«Ильхом» театри ёпилиш хавфи остида

«Ильхом» театри ёпилиш хавфи остида

«Ильхом» театрининг раҳбарияти ўз саҳифаларида расмий мурожаатни жойлаштирди. Қуйида унинг матнини келтирамиз:

«Биз доим бир куни келиб бу сўзларни айтишимизга тўғри келишидан қўрқардик. Энди уларни юрагимизда аччиқ оғриқ билан айтишга мажбурмиз.
2020 йилнинг 7 февраль куни театр «OFELOS PLAZA» МЧЖ, яъни “Шодлик” меҳмонхонаси биносининг янги мулкдоридан, театр бингсини бўшатиб қўйиш илтимоси ёзилган хатни олдик.

Театр асосчиси Марк Вайлга давлат томонидан 1976 йилда ажратилган ҳудуднинг йўқотилиши деярли “Ильхом” театрига ўқилган ўлим ҳукмини билдиради. 

Юридик томондан биз бирор-бир ҳаракатни амалга ошира олмаймиз. Бино бизга тегишли эмас. 1994 йили хусусийлаштирилганидан сўнг театр ундан беғаразлик асосида фойдаланиб келаётганди. Унинг олдинги эгаси, “Шодлик” ОАЖ билан 2023 йилгача ижарага олиш ва ундан кейин автомат тарзда 10 йилга узайтириш ҳақида шартнома тузилган эди.

Марк Вайлнинг “Ильхом” театри – бу тижорат театри эмас. Буни барча томошабинларимиз билади ва тушунади. У давлат томонидан молиялаштирилмайди. Театрда янги бино сотиб олиш ва унда театрни янгидан тиклаш учун ҳеч қандай маблағ ва имконият йўқ. Театрнинг йўқотилиши айнан “Ильхом” саҳнаси учун яратилган бутун спектакллар репертуарининг, шу жумладан Марк Вайлнинг афсонавий спектакллари йўқолишини ҳам англатади.

Бугун «Ильхом» театри – бу бутун дунёга таниқли бўлган замонавий санъат марказидир. У нафақат иеатр одамларига, балки мусиқачилар, рассомлар, суртакашлар, хореографлар, режиссёрларга ҳам ҳаёт беради. Театр санъати студиясига ноёб методикани ўрганиш учун Европа ва АҚШдан талабалар келади. 

Ҳа, бугун бино хусусий шахсларга тегишли. Аммо у жамият томонидан жамият маблағларига қурилган, жамият эса уни 1976 йилда “Ильхом” театрига ажратди. Театр Ўзбекистон тарихидаги энг қийин даврларни бошидан кечирди. 2007 йилда Марк Вайль фожиали ҳалок бўлди. Аммо биз доим келажакка дадиллик ва некбинлик билан қараб келдик.

2017 йилда суд 1994 йили амалга оширилган “Шодлик” меҳмонхонасининг хусусийлаштирилиши ҳақидаги қарор бекор қилинди. Аммо уни навбатдаги мулкдорларга беришар экан, ҳеч ким ноёб театрнинг тақдири ҳақида ўйламади. Биз бир неча йил олдин барпо этишни бошлаган янги Ўзбекистонда театр учун жой йўқлигини англаш биз учун қайғулидир.

Биз шаҳарликлар ва ҳокимиятдан бир нарсани сўрашни истардик: ўзининг энг яхши театрларидан биридан воз кечиш учун Тошкент шу даражада маънавий ва маданий жиҳатдан бойми? Янги меҳмонхона мажмуи ёки бизнес-марказ шундай қурбонликка арзийдими? Биз “йўқ” деб ҳисоблаймиз. “Ильхом” театри шаҳримизга керак.

Биз Ўзбекистон ҳукуматини бизга эътибор қаратишга ва театрни қутқариб қолишга чақирамиз. Биз барча томошабинларимиз, ҳамкасбларимиз, дўстларимиз, журналистлар, дипломатлар ва халқаро ҳамжамиятниушбу ноёб ва мўъжизакор жойни сақлашда бизга ёрдам ёрдам беришга чақирамиз. Биз буни фақат сизнинг ёрдамингиз билан қилишимиз мумкин.

“Ильхом” театрининг тақдирини ҳал қилиш ва у Тошкентга керакми ёки йўқ деган саволга жавоб бериш вақти келди?

Чоршанба, 12 февраль куни, соат 15.00 да театр биносида матбуот анжумани ўтказилади, унда сиз саволларингизни беришингиз ва театрнинг ўз келажаги учун кураши борасидаги режалари ҳақида билиб олишингиз мумкин. ОАВ, блогерлар ва жамоатчилик таклиф этилади.

Театрнинг бирортаям лойиҳаси бекор қилинмайди. 15 ва 16 февраль кунлари биз “Эртага” спектаклининг премьерасини ўтказамиз. Бу премьера саҳнамиздаги охиргиси бўлмайди, деб умид қиламиз.

Таклиф ва саволларингиз билан “Ильхом” театри директорининг ўринбосари Ирина Бхаратга +998935572471 рақами орқали қўнғироқ қилишингиз ёки [email protected] почтасига ёзишингиз мумкин».

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.