Коронавирусни юқтирмаслик учун юзаларни қандай дезинфекциялаш керак
Вирус маиший буюмларга осон ўтириб қолади: жарроҳлик қўлқопларида у 8 соатгача яшайди, қоғоз, пластик, ёғоч ва шишада – 4-5 кун. Энг кўп ишлатиладиган маиший буюмларга совутгич, микротўлқинли печ, стол ва стуллар, эшиклар ва шкафларнинг тутқичлари ҳамда телевизор пульти, телефон ва компьютер киради. Шу боис уларнинг юзаларини мунтазам равишда дезинфекциялаш зарур. Хўш, буни қай тарзда тўғри қилиш мумкин? Бу ҳақда ССВ ҳузуридаги СЭС агентлиги Эпидемиологик мониторинг ва профессионал тадбирларни ташкил қилиш бошқармасининг етакчи мутахассиси Муқаддас Хўжақулова билан суҳбатлашдик.
Юзаларни қай даражада тез-тез артиш керак?
Ҳар куни (мунтазам тозалаш ишлари оралиғида). Юзаларга иложи бўлса ҳар сафар фойдалангандан кейин тез-тез ишлов бериш лозим.
Нима билан ишлов бериш керак? Антисептик биланми? Агар у йўқ бўлса-чи?
Уйдаги юзаларни яхшиси совунли эритмалар билан ишлов берган маъқул. Кўпроқ самарага эга бўлиш учун махсус ювиш воситалари, спирт асосидаги антисептиклар, дезинфекцияловчи воситалардан фойдаланиш мумкин. Бунда ҳидсиз, аллергик реакцияни келтириб чиқармайдиган ва болалар учун хавфсиз бўлган воситаларни танлаш тавсия этилади.
Юзаларга ишлов бериш учун қўлқоп керак бўладими?
Ҳа, ишловни бир марталик қўлқопларда амалга оширишни маслаҳат беришади. Аммо уйда бундай қўлқоплар бўлмаса, резина қўлқоплардан фойдаланинг. Муҳими, ваннахона ва ошхонани тозалаш учун битта қўлқопдан фойдаланмаслик керак. Бир жуфт қўлқопдан фойдаланиш тозалаш ишларининг самарадорлигини бир неча бараварга оширади. Шунингдек қўлқопларнинг ўзини ҳам дезинфекциялашни унутманг. Буни тозалаш ишларининг якунида қилиш керак, уларни совунли сувда ювиш мумкин.
Ишлов бериш ишларини нимадан бошлаш лозим?
Энг узоқ хоналардан бошлаб ванна ва ҳожатхона билан якунлаган маъқул. Дераза, эшик, шкафлар, маиший техника тутқичларига ва ўчириб-ёқиш мосламаларига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Кранлар ва унитазга сув оқизиш тугмачаларини ҳар куни зарарсизлантириш тавсия этилади. Барча юзаларга, шу жумладан майда буюмларга яхшилаб ишлов беринг.
Тушунарли, яна нималарни билиб қўйган маъқул?
Қўлқопларни ечгандан кейин қўлларни ювиш зарур.
Шарҳлар