Коронавирус бўйича онлайн-брифинг: асосий янгиликлар

Коронавирус бўйича онлайн-брифинг: асосий янгиликлар

17 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида коронавирус бўйича онлайн-брифинг ўтказилди. Журналистлар ва интернет-фойдаланувчиларнинг телеграм-бот орқали берган саволларига халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов, Ўзбекистоннинг бош санитар шифокори Баҳром Алматов ва бош давлат санитар инспектори Нурмат Атабеков жавоб берди. Anhor.uz мухбири асосий бандларни тўплади.
 
Карантин даврида мактаблар фаолияти ҳақида
 
18 мартдан бошлаб барча мактаб ўқитувчилари тўланадиган таътилга чиқади.  Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги махсус комиссия қарорига кўра уларга педагогик юкламани масофадан туриб бажариш имкони тақдим этилади.

Таътиллар давомийлиги, уларнинг эҳтимолий узайтирилиши ёки ўқишнинг тикланиши фақат коронавирус билан боғлиқ вазиятга боғлиқ.
 
Келаси ҳафтадан бошлаб учта телеканал мактаблар учун дарслар трансляциясини бошлайди. Тошкентда ўқитувчилар ўқувчиларнинг билимларини ва уй вазифаларининг бажарилишини электрон кундаликлар ёрдамида баҳолайди. Ушбу тизимни аста-секин бутун республика бўйлаб жорий этиш кўзда тутилган.
 
Ота-оналар масофавий таълим ҳақида батафсил ХТВнинг uzedu.uz расмий сайтидан олишлари мумкин.
 
«Биз фарзандларимиз ҳақида ғамхўрлик қилишимиз керак. Ота-оналардан улар учун масъул бўлиш масаласига жиддий ёндашишларини илтимос қиламиз. Болаларнинг мактабга ормаётгани улар бир-бирини кўчада юқтиришлари мумкинлигини билдирмайди», – дейди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.
 
Мактабларга санитария ишлови берилиши ҳақида
 
Ҳозир мактабларда ўқиш йўқ бўлган пайтда санитария ишловини ўтказиш мақсадга мувофиқ эмас.
 
«Вирус – бу ҳужайра ичида яшайдиган паразит, у ҳужайрадан ташқарида, яъни табиатда деярли яшамайди. Бўш хонада у бор-йўғи 2-3 соат сақланиши мумкин. Шунчаки ҳисобот учун шошилинч санитария ишловини ўтказиш нотўғри – бу вируслардан ҳимоя қилмайди», – дея қайд этади мамлакатнинг бош санитар инспектори Нурмат Отабеков.
 
Дезинфекция ишларининг вазифаси вирусларнинг табиий муҳитда ривожланишини бостиришдан иборат. Шу боис ишлар ташкиллаштирилган тарзда ва жадвал бўйича барча муассасаларда, шу жумладан мактабларда ҳам ўтказилади.
 
Карантин: режимлар, алгоритмлар
 
Ўзбекистонда карантин жорий этишдан мақсад COVID-19 ни юқтирган одамлар билан алоқани чеклашдан иборат.
 
Бугунги кунда иккита карантин режими амал қилмоқда: стационар шароитларда ва уй шароитларида. Биринчиси Ўзбекистонга вирус тарқалган мамлакатлардан махсус чартер рейслари билан қайтаётган фуқароларга тааллуқли бўлса, иккинчиси – эпидемиологик салбий ҳудудлардан оддий авиарейсларда, поездларда ва автомобилларда келаётган юртдошларимиз учун.
 
Барча чегара постларида санитария-карантин пунктлари мавжуд. Тепловизорлар ўрнатилган, уларнинг ёрдамида мамлакатга келган фуқаро танасининг ҳарорати ўлчанади.

 Карантинда бўлган одамларнинг умумий сони 8000 га яқин. Улардан 5700 киши уйларига қайтишга улгурди. Карантин остида 2100 нафар фуқаро сақланмоқда.
   
Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари ҳақида
 
Бугунги кунга келиб вирус 11 кишида аниқланган. Биринчи ҳолат Франциядан қайтган аёлда, учтаси Туркиядан келган фуқароларда аниқланганди. Шунингдек Лондон ва Дубайдан учиб келган иккита йўловчида ҳам диагноз тасдиқланди.   
 
Вирусни юқтирганларнинг ҳаммаси ҳозир Вирусология илмий-тадқиқот институтида стационар тарзда даволанмоқда. Улар билан алоқа қилган кишиларнинг ҳаммаси саккизта даволаш муассасасига тақсимланган. Улар мутахассисларнинг кузатуви остида: ҳар куни ҳарорати ўлчанади, тиббий кўрикдан ўтказилади.
 
Беморларда касаллик енгил ўтмоқда. Клиник аломатлар деярли йўқ. Бу Ўзбекистон вируснинг унчалик вирулент ва патоген бўлмаган шаклига дуч келганидан далолат беради.

Коронавирусга чалинганлар тўлиқ давлат ҳисобидан даволанмоқда.
 
Шамоллаш белгилари аниқланганида бажариладиган ҳаракатлар ва ўзини-ўзи даволаш ҳақида
 
Шамоллашнинг ҳарорат кўтарилиши, ҳансираш, йўтал каби клиник аломатлари пайдо бўлганида телефон орқали тиббий хизматга мурожаат қилиш ва уйга мутахассисни таклиф этиш керак.

Участка шифокорлари коронавирусга гумон бўлганида, ҳаракатлар алгоритми билан таништирилган.
 
Якуний диагнозни фақат вирусологик тадқиқот ўтказилганидан кейин қўйиш мумкин. Бундай лабораториялар Ўзбекистонда 16 та. Уларнинг ҳаммаси тайёрланган ва реагентлар билан таъминланган.

Ҳар қандай вирусли инфекцияда ўз-ўзингизни даволаш билан шуғулланманг ва ўз ҳолатингизга мустақил равишда баҳо берманг. Фақат шифокорнинг маслаҳати бўйича амалга оширилган ҳаракатлар кутилган натижани беради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.