МАМЛАКАТИМИЗДА МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТИЗИМИДА КАСБИЙ ҚАЙТА ТАЙЁРЛОВ КУРСЛАРИ БОШЛАНДИ
Истиқболли кадрлар тайёрлаш давлат ва жамият олдида турган муҳим вазифа сифатида белгилаб қўйилган бир пайтда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Мактабгача таълим вазирлиги ташкил қилиниб, фаолият юрита бошлади. Ўзбекситон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 сентябрдаги «Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3261-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2018 йил 14 февралъ куни ўтказилган видеоселектор мажлиси ҳамда Бош вазир ўринбосарининг 2018 йил 12 февралдаги 309-сон топшириғида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг «Мактабгача таълим муассасалари учун касбий қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш тўғрисида» буйруғи эълон қилинди. Унда асосан мактабгача таълим муассасаларида малакали кадрлар тайёрлаш ва уларнинг педагогик кўникмаларини янада такомиллаштириш мақсадида юртимизда жойлашган барча педагогика йўналишига ихтисослашган Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилар семинар-тренинг курслари олиб боришга жалб этилди. Мактабгача таълим муассасаларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш мақсадида, дефектология (логопедя), амалий психология ва мактабгача таълим муассаси тарбиячиси мутахасисликлари бўйича касбий маҳоратни шакллантириш вазифа сифатида белгилаб олинди.
Юқоридаги вазифаларни ўз олдига мақсад қилган ўқув жараёнлари жорий йилнинг февралъ ойидан Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтида йўлга қўйилди. Ўқув курсларида мактабгача таълим муассаси тарбиячисининг касбий маҳорати ва компетентлиги; мактабгача педагогика; мактабгача ёшдаги болаларнинг психологик хусусиятлари; мактабгача ёшдаги болалар физиологияси ва гигиенаси асослари; нутқ ўстириш назарияси ва методикаси; математик тасаввурларни шакллантириш; жисмоний тарбия; табиат билан таништириш ва тасвирий фаолиятга ўргатиш методикаларини тингловчиларга етказиш жараёнида назарий ва амалий машғулотлар ташкил этишда интерактив усуллардан самарали фойдаланиш усуллари каби кўникмалар бериб борилади. Олий таълим муассасасини битирган мутахассислик ва номутахасислик йўналишларидаги барча педагогик қобилятига эга шахслар семинар жараёнларига 4 ой давомида қатнашишлари мумкин.
Белгиланган вазифаларнинг барчаси Ўзбекистон келажаги бўлган ёшларнинг билим ва тажрибага эга бўлишида, психологик ёндашувлар асосида мактабгача таълимни чуқурлаштириб, муносиб кадрлар тайёрлашдан иборатдир.
Шарҳлар