Коронавирус. Нафасни ростлаб олиб, ортга назар ташлайлик

Коронавирус. Нафасни ростлаб олиб

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқиш Махсус республика комиссияси сиз билан биз инфекцияни юқтирмаслигимиз ва бошқаларга, биринчи навбатда, ўзимиз ва яқинларимизга таҳдид туғдирмаслигимиз учун катта ишларни қилмоқда. Аммо, кўп сонли огоҳлантиришлар ва ахборот ишларига қарамасдан, айрим фуқаролар бу таҳдидни жиддий қабул қилмаяпти, бу эса, ўз навбатида, одамларнинг ҳаракатланиши бўйича қатъийроқ чораларни кўришга мажбур этмоқда.
 
Қабул қилинаётган қарорлар ўз-ўзидан тўғри, аммо баъзида уларни бажариш механизми ҳар доим ҳам пухта ўйланмаган деган таассурот пайдо бўлмоқда. Буни албатта тушуниш мумкин – ҳукумат ва барча идоралар шошилинч, фавқулодда режимда ишламоқда. Шу боис биз ижтимоий тармоқлар, телеграм-каналларда тўплаган айрим кузатувлар, эҳтимол, масъул қарорларни қабул қилувчилар учун фойдали бўлиши мумкин.
 
Биринчидан, қарорлар шошилинч зарурат нуқтаи назаридан эмас, балки реал турмуш ва бизнесни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинишини истардик. Воқеаларнинг бундай ривожланиши шароитларида одамларнинг соғлиғини сақлаш, қарорларни амалга ошириш тафсилотлари ва механизмларини пухта ўйлаб чиқиш учун вақтдан ютишга вақтнинг ўзи йўқлиги тушунарли ҳолат. Бироқ барча қарорларни пухта ўйланган ва профессионалларни жалб этиб муҳокама қилинган ҳолда қабул қилиш зарур.
 
Масалан, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда абонентлар томонидан ўз вақтида тўламаганлик учун икки ой давомида интернет ва уяли алоқани ўчиришга йўл қўйилмаслиги таъкидланади. Ушбу қарорга биринчи бўлиб Ucell оператори ўз жавобини берди, яъни у «COSCOM» МЧЖ (Ucell савдо белгиси) томонидан тақдим этиладиган кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқларидаги хизматлар қарор таъсири остига тушмаслигини билдирди.
 
Унинг ортидан бошқа мобил операторлар ўзини кўрсатди. Шунингдек интернет провайдерлар ҳам бу қарорни ўзига хос тарзда бажармоқчи, яъни улар интернетни ўчирмайди, аммо тезлик 256 Кб/с бўлади, бу эса интернет деярли йўқ дегани.
 
Эҳтимол, уяли алоқа операторлари ва провайдерларга вақтинчалик солиқлардан, диапазондан фойдаланганлик учун тўловлардан ёки шунга ўхшаш нарсалардан озод қилишни кўзда тутадиган шароитларни яратиш керакдир. Шунда тегишли тўловсиз хизматлар кўрсатилишини талаб қилиш қонунийроқ, бозорга хос бўлармиди, шунда эҳтимол, операторлар ва провайдерлар Вазирлар Маҳкамасининг қарорига бўйсунармиди.
 
Шунингдек автоҳайдовчилар ниқоб тақиши билан боғлиқ вазият ҳам унчалик тушунарли эмас. Даставвал, агар ҳайдовчи машина салонида ва ҳатто яқин қариндошлари  (уйда ҳама қариндошлар ниқобсиз юради ва уларнинг микрофлораси деярли бир хил) билан бирга бўлса, ҳайдовчиларга ниқоб тақмасликка рухсат берилди, аммо кейин ИИВ ниқобсиз юрган ҳайдовчилар жаримага тортилишини билдирди.
 
Ёки мувофиқлаштиришнинг етарли эмаслиги ва шошқалоқликка бошқа бир мисол – Адлия вазирининг ўринбосари Худоёр Мелиев сешанба куни Тошкентда ўтказилган брифингда “Карантинга жойлаштирилган ва коронавирусни юқтирганлик гумони бўлган шахслардан вақтичналик телефонлар, аудио- ва видеоаппаратура, банк карталари ва бошқа ахборот ташувчилари”олиб қўйилишини билдирди. Унниг сўзларига кўра, бу ушбу буюмлар вирус ташувчилари бўлиши мумкинлиги билан боғлиқ.
 
Қарорни санитария-эпидемиология хизмати ёки соғлиқни сақлаш вазирлигининг вакили эмас, балки адлия вазирининг ўринбосари қабул қилаётган негадир тушунарсиз. Иккинчидан, унда нега кийим-кечак, пойабзални ечишга мажбур қилишмаяпти, жомадонлар, рюкзаклар ва сумкаларни олиб қўйишмаяпти. Ахир вирус фақат телефонлар ва банк карталарида сақланмайди-ку. Одамлар бундай баёнотдан “портлаб” кетди, десак адашмаймиз. “Аллақандай” хизматлар яна ўз фуқароларига қарши ноконституциявий ҳаракатларни бошлади деган хавф-хаьарлар пайдо бўлади, деб ҳеч ким ўйламадиям. Бу эса Мирзиёев жамоасининг, ИИВ, ДХХ, Миллий гвардия раҳбариятининг жамиятда куч ишлатар тузилмалар ва махсус хизматларнинг қонунга бўйсунадиган ва инсонпарвар образини яратиш бўйича барча саъй-ҳаракатларини йўққа чиқаради.
 
Журналистлар билан ўтказилган оддий брифинг шундай кўплаб саволларга, фуқароларда салбий эмоцияларни келтириб чиқармаган ҳолда, барҳам берган бўларди. Шу боис Комиссия таркибида ҳар куни журналистлар билан брифинг ўтказадиган ва барча долзарб саволларга жавоб берадиган ходимнинг бўлиши мақсадга мувофиқ бўларди. Журналистлар ўз ўқувчиларининг фикрини жуда яхши билади ва бу айрим қарорларга ўз вақтида тузатишлар киритиш ва одамларни ташвишлантираётган саволларга жавоб бериш имконини берарди. Табиийки, бундай учрашувларни онлайн-режимда, катта конференцияларни ўтказиш бўйича замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда ташкил қилиш мумкин.
 
Яна. Одамларнинг одатий турмуш тарзига жиддий таъсир кўрсатадиган қарорлар ҳам аҳолининг, ҳам давлат тузилмаларининг муайян бир тайёргарлигини талаб қилади. Шахсий автомобилларда юришни таъқиқлаш эҳтимол тўғри қарор бўлгандир. Аммо уни шанба куни кечқурун, яъни тақиқдан бир сутка олдин эълон қилиш керак эмасди. Шунда якшанба куни одамлар дўконлар ва бозорларга ёпирилиб бормасди, тадбиркорлар давлат хизматлари марказларига қараб югурмасди, уларнинг ходимлари эса одамларга қандай ёрдам беришни билмасдан довдираб қолмасди.
 
Давлат хизматлари марказларида юзага келган ур-йиқит шу ернинг ўзидаёқ “уч кишидан ортиқ тўпланилмасин, икки метрлик ижтимоий масофага амал қилинсин” деган карантин режимини бузди.
 
Ур-йиқит ва тартибсизлик шунинг учун ҳам юзага келдики, қарор матни, унда кўрсатилган муддатлар пухта ўйлаб чиқилмаган эди. Минглаб тадбиркорлар озиқ-овқат билан таъминлайдиган уч миллион аҳолиси бор шаҳарга рухсат берувчи стикерларни олиш учун бир суткадан кам вақт берилди. Бундан ташқари, стикер олиш учун қандай ҳужжатлар асос бўлиши ҳақида ҳам ўйлаб кўриш ва бу ҳақда эълон қилиш керак эди. Масалан, бирор-бир ошхона учун овқат етказиб берадиган курьер, эҳтимол думалоқ муҳр қўйилган тегишли маълумотномани олиб келиши керакдир. Аммо у буни якшанба куни қандай қила олади? Ахир меҳнат дафтарчаси бухгалтерда ёки энди бориб бўлмайдиган офисда бўлса.

Агар уч миллионлик шаҳар учун машиналар бир марта юриб, дезинфекцияловчи эритмани бир нечта шох кўча ёки бозорларга сепиб чиқишнинг ўзи етарли бўлса, унда “дезинфекция” деб аталувчи чора ҳам кўплаб саволларни туғдиради. Буни етарли бўлмаган чора деб аташ бошқа иложимиз қолмаяпти. Натижада, шаҳар эҳтимол турли вирусларни ўзида олиб юрувчи машиналарга тўла, кўчаларни дезинфекциялаш устидан тегишли назорат йўқ ва бу қарорлар ҳам қандай бажарилаётгани тушунарсиз.
 
Комиссияда шошилинч режимда қарорларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнининг биринчи тўлиқини ўтиб кетганига ва кейинги қарорлар пухта ўйланиб қабул қилинишига ишонишни истардик.

Икром Абдулла

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.