Коллеж битирувчиси ўз тенгдоши билан низони пичоқ билан ҳал этишга қарор қилди
Андижон қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежининг икки нафар битирувчиси ўртасида низо юзага келган, бунинг натижасида улардан бири иккинчисига пичоқ санчган. 11 июль куни Султонмурод Султонов пичоқ билан етказилган жароҳат натижасида касалхонада ҳаётдан кўз юмди.
Андижондаги “Фаробий” маҳалласида яшаган ҳалок бўлган йигитнинг қўшниси айтишича, йигитлар орасида низо юзага келган. “Мухбилло исмли йигитлардан бири курсдоши Султонмуродга у отасини ҳақорат қилганини ва бу иши учун кечирим сўраши кераклигини айтди. Бироқ Султонмурод бу ишни қилмади. Кейин Мухбилло Султонмуроднинг белига чап қисмига пичоқ урди. Йигитни зудлик билан касалхонага олиб бориб, операция қилишганига қарамасдан, унинг ҳаётини сақлаб қолишолмади”, – дейди у .
Бу орада эса, Султонмурод Султоновнинг қариндошлари Мухбиллонинг ота-онаси ўғли руҳий касаллигини тасдиқловчи зарур маълумотномаларни тўплай бошлагани ҳақида гапиришмоқда.
– Улар шунчаки Султонмурод гўёки Мухбиллонинг отасини ҳақорат қилган, деган чўпчакни ўйлаб топишган. Ҳозир улар руҳий касалликлар шифохонасидан Муҳбилло руҳий касал деган маълумотномаларни тўплашяпти. Қотилнниг ота-онаси жуда бой одамлар, – дейди марҳумнинг қариндошларидан бири.
Қайд этиб ўтамиз, ушбу воқеа ўз курсдошларининг қурбонига айланган Тошкентдаги П.Ф.Боровский номли тиббиёт коллежи талабаси Жасур Ибрагимов ўлимидан сўнг бир ойдан кейин юз берган.
Шарҳлар