Хуфия иқтисодиёт ҳажми электрон тижоратнинг ривожланишига қандай таъсир кўрсатади?

Источник: unsplash.com

Ўзбекистон электрон тижорат ассоциациясининг раиси Музаффар Аъзамов Ўзбекистонда электрон тижорат дуч келаётган муаммолар ҳақида гапиришда давом этади.

– Нега Ўзбекистон маркетплейсларида, ҳатто иқтисодиёт кўламига мослаштириб солиштирадиган бўлсак ҳам,  хориждагидан кўра сотувчилар нисбатан кам?

Гап шундаки, Ўзбекистоннинг савдо-сотиқ билан шуғулланаётган аксарият кичик ва ўрта бизнес субъектлари  яширин иқтисодиётда ишлайди, онлайн савдо каналларининг ишга туширилиши қонуний тушумларнинг кўпайишига ва солиқ органлари томонидан текширувлар, жарималар ва барча бошқа оқибатлар келтириб чиқарадиган жиддий эътибор қаратилишига сабаб бўлади. Кичик бизнес буларнинг барчасидан қочишга ҳаракат қилмоқда, унинг катта қисми хуфия иқтисодиётга ўтиб кетмоқда.

— Аҳолининг қайси қисми тадбиркорлик билан шуғуллананишини кўрсатиб берадиган жаҳон статистикаси борми? 

National Geographic  ўзининг Facebook  саҳифасида «7 миллиард одам нима қилмоқда?» деб номланган  инфографикани эълон қилди.

тадбиркорлар – 400 миллиондан ортиқ киши                5,55%

ишлаб чиқаришда ишлайди – >800 миллион киши       11,10%

қишлоқ хўжалигида – 1,4 миллиард киши                        19,43%

хизмат кўрсатиш соҳасида – 1,7 миллиард киши            23,59%

ишсизлар – 430 миллион киши                                             5,97%

кекса одамлар – 577 миллион киши                                    8,01%

болалар ва ўсмирлар (15 ёшгача) – 1,9 миллиард киши. 26,36%

Жами 7,207 миллиард киши                    100%

Мамлакатимиз кўламида оладиган бўлсак, бу фоиз нисбати статистик хатолик чегарасида ўзгариб туради (3 фоиздан кам), аммо, шубҳасиз, аҳолининг тахминан 5 фоизи қолганларнинг 70 фоизини иш билан таъминлайди.

Бошқача қилиб айтганда, бир корхонани бевосита ёки билвосита бошқараётган бир тадбиркор ўртача 19 (!) кишини иш билан таъминлайди.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, 2022 йил 1 июль ҳолатига мамлакатимизнинг доимий аҳолиси сони 35603,4 минг кишига етган, шундан 1,976 миллион киши ёки аҳолининг 5,55 фоизи тадбиркорлар. Статистик хатоликни ҳисобга олсак ҳам, натижада у ёки бу тарзда тадбиркорлик билан шуғулланаётганлар 1,916 миллион кишини ташкил этади.

Расмий статистика маълумотларига кўра, мамлакатимизда 872 739 та корхона фаолият кўрсатмоқда, уларнинг раҳбарлари тадбиркор деб ҳисобланса, демак, Ўзбекистонда ҳам шунча тадбиркор бор.

Юридик шахслар 533 427

01.01.2021 йил ҳолатига якка тартибдаги тадбиркорлар 219 112

Фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликларидан ташқари 92,6 минг

Қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар 27,6 минг

Бу рақамга 5 миллион деҳқон (шахсий ёрдамчи) фермер хўжаликлари ва  1 миллион 720 минг 423 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар кирмайди , чунки бу тоифадаги шахслар ўз меҳнати билан даромад келтирадиган ва расмий равишда ёлланма меҳнатдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмаган ва умуман олганда , электрон тижоратда иштирок этмшмайди.

Шу муносабат билан, ҳукуматнинг иқтисодий соҳадаги мутаносиб ва ​​узоқ муддатли қарорлари аҳолининг кенг қатламларини электрон тижорат орқали қонуний тадбиркорликка жалб этиш нафақат хуфия иқтисодиётни, балки ишсизликнинг юқори даражаси билан боғлиқ ижтимоий кескинликни пасайтириб,  жамиятнинг энг ижодкор, қатъиятли ва меҳнатсевар қисми, шубҳасиз, тадбиркорлар учун ижтимоий лифтга айланади.

Маълумот учун, йирик инвестиция лойиҳалари, қоида тариқасида, ўн ёки ундан кўпроқ йилга ҳисоблаб чиқилади ва солиқ қонунчилигини бундай тубдан ўзгартириш, менимча, яширин иқтисодиёт ҳажмини камайтиришга давлатнинг энг муҳим сармояси бўлади.

Яширин иқтисодиёт ҳажмини қандай баҳолайсиз, унинг соҳа ривожига таъсири қандай?

Келинг, ОАВ расмийларга ҳаволалар билан бу ҳақда нима ёзаётганини кўриб чиқайлик. 2022 йил 1 февраль куни Стратегик режалаштириш агентлиги матбуот котиби М.Ҳасанова “Яширин иқтисодиёт сектори Ўзбекистон иқтисодиёти турли тармоқларининг 48 фоиздан 62 фоизгача қисмини эгаллайди. Бу мълумотлар агентлик томонидан халқаро консалтинг компаниялари билан биргаликда иқтисодиётнинг бир қанча тармоқлари бўйича ўтказилган таҳлил натижаларига асосланади”- дея маълум қилди. Аввалроқ, 2020 йил 15 октябрь куни “Gazeta” нашри  “Давлат солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётидаги яширин айланма ҳажми 245 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 48 фоизини ташкил этади” дея хабар қилган эди.

Шу муносабат билан яширин иқтисодиёт ҳажмини 48 фоиз, яъни 245 триллион сўмга  баҳолашни таклиф қиламан.

— Давлат бюджетига солиқлар кўринишидаги тушумлар қанча кам тушяпти?

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) мълумотларига кўра, “2019 йилда Ўзбекистонда ишчи кучининг ЯИМдаги улуши, жумладан, иш ҳақи ва ижтимоий ҳимояга оид трансфертлар 35,8 фоизни ташкил этди”. Шунинг учун ЯИМдаги ишчи кучи харажатлари 245 триллион * 35,8% = 87,77 триллион. сўм, шу жумладан, ягона ижтимоий солиқ 12% 87,77-87,77/1,12=9,38 трлн сўм ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12% 87,77/1,12*12%= 9,38 трлн. сўмни ташкил этади. Фақат иккита солиқ бўйича давлат бюджетига 18,76 трлн.сўм кам тушади.

– Ўзбекистоннинг яширин иқтисодиёт ривожланган мамлакатлар учун мақбул бўлган ўртача кўрсаткичлардан қай даражада юқори?

Иқтисодий тадқиқотлар маркази 2020 йилда чоп этилган мақоласида  қуйидагиларни маълум қилди: “Баъзи тадқиқотчилар яширин иқтисодиётнинг оптимал ҳажми мамлакат йиллик ялпи ички маҳсулотининг 14-15 фоизини ташкил этишига қўшилишади. ХВФ 2018 йилда ХВФ иқтисодчи олими Л.Медина ва Кеплер университетидан Ф.Шнайдер томонидан тайёрланган “Working Paper” маърузалари туркумида 158 та давлатдаги яширин иқтисодиёт ҳажмининг тахминий мълумотларини эълон қилди.

ХВ тадқиқотига кўра, мамлакатлар бўйича ялпи ички маҳсулотдаги яширин иқтисодиётнинг ўртача улуши қуйидагича кўринишда: Украина – 44,8%, Беларусь – 44,5%, Тожикистон – 43,0%, Қозоғистон – 38,9%, Россия – 38,4%, Қирғизистон – 37,9%. Энг паст кўрсаткичлар Швейцарияда – 7,2%, АҚШда – 8,3%, Японияда – 10,4%, Нидерландияда – 10,8%, Хитойда – 10,1%, Буюк Британияда – 11,1%, Германияда – 12,0%, Норвегияда – 14,1%, Францияда – 14,1% қайд этилган. Тадқиқотда Ўзбекистон ва Туркманистон бўйича маълумотлар келтирилмаган.

Кўриб турганингиздек, яширин иқтисодиётнинг ҳажми йўл қўйиладиган 14-15 фоиздан кўп марта ошади. Шу боис мамлакатнинг барқарор иқтисодий ва ижтимоий ривожланишига таҳдид солувчи омилга айланган яширин иқтисодиётни қисқартириш бўйича қатъий чоралар кўриш зарур.

– Яширин иқтисодиётнинг ривожланишига қандай омиллар сабаб бўлмоқда?

Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан ўтказилган “Яширин иқтисодиёт: муаммолар, ечимлар ва натижалар” мавзуидаги давра суҳбатида “Юқори солиқ юки, лицензия олишда кутилмаган харажатлар, сертификат ва рухсатномалар, хомашё етказиб бериш бўйича тегишли ҳужжатларни расмийлаштиришдаги бюрократик тўсиқлар ва қийинчиликлар, коррупциянинг тўлиқ бартараф этилмагани, қонун ва суд-ҳуқуқ тизими самарадорлигининг етарли даражада эмаслиги, барча хўжалик юритувчи субъектларда расмий фаолиятни амалга оширишнинг иқтисодий механизмларидаги камчиликлар” қайд этилди.

– Яширин иқтисодиётга қайси соҳалар кўпроқ жалб этилган?

Жавоб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 октябрдаги 6098-сон қарорида келтирилган, унга кўра “Тадбиркорлик субъектлари ўртасида ўтказилган эксперт баҳолари ва ўрганишлар иқтисодиётда, айниқса, савдо ва умумий овқатланиш, автомобил транспорти, уй-жойларни қуриш ва таъмирлаш, жойлаштириш хизматлари кўрсатиш соҳаларида яширин айланманинг юқори даражаси сақланиб қолаётганини кўрсатмоқдаки, бу виждонли тадбиркорларнинг иқтисодий манфаатларига путур етказувчи ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун тенг бўлмаган шарт-шароитлар яратилишига олиб келади”.

Ўз номимдан шуни қўшимча қиламанки, ушбу соҳаларда бизнес адабиётларида «Бизнесдан бизнесга» (инглизча “business-to-business “) ва «Бизнесдан истеъмолчига» (инглизча “Business-to-customer “) сифатида тавсифланган тижорат муносабатлари тури кўпинча қўлланилади.

Мутахассисларнинг фикрича, В2В  яширин иқтисодиётнинг  кичикроқ қисмини ва В2С эса катта қисмини ташкил қилади. Аниқ рақамларни аниқлаш қийин бўлганлиги сабабли, сиз Парето қонунидан фойдаланишингиз мумкин , унга кўра яширин иқтисодиётнинг 20 фоизи В2В муносабатларига тўғри келади, 80 фоизи эса В2С да тўпланганки, у  норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда товарлар ва хизматларнинг чакана савдоси сифатида тавсифланади. Ечим аниқ – асосий саъй-ҳаракатлар товарлар, хизматлар ва ишларнинг чакана савдосида яширин иқтисодиётни камайтиришга қаратилиши керак.

– Яширин иқтисодиётни мақбул даражага тушириш учун нима қилиш керак?

Ўзбекистон Президенти ўзининг 2018 йил 28 декабрдаги Мурожаатномасида “айнан солиқ юкини камайтириш, бизнес учун янада қулай шарт-шароит яратиш яширин иқтисодиёт секторини қисқартиришнинг ягона йўли”  эканлигини таъкидлади.

Бошқача қилиб айтганда, расмий равишда ишлаш фойдали, қулай ва содда бўлиши керак.

Давоми бор

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.