Исириқ, уй антисептиклари ва қўлбола ниқоблар: коронавирусга қарши курашиш бўйича интернет-маслаҳатларни хавфсизлиги ва самарадорлиги бўйича текширамиз
Коронавирус тарқалишининг энг яхши профилактикаси – бу ҳар бир инсоннинг ўз соғлиғи ва атрофдагиларнинг соғлиғига онгли муносабатидир. Сўз нафақат шахсий гигиена ҳақида, балки ахборот гигиенаси ҳақида ҳам бормоқда.
Корреспондент Anhor.uz мухбири COVID-19 га қарши курашиш бўйича лайфхаклар ва “маслаҳатлар”ни тўплади. Айтиш жоизки, ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар уларни бир-бири билан фаол ўртоқлашмоқда. Биз Ўзбекистонда ТМС/BTRP халқаро дастурининг соғлиқни сақлаш бўйича илмий бўлими раҳбари, вирусолог Дилдор Секлердан уларни изоҳлаб беришини илтимос қилдик.
– Қўлбола тиббий ниқоблар қай даражада самарали ва гигиенага тўғри келади? Улар кимга керакроқ: касалланганларгами ёки вирусни юқтиришдан қўрқаётган одамларгами?
– Ниқоблар фақат ЎРВИ аломатлари пайдо бўлган одамларга ҳамда беморлар билан яқин алоқада бўладиган кишиларга керак. Буларга уйдаги қариндошлар; тиббий муассасалар, стационарларда беморларни қабул қилувчи шифокорлар ва ўрта тиббий ходимлар, чегарадаги барча ўтказиш пунктларида ишлайдиган ходимлар киради.
Катта авлод ўз қўллари билан тиккан пахта-докали ниқобларни яхши эслайди. Бу тўрт қаватли тиббий дока бўлиб, орасига юпқа момиқ қўйилган. Бунда пахта миқдорига эътибор қаратиш лозим – у нафас олишни қийинлаштирмайдиган миқдорда бўлиши лозим.
Стандарт ниқоблар одатда тўғри бурчакли, тўртта ипли бўлади. Улар бурун ва оғизни ёпиб туриши лозим. Улар ҳар икки соатда алмаштириш ва дизинфекциялаш керак. Ниқобни ечганда унинг ички юзасини ушламаслик зарур, шунингдек қўлларга мажбурий ишлов бериш лозим. Бу тавсия дорихонадан харид қилинган ниқобларга ҳам, қўлбола ниқобларга ҳам тааллуқли.
– Интернетда уй антисептигининг рецепти тарқалган, у глицерин, пероксид ва спирт аралашмасидан иборат. Бундай восита қай даражада самарали ва хавфсиз?
– Спирт энг самарали антисептик воситалардан бири экани илмий исботланган, агар унинг 70% лик эритмасидан фойдаланилса, албатта. Бунда тоза спиртга дистилланган сув қўшилади. Бу ҳолда “концентрацияси қанча кўп бўлса, шунча яхши” деган қоида ИШ БЕРМАЙДИ.
Пероксид тиббий амалиётда қўлланади, аммо у тери қопламалари учун зарарли, нафас олганда шиллиқ қаватлар таъсирланишини келтириб чиқариши мумкин.
Глицерин бу рецептда гель ҳосил қилувчи сифатида ишлатилган.
Мен, мутахассис сифатида, қўлбола антисептиклардан фойдаланишни тавсия этмайман, чунки уй шароитларида эритмаларни тайёрлашда уларни нотўғри пропорцияларда ҳосил қилиш мумкин, бу ҳолда антисептик зарур самарага эга бўлмайди.
– Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари нам салфеткаларни антисептик салфеткаларга айлантириш йўлини ўйлаб топишган – ўрамга спирт қуйишнинг ўзи етарли бўладими? Бундай лайфхак иш берадими?
– Юзалардан патогенларни йўқ қилиш механизмини тушунадиган шифокор сифатида қўлимни совунлаб ювишни маъқул кўраман ва барча яқинларимга ҳам шуни тавсия этаман. Ҳалқаро раҳбарият бундан кейин қўлларга антисептиклар билан ҳам ишлов беришни тавсия қилади.
Қўллардаги ифлосланишларни салфеткалар ва антисептиклар йўқ қила олмайди, улар ифлосланишларни чаплаб юбориши мумкин холос.
Юзаларга ишлов бериш учун 70% ли спирт зарур. Одам уни салфеткалар ўрамига қуйиши билан бу фоиз йўқолади. Бунинг устига бироз вақтдан кейин салфеткалар умуман қуриб кетади, чунки спирт буғланиш хусусиятига эга. Унинг йўқолиш тезлиги ўрамдаги салфеткалар сонига, спирт миқдорига ва атроф-муҳит ҳароратига боғлиқ.
Вируслардан ҳимояланишнинг ушбу усули нафақат бефойда, балки харажатли ҳамдир.
– Бошқа бир тавсия – С витаминининг катта дозасини ичиш ёки уни мушак ичига киритишни кўзда тутади.
– Ҳеч қандай ҳолатда бу ишни қилмаслик керак. Илмий тадқиқотлар натижалари С витаминини қабул қииш вирусли касалликлар профилактикасини таъминламаслигини кўрсатди. Агар лаборатория тадқиқотлари организмда ушбу витамин танқислигини аниқласа, шифокор уни тайинлаши мумкин. COVID-19 билан боғлиқ ҳолатда эса аскорбин кислотасини қабул қилиш курси, вирус организмга кириб касалликнниг оғир кечишини келтириб чиқарганидан кейин, комплекс даволаш жараёнига киритилади.
С витаминини назоратсиз қабул қилиш айниқса аллергияси бор одамларга, ҳомиладор аёлларга, қандли диабет, тромбофлебит ва бошқа касалликларга чалинган кишиларга жуда катта зарар етказиши мумкин.
Витаминлар – бу зарар етказмайдиган биологик фаол қўшимчалар эмас, балки мутлақо тўлақонли дорилардир. Улар организмдаги витаминлар ва минералларнинг реал миқдоридан келиб чиққан ҳолда шифокор томонидан тайинланиши зарур. Бу уларни фақат қонда етишмаган тақдирдагина қабул қилиш мумкинлиги ва кераклигини билдиради. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас.
Қондаги витаминлар ва минераллар миқдорини фақат лабораторияда аниқлаш мумкин. Мен қонда D, В12 витаминлари, рух, темир элементлари миқдорини текширтиришни ва уларнинг етишмовчилиги аниқланганида шикофокор билан уларни қандай дозада қабул қилиш борасида маслаҳатлашишни тавсия этган бўлардим.
Эсингизда бўлсин: ГИПЕРвитаминоз ҳолати ҳам мавжуд, у ҳам гиповитаминоз сингари организм учун хавфли.
Бу ердаги ва асосий саҳифадаги фотосурат шифокор архивидан. Ўнгда Дилдора Секлер
– Иқтибос: «Супермаркетларда харид қилинган ҳамма нарсани уйда зарарсизлантириш лозим: маҳсулотлар ўрамини ароқ ёки спирт билан артиш; бананлар ва бошқа мева/сабзавотларнинг пўстлоғини совунлаб ювиш керак». Бу маслаҳат қай даражада фойдали?
– Агар бу маслаҳатга шифокорнинг “зарар етказма” позициясидан туриб қаралса, унда қўшимча ювиш ва ишлов бериш ортиқчалик қилмаслигини айтишим мумкин. Асосийси, ҳаммаси меъёрида бўлгани маъқул эканини эсда тутиш керак. Таркибида хлор бўлган ювиш воситаларидан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш болаларга, баъзида эса катталарга ҳам зарар етказиши мумкин. Терида таъсирланишлар пайдо бўлиши, аллергик реакция ривожланиши мумкин. Шу боис, агар кўнгил хотиржамлиги учун дўкон ўрамларини, идишларини ювишни истасангиз, унда буни қўлқопларда қилган маъқул.
Мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, ишлов берилмаган юзалар орқали юқтириш учун бу юзаларни ушлаб кўриш, кейин эса шу қўллар билан дарров юзни ушлаш, кўзларни ишқалаш керак. Кичкина болалар қўлларини ялаши, оғзига солиши мумкин.
Вирус, шу жумладан коронавирус ҳам, юзалардаги сўлак томчиларида кўпи билан 10-12 соат сақланади. Кейин сўлак қурийди ва вирус нобуд бўлади, чунки у биологик суюқликлардан ташқари умуман яшай олмайди, фақат тирик ҳужайраларда яшайди.
– Исириқ коронавирусдан ҳимоя қила оладими?
– Исириқ (лотинча номи Péganum hármala) вирусли инфекцияларга қарши курашишда ҳеч қандай ёрдам бермайди. Унинг хусусиятлари аллақачон ўрганилган. Ушбу ўсимлик уруғлари гижжаларни чиқарувчи восита сифатида қўлланади, бу эса исириқ жуда токсик эканини билдиради.
Шарқда исириқ тутуни билан ёвуз жинларни қувишган. Касалликлар пайдо бўлишига микроблар эмас, балки жинларни айблашган даврлар аллақачон ўтиб кетди. Ҳозир исириқни дезинсекция ва дератизация учун қўллаш мумкин, холос. Унинг аччиқ тутуни аллергияси бор одамлар, айниқса астмага чалинган беморлар учун хавфли – у бўғилиш хуружларини келтириб чиқаради.
– Иммунитетни мустаҳкамлаш ва вирусни енгиш учун саримсоқпиёзни қанча миқдорда истеъмол қилиш керак?
– Иммунитет бизнинг ёрдамимизга, уни “мустаҳкамлашлари”га умуман муҳтож эмас. У биздан кўра ақллироқ. Саримсоқпиёзни тонналаб истеъмол қилишингиз мумкин,бунда энг яхши ҳолатда организм бунга шунчаки “эътибор қилмайди”, ёмон ҳолатда эса гастрит, ошқозон яраси, ошқозон-ичак тракти шиллиқ қаватларининг таъсирланиши ва бошқа касалликларни орттириб олиш мумкин.
Организмни қўллаб-қувватлаш учун оддий нарсалар керак: тўлақонли уйқу, мева-сабзавотларга бой соғлом (мувозанатлаштирилган) овқат, тоза ҳавода сайр қилиш, жисмоний тарбия.
– Ижтимоий тармоқларда фитнес-заллар, бассейнларга боришда давом этишга чақиришмоқда, чунки спорт соғлиқни мустаҳкамлайди. Бундай муассасалар қай тарзда ўз мижозларининг хавфсизлигини таъминлаши керак?
– Спорт, шубҳасиз, организмни мустаҳкамлайди. Аммо, агар сиз билан фитнес-залда (бу ёпиқ хона) аксираётган/йўталаётган одам шуғулланса, ўзингизга қандай ёрдам беришингиз мумкин? Бу ҳолда сиз инфекцияни тезроқ юқтириб оласиз. Бу ЎРВИ ва грипп мавсумида мутлақо барча вирусли касалликларга тааллуқли.
Худди шу нарса бассейнларга, одамлар кўп тўпланадиган бошқа жамоат жойларига ҳам тааллуқли.
Муассасалар инфекция тарқалишининг олдини олиш учун ҳар икки соатда барча юзаларга дезинфекциялаш воситалари билан ишлов бериши керак. Аммо бу тўлиқ ҳимояни кафолатламайди, чунки ҳаво-томчи йўли билан юқадиган инфекциялар бевосита контактда сўлакнинг микро-томчилари орқали ўз “манзили”га етиши мумкин. Масалан, аксирганда ва ҳатто суҳбатлашиб ўтирганда ҳам.
– Иқтибос: «Коронавирус ўпкага тушишдан олдин тўрт кун томоқда қолади ва бу даврда одам йўтала бошлайди… Агар кўп сув ичсангиз ва томоғингизни сув, туз ва сирка билан чайқасангиз, бу вирусни бартараф этади…». Бундай маслаҳатлар нималарга олиб келиши мумкин?
– Бундай маслаҳатлар умуман хавфли. Одамлар ҳар доим ҳам ахборотга танқидий кўз билан қарамайди ва уни нотўғри талқин қилган ҳолда ўзларига зарар етказади. Конкрет ҳолатда, ўша туз ёки сирканинг аниқ пропорциялари ва зарур концентрациясини билмаган ҳолда, шиллиқ қаватлар куйишига эга бўлишимиз мумкин. Бу эса уларни вируслар ва бактериялар олдида янада заифроқ қилади.
“Оғиз ва бурунни совунли эритма билан чайқаш керак” деган тавсияни бир неча марта учратдим. Бу даҳшат. Ушбу маслаҳатга амал қиладиганлар шиллиқ қаватларга барча оқибатлари билан зарар етказиши аниқ.
Бундай “маслаҳатлар”га муқобил сифатида бурун ва оғизни чайиш учун изотоник эритмалардан (бу физэритма ёки оддий тузнинг 0,9% ли эритмаси) ҳамда денгиз тузидан тайёрланган спрейлардан фойдаланишни таклиф этиш мумкин. Узоқ вақт қўллаш учун фақат изотоник эритмалар мос келади.
Назал спрей-антисептикни харид қилиш мумкин. Аммо ундан мунтазам равишда фойдаланиш мумкин эмас.
– Ҳар 15 дақиқада сув ичиш кераклиги ҳақидаги маслаҳатга қандай изоҳ берасиз.
– Ўзимнинг яхши кўрган гапимни такрорлайман: «Ҳаммаси меъёрида бўлсагина, яхши». Сув – бу ҳаёт, суткада етарли миқдорда суюқлик ичиш ҳам яхши одат. Етарли миқдор – бу ёш ва тана вазнига қараб, тахминан 1,5-2 литр суюқлик (унинг ичига сув, суюқ овқат, мева ва сабзавотлар киради). Яхшиси организмнинг талабига қулоқ солган маъқул.
Эмизикли болаларга суюқлик ичириш шартмас. Агар суюқликка эҳтиёж туғилса, шунчаки кўпроқ эмизиш лозим.
Шарҳлар