Картамдан пул ўғирлашди: нима қилишим мумкин?
Тармоқда банк карталаридан пул маблағларини ечиб олиш учун турли хил фирибгарлик схемалари ҳақида огоҳлантирувчи кўплаб хабарлар пайдо бўлмоқда. Бундай ҳолатда нима қилиш ва қаерга мурожаат қилиш керак? Anhor.uz журналисти Мила Аксёнова киберфирибгарликдан ҳимоя қилиш бўйича мутахассис, Kurbanoff.Net Телеграм канали муаллифи Шуҳрат Қурбонов билан суҳбатлашди. Мутахассис фирибгарлар таъсиридан ўзингизни қандай ҳимоя қилиш кераклиги, ким потенциал қурбон бўлиши мумкинлиги, давлат фуқароларни фирибгарлардан ҳимоя қилишда қандай ёрдам бериши мумкинлиги ва фирибгарлар банк картангизни қўлга киритган бўлса, нима қилиш кераклиги ҳақида сўз юритади.
– Киберфирибгарликнинг потенциал қурбони ким? Бу қандай ишлайди (схемалар) ва нималарга эътибор бериш керак?
– Потенциал қурбонлар доирасига деярли барча карта фойдаланувчилари киради. Нега? Чунки, бу ерда тўлов тизимлари ёки иловаларини эмас, балки одамларни бузишга уриниш бор. Ижтимоий инженерия методлари қўлланади. Ким учундир карта маълумотларини бериш сўрови билан қўнғироқ қилишнинг ўзи кифоя қилади, ким учундир эса бутун бир сценарийларни ишлаб чиқиш керак бўлади. Масалан, банк хавфсизлик хизматларидан ёки ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан қўнғироқлар. Ўнлаб, эҳтимол ҳатто юзлаб схемалар мавжуд, аммо асосийси, охир-оқибат, фирибгарларга карта маълумотлари ва банк ёки тўлов тизимидан СМС-хабарда келган тасдиқланиш коди керак.
Айтгандай, СМС матннинг ўзида ҳар ҳар доим «кодни ҳеч кимга берманг, уни фақат фирибгарлар сўрайди» деган ёзувларни кўриш мумкин.
– Айтайлик, сиз фирибгарларга кодни бериб қўйдингиз, картангиздан пул ечиб олишди. Нима қилиш керак, қаерга мурожаат қилиш лозим ва ким ёрдам бериши мумкин? Банк рухсатсиз амалга оширилган пул ўтказмасини бекор қилиши мумкинми?
– Аввало, картани блокировка қилиш керак, ҳозир бундай имконият банкка бормасдан туриб банк иловаларида мавжуд. Кейин сиз банк билан боғланиб, картангиз бўйича кўчирма олишингиз ва уни олиб ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ариза ёзиш учун боришингиз мумкин.
Келинг, “рухсат берилмаган” сўзи нимани англатишини кўриб чиқайлик. Бу сиз пул ечиб олинишига рухсат бермаганингизни англатади. Лекин қонун нуқтаи назаридан сиз махфий кодни бериб бўлдингиз, бу маблағни ечиб олишга ва картани иловага улашга рухсат эди. Шундай қилиб, банк нуқтаи назаридан – бу қонуний амалиёт. Афсуски, банкнинг ўзи уни бекор қила олмайди. Бундан ташқари, одатда фирибгарлар пулни тезда бир картадан бошқасига ўтказади ва бир неча дақиқада пуллар «кетиб қолади» ва бекор қилиш учун ҳеч нарса қолмайди. Кўпинча маблағлар чет элга чиқарилади, чет эл карталари ёки ҳатто ҳамёнларига ўтказилади, аммо кимдир банкоматдан ечиб олганида – бундай «фирибгарларни» ушлаш осонроқ.
– Давлат-чи? Давлат фуқароларнинг моддий мулки хавфсизлигини таъминлай оладими?
– Албатта, давлатдан ёрдам кутиш мумкин, лекин кўпинча бу талабларни кучайтиришда, масалан, мобил иловаларда рўйхатдан ўтишда намоён бўлади, бу эса пировардида фойдаланувчиларнинг ўзларига ноқулайлик туғдиради. Шунинг учун, биринчи навбатда, ўзингизга таянганингиз маъқул. Менимча, бу ерда давлатнинг вазифаси аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишдан иборат. Бизни тарбиялашга балки кеч бўлгандир, лекин мактабларда ишлашни, молиявий саводхонлик асосларини ўргатишни бошлашимиз мумкин ва зарур.
– Юқорида айтиб ўтганингиздек, маблағлар кўпинча чет элга «чиқиб кетади». Бундай вазиятда давлат ёрдам бера оладими? Бу йўналишда турли мамлакатлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида ўзаро ҳамкорлик мавжудми?
– Мураккаб савол. Ўзаро алоқа бўлиши керак, лекин реалист бўлайлик, халқаро шартномалар картадан ўғирланган бир неча юз, ҳатто бир-икки миллион сўмни қидиришга ёрдам бериши даргумон. Агар улар, масалан, бошқа давлат полициясига сўров юборса ҳам, полиция бирор нарса қилиши эҳтимолдан йироқ.
– Кибер-фирибгарликнинг энг кенг тарқалган схемаси бу психологик босимдан фойдаланиладиган схема. Ижтимоий тармоқларда “оғир касал болаларни даволашга йиғимлар”ни назарда тутувчи постлар жуда кенг тарқалган. Қандай қилиб яхши ният билан фирибгарларга дуч келмаслик мумкин?
– Бунинг универсал ечими йўқ. Сиз, албатта, гуглда ҳаракат қилиб кўришингиз, фотосуратлар бўйича қидиришингиз мумкин – кўпинча фирибгарлар Интернетда ёрдамга муҳтож бўлган одамни суратга олишади. Яхшиси фақат танишларга ишонган маъқул, кейин танишнинг ўзидан ҳам бу сўровни қаердан олганини сўраш зарур ёки маблағларни фақат расмий равишда мавжуд бўлган жамғармаларга, масалан, ўша Ezgu Amal’га ўтказиш лозим.
Кибер фирибгарларнинг қурбони бўлмаслик учун мен ҳар доим битта рецептни такрорлайман – ҳеч кимга ишонманг. Банк хавфсизлик хизмати қўнғироқ қиляптими, банкка ўзингиз қайта қўнғироқ қилинг. Мижоз, агар сиз кодни юборсангиз, у пулни юборишини айтяптими – бу мижозга товарни сотишдан бош тортинг. Давлатдан шунчаки онлайн ариза тўлдирганлик учун ёрдам ваъда қилишяптими – унутмангки, одатда бундай ёрдам бюрократия ва маълумотномалар йиғишни талаб қилади. Ва ҳоказо ва ҳоказо. Асосийси, эсда тутингки, махфий кодлар ҳеч қачон оғзаки ёки ёзма равишда ҳеч кимга берилмаслиги керак.
Шарҳлар