Ислоҳотлар фаол иштирокчиси

Ислоҳотлар фаол иштирокчиси

«Нодавлат нотижорат ташкилоти» тушунчаси бугун юртимиз аҳолисининг кенг қатламига яхши таниш. Ҳозирги кунда фуқаролик жамияти ривожида муҳим ўрин тутадиган мазкур институт ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари энг чекка ва олис ҳудудлар ҳаётига ҳам дадил кириб бораётгани, фуқароларнинг турмуш сифатини яхшилашга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда маҳаллий ҳокимият органларига яқиндан кўмаклашаётгани диққатга сазовор, албатта.
 
Мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларининг такомиллашувини таъминлаш борасида пухта қонунчилик базаси шакллантирилган.Сўннги йилларда қабул қилинган «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг очиқлиги тўғрисида»ги, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонунлар ва бошқа тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар фуқаролик жамиятини юксалтиришда, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий вазифаларини ҳал этишда демократик институтлар ролини кучайтиришда мустаҳкам пойдеворга айланди.
 
– Оҳирги уч йилда юртимизда ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик давлат дастурларини бажаришга жалб этилган ННТлар сони 1.6 маротаба ошди, – дейди фуқаролик жамияти шаклланиши мониторинг қилиш мустақил институти лойиҳа раҳбари Г. Хотамова.  
 
Дарҳақиқат, давлат ва жамият тараққиёт сари биргаликда саъи-ҳаракатини фуқаролик институтларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Юртимизда давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари билан ННТнинг ижтимоий шериклиги барча соҳада намоён бўлиб, амалий натижасини бераётгани алоҳида диққатга сазовор. Ўз навбатида, ННТнинг моддий ва молиявий рағбатлантириш бўйича ташкилий механизмлар кўплаб эзгу ташаббусларнинг ҳаётий ифодасини топишига замин яратаяпти.Биргина ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаровий жамият бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ўтказилган танлови давомида 277 ННТ лойихаларига давлат томонидан маблағ тарқатилди.
 
Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизни модернизация қилиш жараёнида,  ижтимоий-иқтисодий тараққиётга хизмат қилувчи давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасида ННТлари фаол иштирок этмоқда. Бу «Кучли давлатдан – кучли жамият сари» тамойилининг ҳаётга изчил тадбиқ этилаётгани, жамиятда демократик қадриятларни қарор топтиришда, инсон манфаатлари устуворлигини таъминлашда ушбу институтнинг ўрни ва роли ошаётганини кўрсатади.
 
Фарида Маҳкамова,
“Ҳалқ сўзи” мухбири 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.