Карантиндаги адвокатлар

Карантиндаги адвокатлар

Карантин ва шахсий транспортда ҳаракатланишга қўйилган тақиқ сабабли тергов остида бўлган фуқаролар юридик ёрдамсиз ва консультацияларсиз қолди.

Натижада, фуқароларнинг Ўзбекистон Конституцияси томонидан белгиланган ҳуқуқлари амалга ошмаяпти, ҳолбуки Конституция айбланувчига ҳуқуқий ҳимояни, айбсизлик презумпциясини кафолатлайди, тергов ва суд жараёнининг ҳар қандай босқичида унинг ҳимоя олиш ва профессионал юридик ёрдамга эга бўлиш ҳуқуқини таъминлайди. Бироқ карантин даврида буларнинг имкони йўқ, чунки адвокат тергов остидаги шахсгача етиб бора олмаяпти.

Шу билан бирга қўлга олиш, суриштириш, тергов қилиш, айблов қўйиш томонига 8 апрелдаги ўша маълум рўйхатга киритилган ўзгаришлар ва қўшимчаларга муврфиқ хизмат гувоҳномалари асосида шахсий ва хизмат автотранспортидан фойдаланишга рухсат берилган. Сўз ДХХ, ИИВ, Бош прокуратура ҳузуридаги валюта иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўйича департамент ходимлари ҳақида бормоқда. Шунингдек, Миллий гвардия, Давлат божхона қўмитаси, суд ва прокуратура органларига ҳам хизмат автомобилларида ҳаракатланиш ҳуқуқи тақдим этилган.

Адвокатлар палатасининг адвокатларни ҳам юқорида тилга олинган рўйхатга киритиш ҳақидаги мурожаатига Адлия вазирлиги адвокатларнинг иштироки зарур бўлган ҳолларда улар транспорт билан (адлия, су ва тергов органлари томонидан) таъминланади деган жавобни берди. Бироқ бу, биринчидан, адвокатларнинг мустақиллигини ва жараён томонларининг тортишувли бўлишини катта шубҳа остига қўяди. Иккинчидан эса юридик аҳамиятга эга ҳаракатларда адвокат қатнашиши кераклиги ёки керак эмаслигини суд ва тергов органлари ҳал қилиши мумкин эмас.
 
Ҳар куни карантинни ва ўз-ўзини изоляциялаш режимини бузиш ҳолатлари ва уларни бузган шахслар сонини акс эттирувчи статистика чоп этилади. Улар жавобгарликка тортилмоқда, айримларини эса суд қилишяпти ва ҳатто маъмурий қасоқ жазосига тортишяпти. Аммо адвокатларсиз бу ҳаракатлар қонунийлик нуқтаи назаридан шубҳа остида қолиши мумкин. Шубҳасиз, навбатчи адвокатларнинг ёрдами ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан тақдим этилиши мумкин, бироқ бу ҳолда ҳар доим бу ҳимоя қай даражада ҳимояга олинган шахснинг манфаатлари томонида бўлиши борасида шубҳа-гумонлар юзага келади.

Муаммо, халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ нуқтаи назаридан карантин нормаларини бузган фуқароларга шубҳали ҳукм чиқаришдан кўра, кенгроқ албатта. Худди шу аҳвол тергов ишлари тақиқ киритилишидан олдин олиб борилган шахслар борасида ҳам кузатилмоқда. Улар ўз адвокати билан мулоқот қилиш имкониятисиз вақтинчалик сақлаш жойларида сақланмоқда.

Агар ҳаракатланишга бўлган ҳуқуқнинг чекланиши ҳимоя олишга бўлган конституциявий ҳуқу билан низога киришгани инобатга олинадиган бўлса, муаммо янада жиддийроқдир. Сўз ҳуқуқий, демократик давлатни қуриш ҳақида борадиган бўлса, бунга асло йўл қўйиб бўлмайди. Ҳеч қандай эпидемиологик ҳолат фуқароларнинг Конституциявий ҳуқуқларини поймол қилинишини оқлолмайди. Айнан шу боис 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси қонун устуворлигини таъминлашни ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни ўзининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаган.

«Ҳуқуқ устуворлиги нафақат тинч пайтда, балки айниқса ҳозиргидай оғир даврда ҳам муҳимдир», – деди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг бош директори 2020 йил 10 апрелда бўлиб ўтган Петербург халқаро юридик онлайн форумида.

Ушбу қоида Махсус республика комиссиясининг муҳим мўлжалларидан бири бўлиб хизмат қилиши керак, чунки мамлакатимиз асосий қонунининг преамбуласида умум тан олинган халқаро ҳуқуқ нормалари устувор деб тан олинади. Шуни эсда тутиш керакки, пандемия тугайди ва халқаро ташкилотлар албатта турли карантин тадбирлари даврида қабул қилинган қарорларнинг ҳуқуқий асосларини баҳолайди.  
 
Амир Ахмедов, 
Black Swan Consulting  юридик консалтинг фирмасининг бошқарувчи шериги 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.