Коронавирус пандемияси ҳомиладор аёллар, янги туғилган чақалоқлар ва болаларга қандай таъсир қилади

Коронавирус пандемияси ҳомиладор аёллар

Халқаро журналистлар марказининг доктор Карен Котлофф – Мэриленд университети юқумли касалликлар ва тропик педиатрия бўлимининг раҳбари билан суҳбатини келтирамиз. Шунингдек Карен Котлофф университет қошидаги Вакциналарни ишлаб чиқиш ва глобал соғлиқни сақлаш марказининг клиник тадқиқотлар бўйича директор ўринбосари ҳам ҳисобланади.

Д-р Котлоффнинг қайд этишича, Covid-19 га чалинган болалар вирус тарқалган мамлакатлардаги катталарга қараганда ўзларини яхшироқ ҳис қилса-да, қашшоқлик, очлик, ОИВ, сил касалликлари кўпроқ тарқалган мамлакатларда ҳам худди шундай бўлиши ҳақида гапиришга ҳали эрта.

«Бошқа вирусларга қарайдиган бўлсак, минтақавий фарқлар мавжудлигини ва ОИВ ва очлик каби омиллар иммун тизимига салбий таъсир кўрсатиши натижасида, болаларда касалликнинг оғир шакли ривожланишини биламиз. Аммо Covid-19 вируси билан ҳам шундай бўладими ёки йўқми – буни билмаймиз. Биз ҳақиқатдан ҳам очлик энг катта муаммо ҳисобланган Африка ва Осиё каби жойларда нималар бўлишини билмаймиз», – дейди доктор.

Нега болаларда катталарга қараганда Covid-19 асоратлари камроқ кузатилади?

Тўғрисини айтганда, биз ҳануз нега шундай бўлишини билмаймиз. Биз болаларнинг иммун реакциясида инфекцияга нисбатан тафовут борми деган саволни берамиз.

Вирусга чалиниб, кейин соғайиб кетган болаларда касалликнинг узоқ давом этувчи оқибатлари бўлиши мумкинми?

Бугунги кунда вирусни юқтирган болаларнинг кўпчилиги касалликнинг енгил шаклига эга. Фақат 10 фоизга яқин бола унинг оғир шакли билан касалланган. Инфекциядан вафот этган болалар сони эса айни пайтда нисбатан кам. Болалар касалликни асосан яхши ўтказмоқда. Бу яхши янгиликларимиздан бири. Аммо касалланиб соғайган болалар билан келсучида нималар бўлиши мумкинлигини билиш учун ҳозир бизда етарлича маълумот бор деб ўйламайман.

Аҳоли зич жойлашган мамлакатларда вирус тарқалишини қандай назорат қилишимиз мумкин?

Одамдан одамга юқадиган инфекциялар билан бирга ижтимоий контекстни ва сиёсий контекстни ҳам инобатга олишингиз керак. Африкадаги қишлоқ жойларда 200 киши битта умумий ошхонадан овқатланадиган оилалар бор. Бундай муҳитда ижтимоий изоляция ишламайди. Агар вирус Африкада тарқалишни бошласа, биз вирусга қарши қандай курашиш ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз ва бунда қўллаш мумкин бўладиган сиёсат ва процедураларни ишлаб чиқишимиз керак бўлади. Бундай вазиятда вакцина ёки профилактиканинг бирор-бир тури бунга жавоб бўлишига умид қиламан.

Қочоқлар лагерларидаги ва бошқа одамлар тўлиб кетган пунктлардаги болаларга вирус қандай таъсир қилиши мумкин?

Мен АҚШда қўриқланадиган муҳожирлар сақланадиган жойлардан жуда ташвишдаман. Бу ҳаммани хавф остига қўядиган “портлаш” даражасидаги вазият бўлиши мумкин. Худди шу нарса қочоқлар лагерларига ҳам тааллуқли. Бундай вазият энг маъқул иш – бу уларга кўпроқ совун ва сув бериш ҳамда уларни иложи борича ажратиш (улар 2 метр қоидасига амал қилиши керак).

Ҳомиладор аёллар хатар гуруҳига кирадими?

Биз бир вақтнинг ўзида респиратор вирус ҳам ҳисобланган грипп каби айрим инфекциялар ҳомиладор аёлларга юқишини биламиз.
SARS пайтида ҳомиладорлик салбий якунланиши хавфи юқори эди. Айни дамгача Covid-19 ҳомиладор аёлларга жиддий таъсир кўрсатганини кўрганимиз йўқ. Муддатидан олдин туғилган болалар бўлди, аммо биз муддатидан олдин туғилган болалар сони ошган-ошмаганини билмаймиз. Буни аниқлаш учун вақт керак бўлади.

Ҳомила-чи?

Ҳозирча вируснинг онадан ҳомилага ўтишига тасдиқлар йўқ.

Ҳомиладор аёл алоҳида эҳтиёт чораларини кўриши керакми?

Эҳтиёт чоралари қолган бошқа одамлардаги каби, яъни ўзини-ўзи изоляциялаш, тез-тез қўлларни ювиш.

Вирусни юқтирган аёллар фарзандларини кўкрак билан эмизишлари мумкинми?

Аксар ҳолларда кўкрак билан эмизиш афзалликлари эҳтимолий таваккалдан устун туради. Агар аёл вирусни юқтирганлигини билса ёки шундай деб ўйласа, унда у кўкрак билан эмизишда давом этиши мумкин, аммо у эҳтиёт чораларини кўриши ва оғзи ва бурнини ёпиб турадиган ниқобни тақиши зарур.

У болага тегинишдан олдин қўлларини яхшилаб ювиши керак. Муқобил сифатида – сут сўриш қурилмасидан фойдаланиш мумкин. Ушбу жараён давомида аёлнинг қўллари тоза, бурни ва оғзи ниқоб билан ёпилган бўлиши лозим.

Гўдаклар Covid-19 вирусига тестдан ўтказилган ҳолатлар бўлдими?

Йўқ, улар ҳомиладор аёллар каби тестдан ўтказилмайди. Айрим штатларда диагностика тестлари етишмовчилиги мавжуд. Айни пайтда АҚШда талаб бўйича тестдан ўтказиш тавсия этилмаяпти.

Болалар учун вирусдан махсус вакцина ишлаб чиқиладими?

Бу бутун аҳоли учун вакцина бўлади. Мен катталар учун хавфсиз бўлган, болалар учун эса хавфсиз бўлмаган вакцина ишлаб чиқилганини эслолмайман. Аммо биз вакцина катталар учун хавфсиз бўлиб чиқмагунича, болаларни тестдан ўтказмаймиз.

Вакцина қачон ишлаб чиқилиши мумкин?

Вакцинадан [аҳоли учун] фойдаланиш имконияти пайдо бўлиши учун камида 12-18 ой вақт керак бўлади, деб айтган бўлардим.
 
Болалар учун самарали бўлган бирор-бир даволаш методлари мавжудми?
 
Биз ҳозир қандай муолажа самарали эканини билмаймиз. Мен ота ёки она хлорохин (безгакка қарши дори) харид қилиб, уни болага беришини тавсия қилмаган бўлардим. Бу ножўя самараларга эга бўлиши мумкин, бунинг устига бу дори токсик ҳисобланади. Даволаш ишлари касалхонада олиб борилиши керак.

Ота-оналар қандай қилиб изоляция даврида фарзандларининг соғлиғини ушлаб туришлари мумкин?

Топқир бўлинг. Маълум маънода ота-оналар аввалгига қараганда ўз фарзандлари билан кўпроқ вақт ўтказишлари мумкин. Болаларнинг дўстлари билан алоқаларини ижтимоий тармоқлар ёрдамида ушлаб туришнинг жуда ижодий усуллари мавжуд деб ўйлайман. Онлайн тарзда ўтказиладиган кўплаб ўйинлар бор. Агар фарзандингиз фаол, бирор машғулот билан банд ва бахтли бўлса, бу ҳақиқатдан ҳам ёрдам беради.
 
Ота-оналар ўз фарзандлари билан коронавирус пандемияси ҳақида қай тарзда суҳбат қуришлари  мумкин?

Болалар худди губкага ўхшайди, улар ота-онанинг безовталигини дарров сингдириб олади. Ота-она ўз фарзанди билан бевосита суҳбат қуриши ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашига ишонтира олиши керак.

Болаларга фактларни тушунтириш жуда осон: уйда қоламиз, аммо бу фақат чекланган муддатга, вақти келиб, бу ҳолат тўхтайди.

Ўсмирлар-чи?

Ўсмирлар аслида ота-оналар учун мураккаброқ вазифа деб ўйлайман. АҚШда ўсмирлар бир жойга тўпланишда давом этмоқда. Биз ўсмирларга вирус хавфи ҳақида етказишнинг самарали усулларини топишимиз зарур. Бу муаммо ҳисобланади, чунки ўсмирлар ижтимоий бўлишга “дастурлаштирилган”.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.