Коронавирусдан вафот этган шифокорнинг қизи: “Ўртасаройда шифокорлар учун шароитлар ёмон, тез-тез алмаштириладиган ҳимоя воситалари етишмайди”

Коронавирусдан вафот этган шифокорнинг қизи: “Ўртасаройда шифокорлар учун шароитлар ёмон

Коронавирусдан жон берган шифокорнинг қизи Шаҳноза Хасанова Daryo.uz мухбирига интервью берди. Қуйида суҳбатдан парчалар келтирамиз.
 
Унинг сўзларига кўра, 14 июнь куни Алишер Уралов Ўртасаройдаги карантинга олинган беморларга қараш учун ишхоналари томонидан мажбурий жўнатилган.

Отам ишдан қочмасдилар. Ёшлари катта, гипертония, қандли диабет, оғир вазнда бўлганлари учун ҳам касалликни оғир ўтказиши мумкин бўлган хавф гуруҳида эдилар. Икки марта рад жавобини берганлар. Лекин кадрлар бўлимининг ‘бормасангиз, ишдан ажраласиз’ деган гапи ортидан боришга мажбур бўлганлар — ишларини жуда яхши кўрардилар-да.
  
Ўртасаройда шифокорлар учун шароит яхшимас. Тез-тез алмаштириладиган ҳимоя воситалари етмаётганини айтгандилар. Отам менга расм жўнатганда ‘қўлқоп ва бахилам йўқ’ деганлар. Хуллас, борганларидан тўрт кун ўтиб иситмалари чиқа бошлаган. Коронавирусга тест топширганларида юклама кўплиги учун СЭС жавобни куттирган. 20 июнь куни тест жавоби мусбат чиққан. Одатда қатъий ташхис қўйиш учун қайта-қайта текширилади. Яна иккинчи тестнинг жавобини кутишган.
 
21 июнь куни отам билан бирга ишлаётган ва бир хонада ётган шифокор Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси штабига икки томонлама пневмония ташхиси билан сигнал хати жўнатган. Тез ёрдам машинасига жойлаштирган. Аҳволлари оғирлашган. Вирусга шубҳа остида ўзларининг карантин зонага айланган ишхоналарига олиб боришган. Энг даҳшати, ўша ўзлари ишлайдиган Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси отамни қабул қилмаган, ‘жой йўқ’ деб ‘отказ’ берган. Вақт йўқотилган. Ҳозир бўлса ишхоналаридаги ходимлар ва раҳбарлари ҳам ‘биз отангизнинг касал бўлганини билмагандик’ дейишяпти.
 
Отам ўшандан кейин Зангиотадаги юқумли касалликлари шифохонасига жўнатилганлар. У ерда тайинли тиббий ёрдамни ололмадилар. ‘Ҳамма менга қарашдан қўрқяпти’, деб ҳансираб, оғир аҳволда телефон қилганлари қулоқларимда жаранглаб турибди, опа… Шунинг учун ўлим тез содир бўлди. Отам ‘Литературний’даги юқумли касалликлар шифохонасида вафот этдилар. 26 июнь куни отамни СЭС ходимлари ёрдамида ерга қўйишди…
  
Фотиҳага келган ҳамширалар ‘ахир жой бор эдику, нега ўзимизнинг врачни киргазишмади?’ дейишяпти. Нега отамнинг ҳамроҳ касалликлари кўп бўлса ҳам, истамасалар ҳам босим билан Ўртасаройга жўнатишди? Нега шахсий ҳимоя воситалари билан тез-тез таъминлаб турилмади? Нега коронавирус аниқланганидан сўнг салоҳиятли, тўғри даволай оладиган шифохонага жўнатилмадилар? Нега?».
 
28 июнь куни туш пайти Алишер Ураловнинг ўлими ССВ томонидан эълон қилинмаган эди. Ҳолбуки, ўлим ҳолати икки кун аввал бўлган. Шундай бўлса-да бироз вақтдан сўнг ижтимоий тармоқларда шифокорнинг ўлими расман эълон қилинган.
 
Касби шифокор бўлган бу қиз бошқа докторларни ҳам мажбурий босим билан, ўзлари истамаса-да вирус ўчоқларига жўнатилаётганини, юборилаётган шифокорларнинг ёши ва саломатлиги умуман инобатга олинмаётгани, боргач эса керакли таъминот йўқлиги туфайли коронавирус инфекциясини юқтириш хавфи юқорилигини тушунтиришга уринди, – деб ёзади Дарё мухбири.
 
У Алишер Уралов билан Ўртасаройда битта хонада яшаган ва бирга карантин зонасида хизмат қилган, ҳозир ўзи ҳам қатъий карантинда бўлган шифокор билан суҳбатлашади.
 
«Ҳақиқатан ҳам врачларга ‘давка’ кетяпти. Бу ерга келмаганлардан ҳам сўраб кўринг, шундай дейишади. Шахсан ўзим ҳам 54 ёшли врачман ва бу ерга мажбуран келганман. Эҳтиёжларимизга керак бўладиган нарсаларни яхши таъминлаб беришолмади. Карантинга олинган 600 га яқин фуқарога бригадамиз билан тиббий хизматни олиб бордик. 600 киши ҳаммаси вирусга чалинган эмас, лекин уларнинг бошқа касалликлари бўлади, асаб, ошқозон касалликлари, психоз кузатилади… Агар улар у ёки бу тиббий ёрдамга эҳтиёж сезса, дори-дармон таъминоти яхшимас, биз талаб қўйсак, таъминлаб беришолмади. Ҳимоя воситаларига келсак, бу ерда қизил ва яшил зоналар бор. Қаерда хизмат кўрсатишга қараб кийимлар кийилади. Шаҳноза айтганидек, шиппаклар етишмовчилиги принципиал масала эмас.

Менинг фикрим — бу ерга келадиган шифокорлар контингентини тўғри танлаш керак. Тасаввур қилинг, ишхонангизда ишлаяпсиз, шундоқ қўнғироқ қилишади-да, ярим соат вақт беришади, ‘нарсаларингни йиғ зонага борасан!’. Ҳеч қандай тайёргарлик босқичи йўқ, инструктаж йўқ, қоғозларда қолиб кетган. Келган шифокорлар вазиятни ўрганиб олгунча 2-3 кун шокда юради. Шахсан мен ўзим ўша якшанба (14 июнь куни) туғруқхонада навбатчиликда эдим. Мени навбатчиликдан олишяпти-да, бу ерга жўнатишяпти. Бу инсонийликданми? Ишхоналарда ходимларни контингентини адолат билан саралаш йўқ. 

Бу ерга шифокорларнинг ёши, соғлиғи билан ҳисоблашиб жўнатиш керак эди. Алишер ака билан 4-5 кун бирга ётган бўлсам, у кишининг касалликлари кўп экан, келмаслиги керак эди. Мен у кишини тез ёрдамда жўнатиш ишлари билан ўзим шуғулландим, телефонда штаб билан гаплашдим, кейин ҳам алоқада бўлиб турдим. Алишер Ураловда вирусга шубҳа туғилганида ўз ишхонасига жўнатилиши юридик жиҳатдан тўғри эмасдир, лекин инсонийлик жиҳатидан ишлаб турган жойи томонидан қабул қилиниши керак эди. Назаримда, у якшанбадан жумага қадар яхши тиббий хизмат ололмаган», – дейди у.

Кадрлар бўлими бошлиғидан бошқа бирорта раҳбар марҳумнинг қизидан кўнгил сўраб қўймаган. Шаҳноза Ҳасанова бу ҳақда гапирмади, аммо эслатиб қўйишим керак: Президентнинг 4652-сонли қарорига кўра, беморлар билан ишлаш давомида коронавирус инфекциясини юқтириб олган тиббий персоналга 100 миллион сўм, соғлиғи тикланмаса, унинг оила аъзоларига 250 миллион сўм қўшимча тўлов берилади. Бу ҳақда раҳматли Алишер Уралов оиласига ҳали ҳеч ким оғиз очганича йўқ, – дея қайд этади мухбир.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.