Коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди

Коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди

ДХХ ва Прокуратура органлари томонидан коррупция ва фирибгарлик билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, Тошкент вилояти туманларидан бирида хоким ўринбосари вазифасида ишловчи шахс тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога 10 гектар бўш ер майдонини 60 минг АҚШ долларига сотишини ва тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб беришини билдириб, ундан 25 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бундан бир оз муқаддам эса ушбу мансабдор шахснинг жиноий алоқаси бўлган фуқаро ҳам 1 гектар унумдор ер майдонини 100 минг АҚШ долларига сотган вақтида ушланган эди.
 
Шунингдек, ДХХ ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Тошкент вилоятида жойлашган Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисмлардан бирида хизмат қилувчи майор унвонидаги ҳарбий хизматчи шартнома асосида ҳақиқий ҳарбий хизматга қабул қилинишига ёрдам бериш эвазига маҳаллий фуқародан 3 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.

Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида у муқаддам бошқа бир фуқарони шартнома асосида ҳақиқий ҳарбий хизматга чақирилиши учун ёрдам беришни ваъда қилиб, 700 АҚШ доллари олганлиги ҳам маълум бўлди.
 
ДХХ ходимларининг Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент вакиллари билан ҳамкорликда ўтказган навбатдаги тезкор тадбири давомида Ўзбекистон давлат консерваторияси қошидаги Иқтидорли болалар академик лицейи катта ўқитувчиси ўзганинг ишончига кириб, ундан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

У ушбу пул маблағи эвазига муқаддам мазкур лицейда ўқиган фуқарони юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Ўзбекистон давлат консерваториясига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган.
 
Яна бир қонунбузилиши ҳолати Хоразм вилоятида қайд этилди. Хусусан, Урганч туманида истиқомат қилувчи тадбиркор ўзига тегишли бўлган автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчасини реконструкция қилиш йўли билан уни автомобилларга сиқилган газ тўлдириш компрессор станциясига айлантириш учун тегишли ҳужжатларни вилоят ҳокимлигига тақдим этади.

Бироқ, унинг масаласи ҳал этилмаганлигидан хабар топган “уддабурон” кимса ҳокимият идораларидаги танишлари орқали унинг муаммосини ҳал қилиб беришини айтиб, эвазига 45 минг АҚШ доллари сўрайди.

ДХХ Хоразм вилояти бошқармаси ва вилоят прокуратураси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур шахс тадбиркордан 44 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
 
Ҳозирда аниқланган барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.