Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланади. Уруш ва нон
«Бу талабалик йилларимда бўлганди. Бизга маърузалар ўқийдиган психолог шундай деб қолди: “Шундай пайт келадики, сиз ҳозиргина нималар қилганингизни эслай олмайсиз, аммо уч ёшингизда, беш ёшингизда бўлган воқеаларни эслайсиз”. Биз ўтириб, кулардик – ёш эдик. Галина Петровна бизга ўтиришга ишора қилиб, ўзи фотосуратлар ва газета қирқимлари солинган альбомни очди. У 82 ёшда. Болалигимиз урушда ўтди: нам ертўлалар, бомбалардан илма-тешик бўлган блиндажлар, оиламиз ўлимдан қочган ўрмонлар ва ботқоқлар.
– Ишонасизми – уйқу йўқ. Оёқлар оғрийди, қўллар, ошқозон. Ҳар куни тунда бутун ҳаёт худди экрандагидай кўз олдимдан ўтади.
Галя, оилада энг кичиги, 12 та акаси ва опасининг қаровида улғайди. Уруш бошланганида уч ёшда эди. Отасини фронтга чақиришди, онаси тўнғич фарзандлари билан Новгород областидаги Старая Русса шаҳридан Ригага, эрининг онасиникига қочишга қарор қилади.
– Уйғониб кетиб, ҳамма югураётганини, тараддудни кўрдим. Онам ва катта ака-опаларим мамлакатга ёмон одамлар бостириб кирганини, улар ҳамма нарсамизни олиб қўймоқчи эканини тушунтиришди, – дея ҳикоя қилади Галина Петровна.
1941 йил август ойидан Старая Руссани немис қўшинлари босиб ола бошлади. Фронт чизиғида жойлашган шаҳар ҳам, оиламиз урушдан қочаётган йўллар ҳам бомбалар ва снарядлар ёмғири остида вайрон бўлаётганди.
– Совет самолётлари учяптими – бомба ташлайди, немис самолётларими – бомба ташлайди. Бир марта ҳаво тўлқини мени қор уюмининг устига улоқтирди. Опаларим ола-тасирда йўқолиб қолганимни сезишмади. Мени қордан чиқиб турган оёқчаларимни кўриб қолган бир кампир чиқариб олди. У мени қўлларига олганида на қичқиришимни биламан, на йиғлашимни. Атрофга аланглай бошладим, атроф қишдагидай ёп-ёруғ, оппоқ эди, қорда эса қизил қон. Кампир мени қаергадир ўрмонга олиб кетди, ўша ерда яқинларим ҳам топилди.
Галина Петровна бомбалар ташланганида ўрмонга қочиш асосий қоида бўлганини эслайди. У ерда улкан эманни излаб топишга ҳаракат қилинарди, унинг остидан ертўла қазиларди ва автомат ўқлари ва шовқин тўхтамагунича одамлар яшириниб ўтирарди.
– Катталар доим ўзлари билан йиғма белкурак олиб юрарди. Уни қимматбаҳо буюм сифатида асрашарди, – дейди аёл. – Сув ичиш ёки овқатланиш пайти келганида, қорни немис каскасида эритиб, дарахт пўслоғидан чой дамлашарди. Ёзда реза мевалар, қўзиқоринлар терардик. Кимдир эчкисини, кимдир сигирини сақлаб қолган, шу билан жон сақлашарди. Қишда мол боқишга ем бўлмаганида, катталар яширинча немис қўтонларидан сули ўғирлашарди – немислар ўз отларини жуда яхши кўрарди.
Қочоқ оила бир неча марта немис асирлигига тушган ва шунча марта совет қўшинлари томонидан озод этилган, баъзида эса ўлим оғзидан юлиб олган. Бир куни Галинанинг онасини осишмоқчи бўлишади: баланд стулга турғазиб қўйиб, кўкрагига лавҳа осишади, болаларини эса оёғининг остига тизиб қўйишади. Босқинчиларга партизанлар халақит беради. Бошқа сафар Галя оиласи билан совет асирларининг орасига тушиб қолади, уларни вагонга ортиб, Германияга олиб кетишларини айтишади. Аммо улар манзилгача етиб бормайди, бомбалар портлаши халақит беради ва айнан асирлар ортилган вагон бутун қолади.
– Онам жуда чаққон аёл эди, ҳар қандай вазиятдан чиқиб кетарди. Катта ака-опаларим билан вагондаги доскани синдириб, ҳар томонга тарқалиб ботқоқ томонга югуришимизни айтди. Шу тарзда жон сақладик, – дея эслайди аёл.
Фашистлар Германиясининг аскарлари билан биринчи учрашувга қадар Галя уларни бошида шохи билан тасаввур қилган. Кейин қараса, улар ҳам одам кўринишида экан. Фақат ёмон одам. У немис аскарида инсонийлик қиёфасини фақат бир марта кўради.
– Бизни ўрмон яқинидаги баракка ҳайдашди, атрофига сомон ташлаб чиқишди – ёқишмоқчи эди. Опамнинг айтишича, мен девор остидан кичикроқ ўра қазибман – ёр юмшоқ, деярли қумлоқ эди. Ўша ўрадан ўрмалаб ташқарига чиқибман. Негалигини биласизми? Мени овқат ҳиди тортган. Минорада автомат ушлаган немис турарди. У мени кўрди, отиши керак эди, аммо отмади. Бунинг ўрнига котелогидан ерга ловия ташлади. Мен эса бу нималигини ҳатто билмасдим. Шунчаки ердан олиб ердим. Орадан шунча йил ўтди, аммо ўшандай мазали ловияни бошқа ҳеч қачон татиб кўрмадим. Немисга инсон сифатида қараш менда ўшанда пайдо бўлди. Бизни ёқишга улгуришмади, партизанлар қутқариб қолди.
Галина Петровна нечанчи йили Ригага етиб олишганини эслолмайди. 13 та боладан еттитаси тирик қолди. Оила Маскавас (Москва) кўчасидаги ҳовлиларнинг биридаги флигелга жойлашади. Катталар ҳар куни ака-опаларимни “Ҳеч қаерга борманглар, ҳеч нимага қараманглар” деб огоҳлантиришарди. Аммо улар қочиб кетарди, уларнинг ортидан эса Галя бошқа қизчалар билан дум бўларди. Асосан Ригани босиб олган немислар омбор сифатида фойдаланадиган эски яҳудийлар синагогасигача етиб боришарди. Болалар мато парчалари, синган идиш бўлакларини топиб олиб, узоқ вақт улар билан ўйнашарди ва бир куни уруш тўхташини ва шунда уларга тўйгунларича нон ейишларини орзу қилишарди.
1945 йил май ойидаги ғалаба қон тўкилишини тўхтатди, аммо тўкин ҳаёт анча кейин бошланди. Галина Петровна дастлабки пайтларда нонни карта бўйича, оилага 400 грамм миқдорида беришганини эслайди. Буханка оғир, қипиқлар билан бўларди. Уй яқинида парк жойлашганди, у ердан қичитқи ўт териб ердик.
– Урушдан кейин туз танқислиги бўлди. Онам бирор нарса қайнатса, озгина туз солишини сўрардик. У эса “Туз бор, аммо жуда оз. Уни ҳатто ҳис қилмасангиз ҳам керак”, дерди ва ўзини туз солаётгандай қилиб кўрсатарди. Биз овқат мазалироқ бўлди дегандай бошимизни қимирлатардик.
Кейин ота-онамиз ишга жойлашди, болалар мактабда ўқий бошлади. Юқори синфларда Галина болалар соғломлаштириш лагерларида вожатий бўлиб ишлади. Кечки мактабни тугатиб, Рига педагогика институтига ўқишга киради. Кейин ҳарбий учувчига турмушга чиқади, у билан деярли бутун Иттифоқни кезиб чиқади. Тошкент якуний пунктга айланади, бу ерга эр-хотин 1960 йилда кўчиб келади.
– Бу ерда қолмасдан бўлмасди: иссиқ, яхши, мевалар кўп, – жилмаяди Галина Петровна.
Бир пайтлар унинг ота-онасига бошпана берган шаҳар унинг яна бир орзусини рўёбга чиқаради – Галя доим ўқитувчи бўлишни, кичкина болалар билан ишлашни истарди. Тошкентда у педагогика институтининг мактабгача таълим факультетига ўқишга киради, кейин ўқишни дефектология кафедрасига ўтказади. Битирганидан кейин 283-сонли мактабда ишлай бошлайди.
Туманда қулоғи оғир ва яхши эшитмайдиган болалар учун 404-сонли ихтисослашган болалар боғчасини очишганида, ўша ерга ишга ўтади.
– Болаларсиз яшолмайман. Улар шундай ёқимтой, безарар, меҳрибон. Ишим 09:00 да бошланарди, мен тайёрланиш учун соат 07:00 га келардим. Болалар мени кўриб, олдимга югуриб келарди, мени қучоқлашарди, мен уларга конфетлар берардим. Улар хурсанд.
Галина Петровнанинг тиззасида битта сўз “Исмлар” ёзилган қути. Унда жажжи болалар ва қизчаларнинг фотосуратлари, ҳар бирининг орқасига исми ва туғилган йили ёзилган.
– Менинг ишим болаларда товушни чиқариш, бўғинни қўйиш, кейин сўзга ўтиб, қисқа бўлса-да аммо гап гап айтишни ўргатишдан иборат эди. Ахир улар мутлақо эшитмайдида-да, шу боис бизда товушларни чиқариш учун ўз методикамиз бўларди. Карталар эса болалар ўз исм-фамилияларини ёдлаб олиши учун керак бўларди. Учинчи йилдан бошлаб тактил алифбони ўргатардик, у бўйича болалар ўқишни ўрганарди. Охирги босқичда улар лаблар орқали ўқишни ўрганарди.
Галина Петровна ўзининг 63 йиллик фаолияти давомида нечта болага таълим берганини эслолмайди. Асосийси – уларнинг ҳаммаси уники эди. Уйида ўз фарзандидай қабул қиларди, чунки вилоятларда яшайдиган ота-оналари уларни ҳар доим ҳам дам олиш кунлари уйларига олиб кетолмасди. Баъзида кичкина квартирада 10-11 кишилик гуруҳ тўпланарди. Ҳамма аҳиллик билан телевизор томоша қиларди, ҳайвонот боғига борарди. Севимли иш ҳақидаги ёқимли хотиралар альбомда эски фотосуратлар ва педагогга бағишланган газета қирқимлари кўринишида сақланмоқда.
Айрим ўқувчилари билан ҳамон оилавий алоқалар сақланган.
– Олти йил олдин эшик қўнғироғи чалинди. Очдим. Ёш йигит билан қиз турибди: “Зд-рав-ст-вуй-те, Га-ли-на Пе-тро-вна!”. Кейин имо-ишора билан,”эсингиздами, кичкиналигимда мени ўқитгандингиз”, деб кўрсатди. Аёлнинг овози ҳаяжондан титрайди. – Жиззахдан Сухробжон ҳам келиб туради, Тошкентда Дилдора қизим бор.
Галина Петровнанинг биринчи никоҳдан туғилган ўғли кўп йил олдин мамлакатдан кетган. Улар қўнғироқшиб туради. Ака-опаларидан ҳеч ким тирик қолмаган. Ёнида яқинларидан турмуш ўртоғи Яков Ефимович бор. Улар 29 йилдан бери бирга яшайди. Суҳбатимиз чоғида у ёнимизда стулда ўтириб, ҳар бир сўзимизни диққат билан тинглайди.
– Турмуш ўртоғим яхши инсон. Гапимга қулоқ солади, – кулади аёл.
Яков Ефимович норозилик билдирмайди – уйдаги муҳит ҳамамсидан ҳам муҳим.
Камтарона яшашади. Унинг жарроҳлик операциясини бошидан кечиргани ҳақида қорнидан чиқиб турган катетер эслатиб туради; уч йил олдин уни ошқозон яраси ва йўлдош касалликлар йиқитди. Галина Петровна кечаси уруш ҳақидаги хотиралар билан бирга қайтадиган оғриқ ундан ҳам кучлироқ эканини айтади.
– Мамлакатимизда ҳеч кимни ва ҳеч нимани унутишмагани учун миннатдорман. Менга қўнғироқ қилиб, ёрдам олиб келганларида жуда мамнун бўлдим. Биз, қарияларни унутмаган оддий одамлар. Бундан ҳам қимматлироқ нарса бўлиши мумкинми?
Виктория Абдурахимова
Фото Антон Папин
Шарҳлар