Ибрагимовнинг иши бўйича якуний тинглов: жавобгар судга келмади

Ибрагимовнинг иши бўйича якуний тинглов: жавобгар судга келмади

14 февраль куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани фуқаролик ишлари бўйича судида Жасурбек Ибрагимовнинг онаси Нилуфар Алиеванинг ўғлини даволаш ва дафн этиш билан боғлиқ 151,7 млн сўмлик моддий харажатлари ҳамда 500 млн сўмлик етказилган маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъвосининг охирги тинглови ўтказилди. Жавобгар судга келмади, аммо шунга қарамасдан суд йиғилиши ўтказилди.

Ибрагимовлар оиласининг адвокати моддий харажатлар, хусусан препаратларга сарфланган сумма ҳақидаги ҳужжатларни (тўлиқ эмас, чунки Дори-дармон дорихонаси 2017 йил учун барча препаратларнинг қиймати ҳақидаги маълумотга эга эмас) тақдим этди. Шунингдек адвокат Лола Исмаилова касаллик тарихини ҳам тақдим этди, унда препаратларнинг номлари ёзилган.

Адвокат 2017 йилдан буён у оиланинг адвокати сифатида мутлақо беғараз ишлаганини кўрсатишни ҳам зарур деб ҳисоблади. У ўз гонорарининг қийматини ҳамда барча суд жараёнлари учун ўз фаолиятининг умумий суммасини ҳам кўрсатди. Исмаилованинг сўзларига кўра, гонорар учун жавобгарлар тўлайдиган барча пуллар Жасурбекнинг оиласига берилади.

Шунингдек даъвогар томонидан дафн маросимига, дафн маросимидан кейин тадбирларга сарфланган сумма ва транспорт харажатлари (чунки Жасурбекнинг оиласи 30 дан ортиқ дорихонага таксида дори олишга борган) ҳақидаги ҳужжатлар тақдим этилди. Жасурбекнинг отаси ўғлини даволатиш ҳамда қабр тошини қўйиш учун машинасини сотган. Жасурбекнинг акаси ота-онасига дафн маросимида ёрдам бериш учун ўқишдан Қозондан қайтиб келган. У сессиясини ёпмаган. Шу боис Қозонга қайтган ва сессияни ёпган, бироқ мураккаб пайтда ота-онасига ёрдам бериш учун ўқишини Тошкентдаги олий ўқув юртига ўтказишга мажбур бўлган. Бунинг натижасида унинг ота-онаси олий ўқув юртида таълим олиш шартномасини икки баравар қиммат нархда тўлаган. Шартнома қиймати ва парвоз чипталари судга тақдим этилди.

Маънавий зарар эса ота-онанинг оғир руҳий ҳолати билан шартланган. Жасурбекнинг онаси Нилуфар Алиева ўғлининг ўлимидан кейин ўсимталарни олиб ташлаш бўйича иккита операцияни бошидан кечирди, отаси ҳам даволаниб чиқди. Унда вақти-вақти билан юрак муаммоси юзага келади. Жасурбекнинг акаси синглиси ва ота-онасига тўлиқ ўзи ғамхўрлик қиляпти.

Суд даъво аризасини қисман қондиришга қарор қилди. Судья моддий зарар учун 39 млн сўм ва маънавий зарар учун 100 млн сўм тўлаш ҳақида қарор чиқарди. Қарор эълон қилинганидан кейин судья ҳайкал тайёрлаш ва ўрнатиш, 3 йил учун адвокат гонорари, ўқиш шартномаси ва авиачипталар суммасини тўлаш бўйича даъво талабларини қондиришни рад этди.
 
Судья синчковроқ текширув ўтказилса, компенсация суммаси ўзгариши мумкинлигини қайд этди. У Исломбек Тўлагановнинг ота-онасини моддий ва маънавий зарар учун жарима тўлаш жавобгарлигидан озод этди. Суд компенсациянинг ҳаммасини тўлашни Исломбек Тўлагановнинг зиммасига юклади.

Даъвогарнинг ҳимояси суднинг асоссиз қарорига шикоят келтиришини билдирди.

Санжар Сафаров

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.