«Карантин» режими: тақиқлар, тоза ҳаво ва болалар иммунитети ҳақида
Якшанба, 22 март куни, Тошкентда истиқомат қилувчи Сабина Р. (қаҳрамонимизнинг исми ўзгартирилган) карантинни бузганлик учун огоҳлантириш олди. Аёл кўчага боласи билан сайр қилишга чиққан. Маҳалла қўмитаси раисасининг уйга кириш ҳақидаги талабига рад жавобини берган ва буни уйни тарк этмаслик ҳақидаги расмий тақиқ ҳамма фуқаролар учун эмаслиги билан изоҳлаган. Ярим соатдан кейин Сабина Р.га профилактика инспектори ва маҳалла қўмитаси раисасининг имзоси қўйилган қоғозни олиб келишган.
Аёл огоҳлантириш олганидан сўнг фейсбукдаги «Потребитель.уз» ҳамжамиятида пост жойлаштириб, унда вазиятни тавсифлаган ва турли тоифадаги шахслар учун эпидемияга қарши курашиш чоралари баён этилган, кўрсатмалар берилган расмий ҳужжат бор-йўқлиги ва ўзига билдирилган талаблар қай даражада қонуний экани билан қизиққан.
Бу борада шарҳловчиларнинг фикри иккига бўлинди. Баъзи бировлар карантин талабларига сўзсиз амал қилиш зарурати ҳақида ёзиб, Италияни мисол сифатида келтиради; бошқалар эса ҳозирча давлат даражасида тақиқ йўқлиги ва шу боис одам агар зарур деб ҳисобласи, ўз жавобгарлиги остида уйдан чиқиши мумкинлигини билдиришган. Кимдир аввалгидай ишга бориши керак, кимдир эса болалар билан тоза ҳавода сайр қилишдан воз кеча олмайди, чунки “иммунитет пасаяди”.
Anhor.uz мухбири одамларнинг фикрлари ва саволларини ўрганиб, карантин билан боғлиқ вазиятга аниқлик киритишга қарор қилди ва ўз олдига иккита масалани қўйди: уйда қолиш ҳақидаги чақириқлар ўзи нимадан иборат – бу талабми ёки тавсия? Шунингдек вақтинчалик изоляция ва болалар иммунитети ўртасида қандай боғлиқлик бор? Даставвал биз Сабина Р. билан боғландик.
«Ҳеч ким ҳеч нимани айтгани йўқ»
«Огоҳлантириш хатини «Мана [уйдан] чиқмаслигингиз ёзилган ҳужжат» деган сўзлар билан турмуш ўртоғимга бериб кетишди. Бошқа ҳеч қандай тушунтириш бўлгани йўқ», – дейди Сабина Р.
«Яна бир бор таъкидлайман: умуман олганда карантинга яхши муносабатдаман. У шундай шароитларда ва шундай таҳдид мавжуд бўлганида зарур. Қилиниши шарт бўлган ишлар бор: ўз-ўзини изоляциялаш, уйни шамоллатиш, қўлларни ювиш, жамоат жойларига боришдан воз кечиш. Бўм-бўш кўчага ниқобда чиқиш ва бунда ҳеч ким билан мулоқот қилмаслик ва вируслар юқиши мумкин бўлган буюмларга тегинмаслик, менимча, ҳеч кимга зарар қилмаса керак. Агар давлат зарур деб ҳисобласа, барча учун қатъий карантин эълон қилади, шунда биз уйдан умуман чиқмасдан ўтирамиз. Керакми, демак, керак. Ҳозир гап бу ҳақда эмас», – давом этади Сабина Р.
Аёл одатда фарзанди билан кунига икки-уч марта сайр қилишини айтади. Фақат болалар майдончаларига бормай қўйдик:
«Бир кўрсатувни кўрдим, унда бемалол сайр қилаверинглар, фақат бошқалардан алоҳида, бир жойга тўпланмасдан, болалар майдончасига борманглар – инфекцияни юқтириш мумкин деган сўзлар айтилди. Бошқа тавсияларга оиламиз амал қилади: ҳеч ким билан алоқа қилмаяпмиз, санитария нормаларини бузмаяпмиз. Мен чет элга бориб келганим йўқ, чет элдан келганлар билан ҳам мулоқотда бўлмаганман, менда ҳеч қандай ЎРВИ белгилари йўқ, хавф гуруҳига кирмайман».
У истиқомат қиладиган уйда уй карантинидаги одамлар бор-йўқлиги ҳақидаги саволга Сабина Р. жавоб беролмади: “Бу ҳақда бизга ҳеч ким ҳеч нима дегани йўқ”. Аёл ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакилларини ва Миллий гвардия ходимларини ҳовлида кўрмаган.
Фуқароларга мурожаатлар тавсия характерига эга
Тошкент шаҳар ИИББда на Сабина Р., на унинг оиласи карантинда эмаслигини Anhor.uz таҳририятига тасдиқлашди. Фуқароларга уйда қолиш мурожаати эса тавсия характерига эга.
– Хитой, Италия давлатларининг тажрибаси бу коронавирус инфекцияси тарқалишига йўл қўймаслик имконини берадиган ягона чора эканини кўрсатмоқда. Одамлар уйдан чиқиши мумкин, аммо биз буни фақат жуда зарур ҳолатдагина, яъни озиқ-овқатлар дори-дармонлар харид қилиш зарурати бўлгандагина қилишга чақирамиз. Кўчага чиққанда ўзимизни ва атрофдагиларни ҳимоя қилиш учун албатта тиббий ниқоб тақиш зарур, – дейди Тошкент шаҳар ИИББ ахборот мультимедиа маркази бошлиғи, капитан Ирина Сайфутдинова.
25 мартдан бошлаб жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун фуқаролар 1 базавий ҳисоб миқдорида (223 минг сўм), қоидабузарлик такрорланганда эса 3 базавий ҳисоб миқдорида (669 минг сўм) жаримага тортилади.
Идорадагиларнинг сўзларига кўра, ИИББ ва Миллий гвардия ходимлари тиббий ниқоб бўлмаганида фуқарони Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 53-54 моддаларида кўзда тутилган қоидабузарлик ҳақида баённома тузиш учун профилактика инспекторининг олдига олиб бориши мумкин. Жарима миқдорини суд белгилайди.
Қонун томонидан карантин қоидаларини бузганлик учун ҳатто жиноий жавобгарликка тортиш кўзда тутилган. Бу изоляцияланган стационарлардаги COVID инфекцияси тасдиқланган беморларга ҳамда беморлар билан алоқада бўлган, эпидемиологик ноқулай мамлакатлардан қайтган ва айни пайтда уй карантинида бўлган кишиларга тааллуқли.
Карантин режимини бузганлик ва шифокорларнинг талабларига амал қилмаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳақида эслатма берилган расмий огоҳлантириш айнан шу тоифадаги шахсларга тааллуқли.
ИИББ матбуот хизмати ходимларининг изоҳ беришича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва Миллий гвардия ходимлари фуқаролардан ҳужжатларини кўрсатишни сўрашлари мумкин. Коронавирус тарқалиши олдини олишнинг кучайтирилган тартиби жорий этилиши муносабати билан ушбу текширув ишларининг мақсади битта – фуқаро яқинда Ўзбекистондан ташқарига чиққан-чиқмаганини, қайси мамлакатда бўлганини аниқлаш. Карантинга жойлаштирилган фуқаролар қочадиган ва бу билан бошқаларнинг соғлиғини таҳдид остига қўядиган ҳолатларни қўшимча асос деб ҳисоблаш мумкин.
Тоза ҳаво ва иммунитет
Ота-оналар фарзандларини тоза ҳавода сайрсиз қолдирган ҳолда, уларни хавф остига қўймоқдами? Вақтинчалик изоляция боланинг иммунитетига таъсир қиладими? Шу саволлар билан Anhor.uz мухбири педиатр-шифокор, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг шошилинч педиатрия ва ҳалокатлар тиббиёти кафедрасининг доценти Жасур Ҳакимовга мурожаат қилди.
«Болаларда носпецифик (туғма) иммунитет даражаси тоза ҳавога эмас, балки кортизол миқдорига боғлиқ. Бу стресс гормони бўлиб, макрофаглар, яъни микроблар ва вирусларни йўқ қиладиган ҳужайраларни активлаштириш унинг функцияларидан бири ҳисобланади. Кортизол организмда унча кучли бўлмаган мунтазам стрессда (масалан, киши ўз устига совуқ сув қуйганида) ишлаб чиқарилади. Шу боис чиниқиш билан шуғулланадиган катталар ва болаларда касал бўлиш хавфи паст бўлади, худди шу тариқа гўдаклар ҳаётининг дастлабки уч ойида ҳам», – дейди Жасур Ҳакимов.
Мутахассис Ўзбекистонда ва COVID-19 таҳдидига учраган бошқа мамлакатларда карантин жорий этиш ҳақидаги қарорни қўллаб-қувватлашини айтади. У Буюк Британияни мисол сифатида келтиради, бу мамлакатда мактабларда ўқишни тўхтатмасликка қарор қилинганидан кейин коронавирусга чалиниш ва ундан ўлиш ҳолатлари кескин ошган.
«Болалар инфекцияни тез юқтиради. Улар касалликни юмшоқ шаклда ёки аломатсиз ўтказиши мумкин. Чунки улар вирус ташувчилари ҳисобланади. Шу боис уларни изоляциялаш хавф гуруҳига кирувчи одамларни ҳимоялайди», – дейди шифокор.
Жасур Ҳакимов хоналарни тез-тез шамоллатишни ва иложи борича болаларнинг уйдаги фаоллигини таъминлашни маслаҳат беради. Шунингдек педиатр углеводлар истеъмолини қисқартиришни тавсия этади. Ширинлик бурун-ҳалқум шилимшиғи ишлаб чиқарилишини оширади, тумовни кучайтиради ва организмни тўплаш жараёнларига ва қулайлик ҳолатига созлайди. Ташқаридан углеводлар ололмаган организм ўз ресурсларини сафарбар қилиш учун кортизол миқдорини (мос равишда иммунитетни) оширишга мажбур бўлади.
«Энг асосийси эса – организмнинг зарур функционал тизимларини инфекциялардан ҳимоя қилиш учун тартибга соладиган шахснинг ижобий эмоционал ҳолати», – дейди шифокор суҳбат якунида.
Виктория Абдурахимова
Шарҳлар