Ҳуқуқшунос: Жиноят-процессуал кодексида “профилактик суҳбат” деган процессуал ҳаракат йўқ
26 июль куни тунда Қорақалпоғистондаги учта ОАВнинг бош муҳаррири Repost.uz сайтининг Қорақалпоғистон Жоқарғи Кенеси раиси Муса Ерниязовнинг ўлими ҳақидаги ёлғон янгилигини қайта босиб чиқаргани факти бўйича сўроққа чақирилди. Муса Ерниязов коронавирусдан даволанмоқда. Қорақалпоғистон прокуратураси бош муҳаррирларни тунда чақиришни “профилактик суҳбат” деб айтмоқда. Ҳуқуқшунос Мадина Турсунова Жиноят-процессуал кодексда “профилактик суҳбат” деб аталадиган процессуал ҳаракат йўқлигини қайд этади, фуқароларни эса қонунчиликка мувофиқ адвокатга бўлган ҳуқуқ билан кундузги вақтда чақириш мумкин.
“Ахборот олиш эркинлиги тамойиллари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонун “ОАВ тўғрисида”ги қонунга зид эмас, аммо ахборотни текшириш бўйича мажбуриятларни юклайди. Бунда ОАВ тўғрисидаги қонуннинг 40-моддаси, агар ахборот расмий манбалардан олинган бўлса, жавобгарликдан озод этади. ОАВ – бу расмий манба, чунки улар расман рўйхатдан ўтказилган. Шунингдек, ОАВ тўғрисидаги қонун ахборот ҳаққонийлигини текшириш ҳақидаги талабни ўз ичига олади, бироқ мазкур вазиятда янгилик бошқа манбадан олиб босилган.
Прокуратуранинг “профилактик суҳбат” ўтказиш учун тунги пайтда чақирилиши, кейин эса фуқароларнинг хусусий мулкини олиб қўйиш Жиноят-процессуал кодекснинг ва фуқаролар конституциявий ҳуқуқларининг қўпол бузилиши ҳисобланади.
Фуқаро қандай ҳуқуқбузарликни содир этган бўлмасин, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари жиноят-процессуал қонунчилик нормаларига амал қилиши шарт. Қонунийлик тамойилини ҳали ҳеч ким бекор қилмаган. Жиноят-процессуал кодексида прокуратурада сутканинг тунги пайтида “профилактик суҳбат” ўтказиш деган процессуал ҳаракат умуман йўқ.
Агар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида ҳуқуқбузарлик содир этилган деб ўйлаш учун асослар мавжуд бўлса, даставвал улар шахслар доирасини аниқлаши, қонунда белгиланган тартибда суриштирув ҳаракатларини амалга ошириши, фуқароларни повестка ёрдамида сутканинг кундузги пайтида чақириши, адвокат иштирокига ҳуқуқини тақдим этиши ва процессуал ҳуқуқларни тушунтириши зарур. Фақат жиноий иш доирасидагина шахслар гумондор ва айбдор сифатида далб этилганида, мажбурлаш характеридаги чораларни қўллаш, тергов ҳаракатларини ва техник воситаларни олиб қўйишни амалга ошириш мумкин.
Энг асосийси эса, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилганлиги факти кўздан қочирилган. Менда ушбу вазиятда қатор саволлар туғилди. Журналистларга адвокат чақириш имконияти берилдими? Уларга умуман уларнинг процессуал ҳуқуқлари тушунтирилдими? Уларга саволларга жавоб бермаслик, тушунтириш хатларини ёзмаслик ҳуқуқига эга эканликлари тушунтирилдими?”, – хулоса қилади ҳуқуқшунос.
Бу орада эса, Газета.uz нашри Қорақалпоғистон Жоқарғи Кенеси раисининг ўлими ҳақида ёлғон ахборот тарқатилгани ҳақидаги иш доирасида яна учта блогер Нукус ички ишлар бўлимига чақиртирилгани ҳақида хабар берди.
Telegram каналимизни кузатиб боринг
Шарҳлар