҳозир эса у юқори малакали мутахассисларнинг улкан штатига эга етакчи брендлардан бирига айланди”, – дейди Сергей.
 
Шу билан бирга қийинчиликлар ҳам мавжуд, албатта. Хусусан, нефть ускуналари соҳасида фаолият юритувчи Shandong Kerui Holding Group Co компаниясининг савдолар бўйича директори Yu Hongkai нинг сўзларига кўра, бу ерда ишлашга ҳалақит бераётган асосий муаммолардан бири ҳукуматнинг хориж валютаси устидан ўрнатган қатъий назоратидир.  «Бу бизнинг бош оғриғимиз. Бу ерда банкларнинг самарадорлиги паст, доллар топиш жуда қийин, уларни олиб чиқиш ёки Хитойга қайтариб олиб кетиш эса ундан ҳам мураккаб. Агар Хитойга катта миқдорда доллар жўнатмоқчи бўлсангиз, компания бунга катта харажат сарфлаши керак. Валюта қора бозори жудаям ҳалақит бермоқда».
 
Пекиндаги Хитой нефть университети Энергетик стратегия академиясининг илмий ходим ёрдамчиси Liu Qian хорижий валюта масаласи барча Хитой компаниялари Ўзбекистонда дуч келадиган умумий муаммо эканини қайд этади. Улар, бир томондан, ўзбек қонунларига амал қилиши зарур, лекин, бошқа томондан, қайишқоқроқ бўлиш ва бозор таваккалларидан қочишга ҳаракат қилиш керак.
 
Бироқ буларнинг барчасига қарамасдан, хитойлик тадбиркорлар келажакка умид ва ишоч билан қарамоқда. “Ўзбекистон – Иқтисодий ипак йўли қурилишида муҳим бўлган мамлакат, биз эса ҳам минтақавий, ҳам халқаро муаммолар енгиб ўтилишига ишонамиз”, – дейди  Wang Xinghe.

Фотосурат: chinaincentralasia.com

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.